ЯХШИЛИК ҚИЛГАН ШАРАФ ТОПАДИ

Инсоннинг қадри у қилган иш билан белгиланади. Агар амали ва хатти-ҳаракатлари яхши бўлса, ўзи ҳам яхши бўлади. Отаси яхши бўлса ҳам, ўзи ёмон кишининг ҳеч қачон қадри бўлмайди. Дўстлари яхши кишига яхшилик ёр бўлади, чунки яхшилар инсонни яхши йўлга бошлайди.
"Экканингни ўрасан", дейди халқимиз. Бу дунё шундай, ҳисобли дунёдир. Ақллик мусулмон ўзига нимани муносиб кўрса, бошқаларга ҳам шуни раво кўради. Ёмон кўрганини бошқаларга, хоссатан ота-онасига раво кўрмайди. Инсонлик мезони шундай.
Ўзини инсон деб билган ҳар кимга яхшилик қилиш ярашади. Ёмонлик, ярамас ишлардан сақланиш инсоннинг қадр-қимматини белгилайди. Заррача яхшилик қилган инсон унинг ширин мевасини тотади, жаннатда роҳат -фароғатда бўлади. Заррача ёмонлик қилган инсон ҳам унинг жазосини олади. Бу дунёда бировга яхшилик қилмаган киши охиратда ҳам яхшилик кўрмайди. Оқил киши ҳеч кимга зарар етказмайди. Ҳеч кимга нисбатан ёмон ниятда бўлмайди. Ҳаммага юмшоқ ва мулойим муомалада бўлади. Яхшилик қилишни билади, яхшиларга ёндошади ва яхшилик қилишни хуш кўради.
Яхшилик қиладиган инсонлар қаторидан жой олиш учун Аллоҳни кўп зикр қилиш шайтонга қарши энг ишончли ва кучли қуролдир. Демак шайтоннинг васвасасига алданмаслик учун Аллоҳнинг зикрига, илм-маърифатга ошно бўлиш талаб этилади.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилади:
"Аллоҳ иймон келтирганларнинг дўстидир. Уларни зулматлардан нурга чиқарур. Куфр келтирганларнинг дўстлари тоғутлардир. Уларни нурдан зулматларга чиқарурлар. Ана ўшалар дўзах аҳлидир. Улар унда мангу қолувчидирлар" (Бақара сураси, 257-оят).
Ҳар бир инсон яхшилик қилишга шошилиши зарур, чунки ўзидан кейин йўқ бўлмайдиган нарса, қилган яхшилигидир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: "Менга сизларнинг дунёларингизда энг маъқули - Яхшилик". У зот Аллоҳнинг йўлида яхшилик қилишни, ҳамиша эзгуликка интилишни, мусулмон биродарларига ҳар ишда кўмакдош бўлишни мўминларнинг энг асосий вазифаларидан эканини таъкидлаганлар.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтган эканлар:" Яхшиликни билмайдиган кишининг нонкўрлиги сени яхшилик қилишдан асло тўсмасин, зеро, сен ҳам билмаган яхшиликни биладиганлар бор".
Иброҳим Қосимхўжаев,
Наманган шаҳар "Ғойибберди махдум" жоме
масжиди имом-хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022