ЁШЛАРИМИЗНИ ИЖТИМОИЙ ТАРБИЯСИНИ ГЎЗАЛ ҚИЛАЙЛИК!

Ижтимоий тарбиядан мақсад – болани ёшлигиданоқ одамлар билан яхши муомала қилиш одобига ўргатиб, маънавий баркамол этиб вояга етказишдир. Бу тарбия ҳам муборак Ислом ақидаси ва чуқур имон туйғусидан озиқланади. Бундай тарбия кўрган бола жамиятда гўзал муомаласи, одоби, ақли билан ажралиб туради. Шубҳасиз, бола тарбияси ота она, мураббийлар учун муҳим масъулият ҳисобланади. Юқорида айтиб ўтилганидек, ҳар қандай тарбия имон, хулқ ва нафс тарбиясининг умумий маҳсулидир. Ижтимоий назорат ва тўғри сиёсат таъсирида тарбия топган бола ўз бурчларини бажариб, одоб қоидаларига риоя қилади. Тажрибадан маълум, жамият соғлом, кучли ва мустаҳкам бўлиши учун унинг ҳар бир аъзоси ҳар томонлама соғлом бўлиши зарур. Бу ўринда Ислом таълимотининг ижтимоий ва ахлоқий тарбиядаги беқиёс ўрнини алоҳида таъкидлаш муҳим. Устоз мураббийлар ижтимоий тарбияда катта масъулият ва ғайрат кўрсатишлари керак. Ижтимоий тарбиянинг амалий услублари нималардан иборат? Бу услуб тўрт ишда кўринади.
- Фазилатли қалбни тарбиялаш.
- Бошқалар ҳақига риоя қилиш.
- Умумижтимоий одобларни ўргатиш.
- Назорат ва ижтимоий танқид.
Ислом яхши тарбия қоидаларини катта кичик, эркак, аёл, ёш ва кекса одамлар қалбида ҳаё, одоб ва эзгулик қоидаларига кўра қоим қилди. Исломий шахсият шу хислатлар билан мукаммал ва тўлиқ бўлади. Эзгу фазилатли қалбни тарбиялашга доир Исломнинг бебаҳо кўрсатма ва тўғри йўриқлари бор. Улар ижтимоий тарбияни етук ва мукаммал қилади. Натижада жамият ўзаро ҳамкорлик, ишончли бирдамлик, юксак одоб ва ўзаро муҳаббатга асосланган ҳолда тараққий топади. Бу йўриқлардан энг олдиндагиси бола қалбида тақво уйғотишдир.
Тақво, Тақво Аллоҳдан ва азобидан қўрқиш, кечиришини ва савобини умид қилишдир. У нафсни назорат қилиш билан ҳосил бўладиган имон шуурининг табиий самараси ва муқаррар натижасидир. Уламолар унга қуйидагича таъриф берадилар: “Тақво Аллоҳ қайтарган ишга яқин йўламаслик ва буюрган ишидан оғмасликдир”. Бошқа баъзи уламолар қуйидагича таърифлайди: “Яхши амаллар ила Аллоҳ ғазабидан сақланиш ва Аллоҳдан яширин ва ошкор қўрқиш”. Қуръони карим кўп оятларда тақво фазилатига буюради ва унга қизиқтиришга аҳамият беради. Шунинг учун саҳобалар ва салаф олимлар тақвога катта эътибор беришган, уни топганлар, унга интилганлар ва у ҳақда сўраганлар. Убай ибн Каъб Умар ибн Хаттобдан (розияллоҳу анҳу) тақво ҳақида сўради. У киши: “Тиконли йўлда юрганмисан?” дедилар. Убай: “Ҳа, юрганман”, деди. Умар ибн Хаттоб: “Қандай юргансан?” деб сўрадилар. У: “Кийимимни шимардим ва тиришдим”, деди. У киши: “Мана шу тақво”, дедилар. Тақво мўмин қалбига Аллоҳдан қўрқиш ва Унинг назоратида эканини англаш ҳиссини тўлдиради. У барча ижтимоий одоблар манбаи, гуноҳлар ва муфсидлардан сақловчи ягона йўлдир. Шунингдек, у жамиятни бут қилувчи омилдир. Расулуллоҳ (сол лаллоҳу алайҳи ва саллам): “Тақво мана бу ерда”, деб уч бор кўкракни кўрсатганлар. Бундан эса ижтимоий тарбияда қалб катта аҳамиятга эга экани англашилади. Тақвонинг таъсири ҳақида баъзи намуналар: Имом Ғаззолий “Иҳё” китобида ривоят қилади. Юнус ибн Убайднинг дўконида қиймати 400 дирҳамлик ва 200 дирҳамлик матолари бор эди. Бир куни намоз ўқиш учун масжидга кетишида ўрнига акасининг ўғлини қўйди. Бир аъробий келиб 400 дирҳамлик матони сўради. Сотувчи унга 200 дирҳамлик матони кўрсатди. У уни чиройли деб рози бўлди ва 400 дирҳамга сотиб олди. Йўлда унга Юнус рўпара келди ва матони таниб қолиб: “Қанчага сотиб олдингиз?” деб сўради. У: “400 дирҳамга”, деди. Юнус: “Бу мато 200 дирҳамдан баланд турмайди, уни қайтариб бер”, деди. Шунда аъробий: “Бизнинг шаҳримизда 500 дирҳамдан сотишади, мен бу нархга розиман”, деди. Юнус эса: “Мен билан қайт, чунки динимизда тўғрилик мол - дунё ва ундаги нарсалардан яхшидир”, деди. Сўнгра уни дўконга олиб бориб, 200 дирҳам қайтариб берди. Ва акасининг ўғлига бу борада танбеҳ берди. Сўнгра: “Аллоҳдан уялмайсанми? Аллоҳдан қўрқмайсанми? Мусулмонларни алдаб, пул фойда қиласанми?” деди. Шунда ҳалиги харидор: “Аллоҳга қасам, у рози бўлгани учун олдим”, деди.
Юнус: “Ўзинг ундан рози бўлганингдек, унга ҳам рози бўлмайсанми?” деди. Абдуллоҳ ибн Динор шундай ривоят қилади: “Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) билан Маккага йўлга чиқдик, йўлда дам олиш учун тўхтадик. Тоғдан бир чўпон ёнимизга келди. Унга: “Эй чўпон, бир қўй сотгин”, дедик. У: “Мен қулман”, деди. Умар ибн Хат тоб (розияллоҳу анҳу) синаш учун: “Хўжангга бўри еди, деб айтгин”, деди. Шунда чўпон: “Хўжайинку ишонар, лекин Аллоҳни нима деб алдайман?” деди. Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) йиғладилар, сўнгра қул билан билан бирга уйига бориб, уни хожасидан сотиб олди ва озод қилди. Сўнг: “Бу сўз сени бу дунёда озод қилди, охиратда ҳам (дўзахдан) озод қилишидан умидворман”, деди. Она билан қиз ўртасида бўлиб ўтган ушбу қиссани кўпчилик билади: она сутга сув қўшиб, кўпроқ фойда кўришни хоҳлайди, қизи эса мўминлар амири бундан қайтарганини эслатади. Она: “Биз қаердамиз, амир қаерда? У бизни кўриб ўтирибдими?” дейди. Қиз эса қатъият билан қаршилик кўрсатади: “Мўминлар амири кўрмаётган бўлса ҳам, мўминлар амирининг Раббиси бизни кўриб турибди”, дейди. Фарзандларни тақвога ўргатиш вожибдир.
Манбаълар асосида тайёрланди.
Ғиёсиддин Тожимирзаев,
Учқўрғон тумани “Байтул муқаддас” жоме
масжиди имом-хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022