Қоронғи режим
Image
Logo

ЁЛҒОНЧИЛИК УЛКАН ГУНОҲ

ЁЛҒОНЧИЛИК УЛКАН ГУНОҲ

     Биз кўп ҳолларда ўзимиз билиб ёки билмасдан ёлғон ишлатамиз, ҳамда бу ёлғонларимизга эътибор бермай кетаверамиз. Биз эътиборсиз қараётган ёлғон сўз ва ёлғон қасам гуноҳларнинг энг қабиҳи, айбларнинг энг ёмонидир.

        Бу ҳақда Расули акрам шундай деганлар: “Шак йўқки, ёлғон мунофиқлик эшикларидан биридир” (Ибн Адий ривояти). Чунки инсон ҳаёти давомида қанча ёлғон гапирса секин-аста бу ёлғонларга кўникиб қолади ва ҳар ишини ёлғон сўзлар орқали ҳал қилади. Ҳеч бир куни бўлмайдики ёлғон ишлатмаса. Ҳатто бу ёлғонлар уни мунофиқлик даражасигача етаклайди. Ҳасан Басрий дейдики: “Мунофиқлик тил билан дилнинг, сўз билан амалнинг, ичкари билан ташқарининг хилоф келишидир. Шак йўқки, мунофиқлик ёлғон устида барпо бўлади”. Агар инсон тили ва дили бир бўлмаса, ҳақиқат қолиб ёлғон ишлатса, ҳар амалида алдамчилик бўлса, ёлғон унинг бутун танасига сингиб кетади.

         Пайғамбар алайҳиссалом дедилар: “Энг катта хиёнат шуки, сен айтган гапни биродаринг рост деб билади, сен эса бу гапинг билан уни алдаяпсан” (Саҳиҳи Бухорий). Бир инсон дўстига ишонса, дўсти эса уни алдаса бу дўстликни дарз кетиши билан бирга инсон қадрини йўқолишига ҳам сабаб бўлади. Инсон ёлғонни ҳар қандай ҳолатда ҳам тарк этмоғи лозимдир. Бу борада Ибн Масъуд  розияллоҳу анҳу Расулуллоҳнинг шундай деганларини ривоят қилганлар: “Токи банда ёлғонни тўхтатмас экан, Аллоҳнинг ҳузурида “ёлғончи” деб ёзиб қўйилади”. Биз Аллоҳнинг олдида юзимиз ёруғ бўлмоғи учун доимо ростгўй бўлишга ҳаракат қилишимиз керак.

         Пайғамбар алайҳиссалом савдолашаётган икки кишининг ёнидан ўтиб қолдилар. Улар қўйнинг нархида келишиш-а олмаётган, ҳатто қасам ичаётган эдилар. Бири: “Аллоҳга қасамки, фалон-фалон нархдан камайтирмайман” — деса, бошқаси: “Аллоҳга қасамки, фалон-фалон нархдан оширмайман” - дерди. Кейин харидор сотувчидан қўйни сотиб олди. Шунда Расули акрам: “Булардан бири гуноҳкор бўлди, унга каффорат вожиб!” – дедилар” (Абу Фатҳ ривояти). Бу ерда сотувчи ҳам, олувчи ҳам Аллоҳни номини ўртага қўйиб қасам ичмоқда. Савдо сўнгида булардан бири қасамини бузди, яни сотувчи айтган нархида сотмади ёки олувчи ўзи баҳолаган нархидан бошқа нархга сотиб олди. Шунинг учун ҳам Расулимиз улардан бири қасамини бузганлигини назарда тутиб каффорат вожиблигини таъкидламоқдалар. Ёлғон инсонни гуноҳга ботишига, балки ризқни қирқилишига ҳам сабаб бўлади.

       Ривоятларда келишича Луқмони Ҳаким ўғлига шундай деди: “Эй ўғилчам, ёлғондан сақлан. Чунки, ёлғон чумчуқнинг гўштидек иштаҳали, аммо озгина фурсатдан сўнг эгасини ўтда қовуради”. Ёлғонни гапириш тилда осон ва эшитиш қулоққа ёқимли бўлсада, бироқ натижаси аянчлидир. Ҳар қандай вазиятда ҳам ҳақиқатни гапирмоққа ҳаракат қилган яхши. Негаки ёлғон сўз эгасини шармисор қилади.

                  Фахриддин Юсупов,
    Наманган тумани бош имом хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг