ТРАНСПОРТ ВОСИТАСИНИ БОШҚАРИШДА ЛОЗИМ БЎЛГАН ОДОБЛАР.

Ислом шариати йўл ҳаракати қоидаларига – ижтимоий қоидалар сифатида қарайди ва унга риоя қилишга буюради. Йўл ҳаракати қоидаларига риоя этиш шариатнинг қуйидаги мақсадларига етишга хизмат қилади:
Унга амал қилган ҳар бир ҳайдовчи ўзини ҳаётини, оиласини, мол-мулкини ҳимоя қилади.
Транспорт воситасини бошқаришда ҳайдовчи риоя этишлари лозим бўлган кўплаб одоблар мавжуд.
Энг муҳим вазифа шуки – инсон машинада юрганида ўзи ва ўзгаларни хатарга қўймаслиги, пиёдалар, йўловчилар ва бошқа ҳайдовчилар ҳаётига хавф солмаслиги керак. Бунинг учун эса йўл ҳаракати иштирокчиларининг барчаси йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя қилишлари лозим бўлади.
Қоидани бузиш эса – бошқа бир йўл ҳаракати иштирокчиси ҳаққини поймол қилиш ва унга зулм қилиш эканлигини ҳар доим ёдда сақлаш керак бўлади.
" Исломда миниладиган ҳар-бир воситаларга алоҳида эътибор берилади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари яшаган вақтда миниладиган барча уловлардан яроқли ҳолда фойдаланишга, яхши парвариш қилишга буюрганлар. Шундай экан ҳайдовчига энг ката эслатма шуки, транспорт воситаси йўлга яроқли бўлишини назорат қилсин.
Шу билан биргаликда ҳайдовчи шахс ҳам уни ҳайдашга лаёқатли, билимли бўлиши шаръан вожиб. Яъни ҳайдовчи ўзи минмоқчи бўлган транспорт воситасини ҳайдашга айни вақтда ақлан ва жисмонан лаёқатли бўлиши ҳамда керакли билим ва тажрибага эга бўлиши лозим. Акс ҳолда, у ўзининг ҳам, бошқаларнинг ҳам ҳаётини хавф остига қўйиши муқаррар. Бу эса шаръан ҳаром ҳисобланади. Шундай экан ҳайдовчи транспорт воситасини безарар, бошқаришига тўла ишончи бўлмаса, айниқса, беморлик вақтида, мастлик ҳолатида, сезгирлик ва эътиборни сусайтирадиган дори-дармонлар таъсирида, йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид соладиган даражадаги чарчоқлик ва уйқусираган ҳолатида транспорт воситасини бошқариш шаръан жоиз эмас.
Ҳозирги кунда соҳа мутахассисларининг таъкидлашича, бахтсиз ҳодисаларда энг кўп айбдорлар ёш ҳайдовчилардир. Уларнинг яхши ўқишлиги билим, кўникма ва тажрибага эга бўлиши талаб этилади.
Бу борадаги масъулият–энг аввало ҳайдовчиларнинг ўқитиш тизимидаги масъулларнинг зиммасидадир.
Буни ҳар доим ёдда сақласинларки: Ҳайдовчиларни тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш бўйича зиммаларидаги вазифаларини виждонан бажаришлари, етарли билим ва малакага эга бўлмаган ўқувчиларга ҳайдовчилик гувоҳномасини бермасликлари лозим. Акс ҳолда малакасиз ҳайдовчининг содир этаётган йўл бузарликларига бу дунёда ҳам, Қиёматда ҳам тегишли тарзда жавобгар бўладилар. Ҳадисда таъкидланганидек:
“Барчангиз қўл остингдагиларга масъулсизлар” Имом Бухорий ривояти.
Шу билан бирга йўллардаги пиёдалар ҳам йўл ҳаракатида ўз ҳаётларини хатарга қўймасликлари талаб этилади. Пиёдалар йўлаклардан ёки пиёдалар йўлкасидан, фақат улар бўлмагандагина эҳтиётлик билан йўл ёқасидан юришлари, йўлнинг қатнов қисмини пиёдалар ўтиш жойларидан, шунингдек ер ости ва ер усти ўтиш жойларидан, улар бўлмаганда эса чорраҳаларда тротуар чизиқлари ёки йўл ёқаси бўйлаб кесиб ўтишлари керак. Ушбу қоидаларни бузиш инсоннинг била туриб ўз ҳаётини хатарга қўйиши ҳисобланиб, бундай иш қилган мусулмон шариат нуқтаи назаридан гуноҳкор бўлади.
Йўл одобларидан яна бири бу:
Ўзаро эҳтиром кўрсатиш ва ҳурмат билан муносабатда бўлиш ҳисобланади.Шундай экан автомабил бошқарувида, кўчаларда юрганимизда ҳар-биримиз меҳрли-оқибатли, одобли бўлайлик.
Аллоҳ таоло барчамизни йўллардаги хатарлардан паноҳида асрасин! Йўл одобларига амал қилишни бизга осон қилсин! Ўзаро аҳл-иноқ бўлиб яшашни муяссар айласин!
Кенжабек Солиев,
Чуст тумани "Ғойибэронлар" жоме
масжиди имом-хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022