Қоронғи режим
Image
Logo

ЯХШИЛИК ҚИЛИШДАН ЧАРЧАМАЙЛИК.

ЯХШИЛИК ҚИЛИШДАН ЧАРЧАМАЙЛИК.

Аллоҳ таоло ўзи суйган бандасига бир гўзал хислат беради. Бу хислат ўзгаларга яхшилик қилиш, одамларга меҳр улашиб, ҳар доим элу юртга фойдаси тегаётганидан завқ олиб яшашдир.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “(Мухаммад), сиздан нима эҳсон қилишни сўрашса, “Нима эҳсон қилсангиз ҳам, ота-онага, қариндошлар, етимлар, мискинлар ва мусофирларга қилинг, қандай яхшилик қилсангиз ҳам, Аллоҳ уни албатта билади”, денг”  ( Бақара, 215).

Одатда, кимгадир эҳсон қилсангиз ёки озгина яхшилик қўрсатсангиз, дилингиз равшан тортади, ҳурсанд бўласиз. Сиздан яхшилик кўрган киши севинади, кўнглида сизга мухаббат уйғонади. Бу билан ўртада тотувлик, ҳурмат-эҳтиром пайдо бўлади, адолатлар барҳам топади, осойишталик барқарор бўлади. Энг асосийси, яхшилигингизни Аллоҳ таоло ўзингизга ўн баробар қилиб қайтаради. Чунки Парвардигорнинг бундай ваъдаси бор:  “Ким бир яхшилик қилса, унга ўша яхшилиги ўн баробар қилиб қайтарилади”  (Анъом, 160).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Кимга яхшилик қилиш эшиги очилса, фойдаланиб қолсин, зеро, унинг қачон ёпилишини билмайди”. 

Инсон ўзи яхшилик қилиш билан бирга, бошқаларни ҳам яхшиликка чорлаши керак. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Бир-бирингизга яхшилик ва тақвода ёрдам беринг!” (Моида, 2).

Пайғамбаримиздан соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай хадис ворид бўлган: “Мискинга қилинган садақага битта савоб, қариндошга қилинган садақага иккита савоб: бири садақа, иккинчиси силаи раҳм учундир”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Етимни қарамоғига олган киши билан мен жаннатда манна бундай ёнма –ён турамиз”,  деб кўрсаткич ва ўрта бармоқларини жуфтлаб кўрсатдилар. Демак, ҳар биримиз, яқинларимиз ва атрофимиздаги кишиларга меҳрибон, ҳимматли, саховатпеша, садоқатли бўлишимиз лозим.

Ўзаро меҳр-муҳаббатли бўлишни, яхшилик қилишни динимиз буюрган экан, бир-биримизга яхшилик қилишга ошиқайлик. Молимиз билан, кучимиз билан, ҳеч бўлмаса бир оғиз ширин сўз билан кўнгилларни обод қилайлик.

Назиржон Қўчқаров,
Наманган тумани “Умарбой хожи” жоме
масжиди имом-хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг