Қоронғи режим
Image
Logo
У ЗОТНИНГ ХУЛҚЛАРИ ҚУРЪОН ЭДИ..

У ЗОТНИНГ ХУЛҚЛАРИ ҚУРЪОН ЭДИ..

(2-қисм)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дуо қилар эдилар: "Эй Аллоҳим!  Хилқатимни гўзал қилганинг каби, хулқимни ҳам гўзал қил!". Аллоҳ таоло хилқатимизни, хоссатан қоматларимизни тик қилиб яратди. Айрим ҳайвонларга ўхшаб эмаклайдиган, ёки илонга ўхшаб судралиб юрадиган, ёки дейлик қуёнга ўхшаб сакраб қадам ташлайдиган қилиб яратмади. Балки, гўзал кўринишда, ҳар томонлама мукаммал мавжудот қилиб халқ қилди. Қуръони карим Тийн сурасининг 4 оятида шундай марҳамат қилинади: "Батаҳқиқ, биз инсонни энг яхши суратда яратдик". Яъни, Аллоҳ таоло инсоннинг жасадини ҳам, ақлини ҳам, руҳини ҳам энг яхши ҳолатда яратди. Демак, бундан кўриниб турибдики, инсон Аллоҳ таоло яратган жонзотлар ичида бетакроридир. Аллоҳ буни Ўзи васф қилмоқда. Айнан мазкур дуода бу нарсани банда томонидан изҳор қилиш бор. Аллоҳ таолонинг Холиқ, яъни Яратувчи деган сифатини гўзал тасвирлаш бор, дейди уламолар. Мана шу тасвир ортида эса банданинг, яъни бизларни қуллик қилишимиз, бандаликни изҳор қилишимиз, қолаверса Аллоҳнинг гўзал сифати билан мадҳ қилиб, Унга ёлвориш бор. Бунинг таълимотини бизга Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам баён қилганлар. Чунки, қайси бир дуода, ёлвориш бўлса, илтижо, нола бўлса, бандаликни, инсон ўзини ожизу-нотавонлигини изҳор қилса ва шу аснода сўралаётган Зотни гўзал сифатлар билан мадҳ қилса, уша дуо ижобат бўлишига топиладиган сабабларни мужассам қилган бўлади.

Нима учун хулқни гўзал бўлиши сўралмоқда? Чунки гўзал хулқ энг аввало Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мақталган сифатдир. Аллоҳ таоло Қуръони карим Қалам сурасининг 5-нчи оятида шундай марҳамат қилади: "Ва албатта, (эй Муҳаммад алайҳиссалом) сиз буюк хулқ узрадирсиз". Яъни, Оламларнинг Роббиси бўлмиш Зот, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни хулқларини буюк деб турган бўлса, бандаларнинг берадиган таърифи, эътирофининг аҳамияти қанчалар бўлиши мумкин. Яъни, биз ишлатиб турган сўзлар ичида Аллоҳ таолонинг бу эътирофига тенг келадиган бирон жумла йўқ, дейди уламолар. Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқлари башарият ичида энг гўзалидир. Биз шу зотнинг умматимиз деб, даъво қиляпмизми, у зотга эргашишимиз лозим. Биз қачонки, юриш туришимиз, одобимиз, хулқимизни мўминга хос ва мос бўлган қолипга солиб олсак, шундагина кўзланган натижага эришган бўламиз.

Қодиржон Умурзаков
Поп тумани "Муҳаммаджон қори"жоме
масжидининг имом-хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг