УМРА САФАРИ ОЛДИДАН

Аллоҳ таоло, одамлардан йўлга қодир бўлганларига Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилмоқ божибдир, кимки куфр келтирса албатта, Аллоҳ оламлардан бехожатдир (деган). Ушбу ояти карима ила ҳаж ибодати фарз бўлган. Оятнинг маъносидан кўриниб турибдики, ҳаж ва умра ҳаммага ҳам фарз бўлавермайди. Балки, йўлга қодир бўлганларга фарз бўлади. Улар кимлар? Соғлиги яхши, бориб келишга оиласидан орттирган маблағи бор, йўлида хатари йўқ одамлардир. Умму Салма розиаллоҳу анҳо ривоят қиладилар: “Аллоҳнинг мехмонлари 3 тадир. 1. Ғозий, 2. Хожи, 3. Умра қилувчи”. Ҳадисдан кўриниб турибдики, ҳаж ва умра қанчалик улуғ ибодат эканлиги ва ҳар бир зиёратчи уларнинг қадрини англаб етмоғи керак.
Қуръони каримда ҳаж сурасининг 27-оятида Иброхим алайхиссаломга Аллоҳ таоло буюриб деди “Одамлар ичида ҳажга чорлагин, улар сен томон пиёда ва хар қандай туя усида узоқ йўллардан келурлар”.
Аллоҳнинг амрига кўра Каъбатуллохни барпо этган Иброхим алайхиссаломга одамларга ҳажни фарз эканини эълон қилиб ҳажга чорлагин, улар сенинг даъватинга жавобан олис-узоқ жойлардан пиёда юриб бўлса ҳам, озғин ҳолдан тойган туяларда бўлса ҳам келсинлар! Ибни Касиб шундай деганлар: “Аллоҳ таоло эй Иброхим сенга бино қилишга буюрганимиз ушбу байтни ҳаж қилишга одамларни чақиргин” деганида Иброхим алайхиссалом дедилар: “Эй Аллоҳим мен буни қандай етказаман, ахир овозим етмайдику”, шунда у кишига айтилди: “Сен уларни чақиравер, етказиш эса биздандир”. Сўнгра, Иброхим алайхиссалом Сафо тепалигига чиқиб, шундай дедилар: “Эй одамлар дархақиқат парвардигорингиз ушбу уйни сизлар учун танлади, демак уни ҳаж қилинглар!!!”. Шунда тоғлар пастлади ва унинг овози ер юзи бўйлаб тарқалди. Бу эшитган одамлар унга ижобат қилиб, “Лаббай каллоҳумма лаббайк” деб БАЙТУЛ ХАРОМ сари кела бошладилар. (Тафсир ибн Касир 5-жилд 410-бет).
Азиз юртдошлар! Дам олиш ёки саёҳатга бормаяпсиз. Сиз Аллоҳнинг Ислом умматига фарз қилган ибодатини адо этиш, Парвардигорга яқинлик ҳосил қилиш, гуноҳлардан фориғ бўлиш учун боряпсиз. Шу сабабли сафар олдидан умра ибодати арконларини, зиёрат чоғи бажариладиган амалларни ва ўқиладиган дуоларни, эҳромда бўлганда нималар тақиқланганини яхшилаб ўрганиб олинг. Жўнашдан олдин вужудингизни, қалбингизни батамом поклашга ҳаракат қилинг. Руҳингизни умра ибодати қийинчиликларига, у ерда дуч келинадиган машаққат ва синовларга тайёрланг. Кетиш олдидан оила аъзолари, қариндош-уруғ, ёру-дўстлар билан яхши сўзлар айтиб хайр-хўшлашинг. Аразлашган ёки уришиб қолган яқинларингиз билан ярашиб, узр сўранг. Қарзингиз бўлса, узишга ҳаракат қилинг. Умра пайтида аҳамият берилиши ниҳоятда зарур бўлган икки муҳим нарса бор - интизом ва сабр. Кимда ана шу хислатлар бўлмаса, у ўзининг ҳам, бошқаларнинг ҳам ибодатига зарар беради. Кимдир ибодат чоғида билмай озор етказиб қўйиши мумкин. Шунда сиз кечиримли, сабрли бўлинг. Бирор кишини оғринтириб қуйсангиз, дарров узр сўраб, кўнглини кўтаринг. Сафардан қайтгач, умра пайтида Аллоҳга берган ваъдаларни унутиб, яна ғафлатда, гуноҳ ишларга боришдан ўзингизни сақланг. Мақбул бўлган умранинг аломати сафардан кейин одамнинг яхши томонга ўзгариши, ёмон одатларини тарк этишидир. Аллоҳ таоло барчамизнинг ибодатларимизни Ўзи қабул айласин!
Улуғбек Раҳматуллаев,
Учқўрғон тумани
“Абдулҳамид хожи Абдурахмон ўғли”
жоме масжиди имом-хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022