Қоронғи режим
Image
Logo

ЁШЛАР ТАРБИЯСИ...

ЁШЛАР ТАРБИЯСИ...

Инсоният пайдо бўлибдики, энг долзарб вазифа – ёшлар тарбияси масаласи бўлиб келган. Барча аллома, мутафаккирлар, миллатнинг зиёлилари жамият ривожи, мамлакат фаровонлиги, тинчлиг-у хотиржамлигини ёшлар тарбияси билан боғлаганлар. Бу бежиз эмас. Қаерда тарбия масаласини таълим билан, миллий қадрият, анъаналар, менталитет билан узвий боғлиқликда ҳал этишга ҳаракат қилинган бўлса, ўша жойда ривожланиш, тараққиёт бўлган. Ёшлар таълим тарбиясига эътиборизлик қилган жойда эса, инқирозлар, миллий ўпирилишлар содир бўлган. Комил инсон тарбияси ҳамма даврларда муҳим ижтимоий вазифа ҳисобланиб, яхши тарбияли инсонга жамият бойлиги деб қаралган. Инсон зийнати у эгаллаган билимлари билан ўлчанган. Ислом дини таълимотида билимли инсонлар етук деб саналса, мутафаккирларимиз қарашларида комил инсон бўлиш учун кўпгина хусусиятларни эгаллаш лозимлиги ўз аксини топганини кўришимиз мумкин.

Муқаддас ҳадисларда тарбия, одоб -ахлоқ,  қариндош, ота-она ва фарзандларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, меҳр-оқибат, ҳалоллик, поклик, адолат, инсоф, ватанпарварлик, меҳнатсеварликни тарғиб қилинган. Тарбиянинг мақсади – ёшларнинг авлоддан авлодга ўтиб келаётган миллий, диний қадриятларга йўғрилган, руҳан соғлом, жисмонан бақувват, маънан покиза тарбия топиб, комил инсон бўлиб шакллантиришдир.

Маънавий меросларнинг моддий қадриятлар билан ҳамоҳанг ривожланиши жуда кўп мутафаккирларнинг  тарихий ва адабий асарларида юксак маҳорат ила битилган, ҳамда жаҳоннинг маданият хазинасига абадий ҳисса бўлиб қўшилган. Турли ижтимоий-иқтисодий даврларда яратилган ҳадис, панднома, ривоят, ҳикоят достон, мақол, ғазал, рубоий, маснавий ва бошқа кўринишларда таълим-тарбия ва касб-ҳунар ўрганишнинг афзаллиги, ҳалол меҳнат билан яшашнинг зарурлиги тўғрисидаги фикрлар бизнинг давримизгача етиб келган.

Ватанимиз Президенти Шавкат Мирзиёев ўзининг “Миллий тараққиёт йўлимизни қатъият билан давом эттириб, янги босқичга кўтарамиз” номли асарида қуйидаги сўзларни келтириб ўтади: “Ижтимоий-маънавий соҳани янада ривожлантириш, оилаларимиз, маҳаллаларимизда, бутун жамиятимизда соғлом муҳитни мустаҳкамлаш, ёшлар тарбияси, тинч-осуда ҳаётимизни, муқаддас динимиз поклигини асраш вазифаси бугунги кунда қандай улкан аҳамият касб этаётгани ҳақида, ўйлайманки, ортиқча гапиришнинг ҳожати йўқ. Чунки, айнан шу масалалар бизнинг бугунги кунимизни, фарзандларимиз, набираларимиз тақдирини ва келажагини бир сўз билан айтганда ҳаёт-мамотимизни ҳал қилиши ҳеч кимга сир эмас.

Мамлакатимизда мустақилликнинг илк йилларидан бошлаб виждон эркинлигини таъминлаш масаласига устувор аҳамият берилди. Жумладан муқаддас динимиз, миллий қадриятларимизни, буюк ва азиз авлиёларимизнинг хотираси, меросини тиклаш, қадамжоларни обод қилиш бўйича жуда кўп ишлар қилинди ва қилинмоқда .

Айнан таълим ва маърифат башарият фаровонлигининг асосий омилларидан ҳисобланади., инсонларни эзгуликка даъват этади, саҳоватли, сабр – қаноатли бўлишга ундайди. Муқаддас ислом динимиз бизга айнан шуни ўргатади.

Ҳозирги даврда жаҳонда глобаллашув жараёнларини кундалик ҳаётимизга тез суръатлар билан ҳамма соҳаларда кириб келиши ижтимоий – сиёсий ва иқтисодий тарққиётимизда давлатлар, минтақалараро боғланишимизда ижобий таъсир кўрсатаётган бўлсада, лекин иккинчи томондан бу жараён ҳозирги шароитда мафкуравий таъсир кўрсатишнинг ўткир қуролига айланиб бормоқда.

Бу эса Ғарбдаги ҳар хил сиёсий кучларнинг манфаатига хизмат қилиб “оммавий маданият” деган ниқоб остида ахлоқий беҳаёлик, ўзини бошқалардан юқори қўйиш, ўта кетган худбинлик ғояларини тарқатишни мақсад қилиб, бошқа халқларнинг шу жумладан, ўзбек халқининг ҳам

минг йиллик маънавий-маъданий ва диний қадриятларига беписандлик қилиб, улардан воз кечишга ундамоқда.

Ҳозирги вақтгача бизнинг заминимизда туғилиб ўсган, жаҳон маданияти ва сивилизатсиясига улкан ҳисса қўшган улуғ мутафаккир алломаларимиз Имом Бухорий, Имом Термизий, Баҳоуддин Нақшбандий, Абдухолиқ Ғиждувоний,  Бурхониддин Марғиноний, Аҳмад Фарғоний ва  кўплаб буюк аждодларимиз қолдирган мерос бугун ҳам долзарблигини йўқотгани йўқ.


Мўминжон Ваҳабов,
Поп туман “Мулла Ўктам” жоме
 масжиди имом хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг