Қоронғи режим
Image
Logo

ВАТАННИ ҲАМ БАНДАНИ УСТИДА БИР НЕЧА ҲАҚЛАРИ БОР.

ВАТАННИ ҲАМ БАНДАНИ УСТИДА БИР НЕЧА ҲАҚЛАРИ БОР.

Инсоннинг Ватани олдида бир неча ҳақ ва вазифалари бор. Уларнинг энг муҳимлари учта:

1) ўз Ватанига чин муҳаббат қўйиш;

2) Ватанини обод этиш. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

“У сизларни ердан пайдо қилди ва унга сизни ободлиги учун қўйди”(Ҳуд сураси, 61-оят);

3) Ватанда фасод ва бузғунчилик ишлари билан машғул бўлмаслик. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:

“Ва ислоҳ қилингандан кейин ер юзида фасод қилманг (Аъроф сураси, 56-оят).

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу билан Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб кетаётганларида орқаларига ўгирилиб,Маккаи мукаррамага қараб: 

“Агар қавмим мени Маккадан чиқиб кетишга мажбур қилмаганида, ҳечам ўз ихтиёрим билан уни ташлаб кетмаган бўлар эдим”, - деганлар. 

Демак, ватанни севиш, уни соғиниб яшаш инсоният фитратида мавжуд бўлган нозик ҳисдир. Бирор сабаб билан ватанини ташлаб, бошқа юртларга кетган кимса энг оғир дамларида уни қумсаб, кўз олдига келтириши ва туғилиб ўсган замини хақида бирор қайғули хабар эшитганда қалбан эзилиши ҳам ватанга бўлган муҳаббатнинг белгисидир. 

Аллоҳга шукрлар бўлсинким, ота-боболаримизнинг асрий орзулари мана бу кунларда ушалиб турибди. Ҳар биримиз ҳур ва эркин, ўзимизнинг еримизга ўзимиз эгалик қиламиз, ўтмишимиз тарихи ҳақиқатлари рўёбга чиқаяпти ва энг асосийси иймонимиз, динимиз ўзимизга қайтди. Шўролар даврида халқимиз ўз Ватанида ғариб эди, юқоридагилар ўзларини меҳрибон қилиб кўрсатса-да, аммо ҳукм уларнинг қўлида, халқимизнинг қиладиган меҳнатининг самараси бошқаларнинг дастурхонида турарди. Бугунги кунда келиб ҳар ким ўз халқи учун, ўз Ватани учун, ўз дастурхони учун меҳнат қилмоқда.

Бобо калонимиз Алишер Навоий айтганларидек:

Ғурбатда ғариб шодмон бўлмас эмиш

Эл анга шафиқу меҳрибон бўлмас эмиш

Гар олтин қафас ичра қизил гул бутса

Булбулга тикондек ошён бўлмас эмиш

Ватан ҳар бир инсон учун энг қадрли ва энг суюкли бўлган даргоҳдир.  Мусулмон ўзи учун қадрли ва суюкли бўлган, унинг бағрида киндик қони тўкилиб туғилган, у жойда тарбия топган, болалик, ёшлик ва ўсмирлик чоғларини эслатиб турадиган, ўзи учун яшаш маскани бўлган, ота-она, қавм-қариндош ва дўсту-ёрлари билан ҳаёт кечирган жойга барча нарсасини тақдим қилишга тайёрдир.

Шайх Муҳаммад Ғаззолий айтган эканлар: “Инсон ўз ерини ундаги нарсалари билан, гарчи у жой одам яшамайдиган саҳро бўлса ҳам севади. Ватанни севмоқлик қалбдаги асл, туғма табиатдир. Туғма табиат инсонни ватанида яшаб турганда хотиржам, ундан йироқда бўлганда соғинадиган, унга ҳужум қилинганда уни ҳимоя қиладиган, унга ҳурматсизлик қилинганда ғазабланадиган қилиб қўяди.”

Ёши улуғларимиз дуога қўл очганларида аввало юртга тинчлик элга фаровонлик тилаганлари ҳам бежиз эмас. Бинобарин, ана шу Яратгандан илтижо қилиб сўралган осойишталик бўлсагина бошқа барча орзу мақсадлар ушалади, эзгуликлар рўёбга ошади. Тинчлик бўлган жойда тараққиётга эришиш, мукаммалликка ва барқарор ҳаётга эришиш имкониятлари кўп бўлади. Аллоҳ таолодан жаннатмонанд юртимизга ҳамиша тинчлик-осудалик, элимизга фаровонлик, элу-юрт осойишталиги учун хизмат килаётганларга куч қувват тилаб қоламиз.

Муҳибуллоҳ Ҳудойбердиев,
Тўрақўрғон тумани бош имом хатиби.

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг