Қоронғи режим
Image
Logo

ЯХШИ ГАП ҲАМ САДАҚОТДИР.

ЯХШИ ГАП ҲАМ САДАҚОТДИР.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:  “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Яхши сўз садақадир”, дедилар” (Муттафақун алайҳи).

Тилнинг яхши сўзларни гапириши Аллоҳ таолонинг буюк инъомидир. Шунинг учун мўмин-мусулмонлар доимо яхши сўзларни зикр қилиб, ҳақ бўлса ҳам ёмон сўздан сақланишлари лозим. Бу борада Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Шайтонга ланат айтманглар! Унинг ёмонлигидан Аллоҳдан паноҳ сўранглар!” деганлар. Тилимиз ланатга одатланмасин. Ҳар онда иблисга, шайтонга ланат айтилса, кейин инсонларга сўнгра бошқаларнинг ота-онасига, ланат айтилади. Шунинг учун банда тилини яхши сўзга одатлантирмоғи лозим. Баъзилар яхши сўзни одат қиладилар. Натижада узр сўрашга ҳаргиз муҳтож бўлмайдилар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “…одамларга ширинсўз бўлинг…” (Бақара, 83).

Яхши сўзнинг изи қалбда боқий қолади. Ёмон сўз эса ғазабни келтириб, унинг изи нафсда бўқий қолади. Тиғ билан берилган жароҳат вақт ўтиши билан битади. Тил билан берилган жароҳат эса абадий битмайди.

ТИЛ - Аллоҳнинг улуғ неъмати, ажибу латиф санъатидир. Гарчи у жисман кичик бўлса хам итоати туфайли топадиган савоби ёхуд итоатсизлиги туфайли содир этадиган гуноҳи жуда катта. Чунки, куфр хам, иймон  хам фақат тил гувоҳлигида аён бўлади. Куфр ва иймон эса тоат ва исённинг бошланиш ҳудудларидир.

Бас, шундай экан, тил дунё ва оxиратга фойдаси бор нарсани гапирсин. Хозир ё келажакда зарари тегадиган нарсани гапиришдан тийилсин. Нима мақтовга, нима мазамматга сабаб бўлишини билганидан сўнг, гарчи оғир бўлса ҳам, билганига амал килсин. 

 Тил туфайли жуда катта xатарлар етади. Бундан сақланишнинг ягона йўли жим юришдир. Шунинг учун шариатимиз жим юришни мақтайди ва жимликка ундайди. Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Жим юрган киши нажот топади” Термизий ривояти.

  Яна Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам: “Жим юриш - хикмат. (Аммо) бунга амал килувчилар кам” деган эдилар.    

 “Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламдан сўралди: Одамларнинг жаннатга киришга нима кўпроқ сабаб бўлади? 

– тақво ва гўзал xулқ, дедилар.

   Дўзаxга киришларигачи?

– иккита бўшлик: оғиз ва фарж, дедилар

Хулоса ўрнида шуни айтамизки: Инсоният тарихига назар ташласак тил офатлари сабабли оилалар пароканда бўлган, жамиятлар, давлатлар ўртасида низо, урушлар келиб чиққан, қонлар тўкилиб, қанчадан қанча инсонларнинг ўлимига сабаб бўлган. Аслида тил қамаб қўйиш учун энг муносиб нарса ҳисобланади. Аллоҳ таоло инсонга бир тил ва икки қулоқ беришининг ҳикмати ҳам кўп эшитиб, оз гапиришда. Имом Аҳмад Ҳанбал роҳматуллоҳи алайҳи, Кироман котибийн ҳар бир сўзни ёзиб бориши ҳақидаги ҳадисни эшитганларидан кейин ҳатто касаллик даврида инграшдан ҳам сақланганлар. Биз эса тилимизга келган гапни ўйламасдан гапиравериш даражасига етиб келдик.    Аллох таъолодан сураймиз, бу ёлгончи дунё синовларидан ўзи рози бўладиган холда ўтишни хаммамизга насиб қилсин.

 

Муҳаммад Айюб Фахриддинов,
 Тўрақўрғон тумани "Исфаҳон" жоме
масжиди имом ноиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг