Қоронғи режим
Image
Logo

ЁЛҒОНЧИЛИК ГУНОҲИ КАБИРА

ЁЛҒОНЧИЛИК ГУНОҲИ КАБИРА

Аллоҳ таоло ояти каримада дунё ва охиратда нажот топган кишиларнинг сифатини баён қилиш асносида шундай марҳамат қилган: “Улар (мўминлар) (одамларнинг берган) омонатларига ва (ўзаро боғлаган) аҳд-паймонларига риоя этувчидирлар” (Муъминун сураси 8-оят).  Омонатдорлик ва ваъдага вафо қилиш, хиёнат қилмаслик якка шахслар ҳамда жамоалар ўртасида ўзаро ишонч ришталарининг мустаҳкамланиши ва ҳамкорлик барқарорлигининг асосидир.  Мўминлик сифатини ўзимизда мужассам қилишимиз учун қандай омонат бўлмасин, уни адо қилишимиз ва берган ваъдаларимизни устидан чиқишимиз лозим. Акс ҳолда мунофиқлик аломати бизда топилиб қолади, Аллоҳ сақласин! Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Мунофиқнинг учта аломати бор. Сўзласа, ёлғон гапиради, ваъда берса, хилоф қилади ва омонат қўйилса, хиёнат қилади” (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари). Демак, мунофиқликнинг биринчи белгиси ёлғончилик экан. Ёлғончилик катта гуноҳ эканини билиб туриб, баъзилар ёлғон гапираверади. Оддий мисол: “Дадам уйда йўқ эдилар, деб қўй”, – дейди. Бундай тарбия оқибатида фарзандларимиз кичиклигидан ёлғонни ўрганиб вояга етяпти.  Ёки одамларни турли йўллар билан алдаб, фирибгарлик қилиб мол топаётганлар ҳам орамизда йўқ эмас. Ваҳоланки, Сафвон ибн Салим разияллоҳу анҳудан қуйидаги ҳадисни ривоят қилинади, “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан сўралди: “Мўмин киши қўрқоқ бўлиши мумкинми?” “Ҳа”, – дедилар. “Мўмин киши бахил бўлиши мумкинми?” “Ҳа”, – дедилар. “Мўмин киши ёлғончи бўлиши мумкинми?” “Йўқ”, – дедилар. Шундай экан, ёлғон гапириш бизу сиз мўмин мусулмонларга асло мумкин эмас.  Мунофиқликнинг иккинчи белгиси ваъда берса, бажармайди. Афсуски, кейинги пайтларда ана шундай ваъдабозлик, сўзда турмаслик ва субутсизлик тобора кучайиб бормоқда. Қоп-қоп ваъдалар берилиб, уларга вафо қилиш ҳақида эътиборсизлик кучаймоқда. Ақлли, туппа-тузук киши билан, фалон жойда, фалон соатда учрашамиз, деб шартлашасиз-у, керак бўлса, белгиланган жойда камида бир-икки соат кутасиз, ундан эса дарак йўқ. Ишингни фалон куни битказиб бераман, хавотир олма деб, ўша заҳоти унутади. Сиз бўлса, кутаверасиз ва яна кутаверасиз. Фарзандига, фалон ишни қилсанг, буни олиб бераман, деб ваъда беради-ю, вафо қилмайди. Мунофиқликнинг учинчи белгиси омонатга хиёнат қилади. Ҳар бир касб ўз эгаси учун омонатдир. Инсон бир касбни ўргандими, энди шуни яхши ишга солиб, шу орқали халққа садоқат билан хизмат қилиши керак. Агар у ўз касбига нисбатан лоқайд, бепарволик қиладиган бўлса, касбига қўл учида ёндошадиган бўлса, касб омонатига хиёнат қилган бўлади. Аллоҳ таоло барчамизни турли офат-синовлардан асраб, юртимизни тинч, халқимизни фаровон қилиб, барчамизга икки дунё саодатини насиб қилсин!

   Мансурхон Марупов,
 Косонсой тумани “Хазрати Умари Одил” жоме
масжиди имом-хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг