ЁШЛАРНИ ИЛМГА ТАРҒИБ ҚИЛИШ.

Динимиз — илм-маърифат дини. Аллоҳ таоло илмни қиёмат кунига қадар бандалар учун маърифатга эришиш, хақиқатни топиш, икки дунё саодатига эришиш воситаси қилди. Буни теран англаган ислом уммати, хусусан улуг аждодларимиз илмда улкан муваффакиятларга эришганлар.
Билимсизликдан маърифат сари интилиш динимиз талабидир. Қуръони каримда ҳам мусулмонлар барча нарсанинг ҳақиқатини билиш учун доимо илм пайида бўлишга чақирилади. Пайғамбаримиз алайхиссаломга илмни зиёдалигини сўраш буюрилган. Қуръони каримда бу ҳақида шундай дейилади: яъни: “Роббим, илмимни зиёда қилгин”, дегин” (Тоҳа сураси, 114-оят).
Ислом дини мусулмонларга тараққиёт йўлидан юришни шарт қилган, кишиларни илмга ундаган. Чунки инсон шахсиятини илмдан бошка нарса тўғри йўлга сола олмайди, тараққиётга ҳам эриштира олмайди. Бу борада хадис илми пешвоси Имом Бухорий рахимахуллоҳ шундай дейдилар: “Илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмагай!”
Дунёда ҳам, охиратда ҳам инсонга илмдан кўра кўпрок фойда келтирадиган нарса йўқ. Жахолатдан-да кўра зарар берувчироқ нарса ҳам йўқ.
Ислом дини инсоннинг дунё ҳаёти учун лозим бўлган барча илмларни ўрганишни фарз даражасига кўтарган диндир. Дунёвий илмлар билан машғул бўлаётган кишилар фарз ибодатини бажаряпман деган ниятда машғул бўлишса, дунёвий манфаатларни қўлга киритишдан ташқари, улкан ажр-савобларга ҳам эришадилар. Худди шунингдек, турли ишлаб чиқариш ва саноатга доир илмлар ҳам фарзи кифоядир. Демак, хозирги замонда ёшларимиз фан-техника сохасида ҳам барча дақиқ илмлардан кифоя қилиш даражасида билишлари зарур бўлади. Чунки давлатнинг куч-қудрати, ўзга давлатларга карам бўлиб қолмаслиги илм-фаннинг ривожи ва тараққиётига боғлиқдир. Ислом динидаги бу хукмлар аёл-қизларни ҳам четлаб ўтмаган. Чунки жамиятнинг ярмини аёл-қизлар ташкил қилади. Уларни илмсиз қолдириш жамиятни илмсиз қолдириш демакдир. Айниқса, келажак авлод тарбияси аёл-кизларимизга боғликдир. Улар билимли бўлишса, улар тарбиялаган авлод ҳам билимли бўлади. Улар одобли бўлишса, улар тарбиялаган авлод ҳам одобли бўлади.
Ислом тарихида Оиша онамиз тақво, одоб-ахлок, ҳаё, илм ва фатво билан танилган эдилар. У зотдан катга саҳобалар ҳам масала сўрашар эдилар.
Ривоятларда келишича, бир киши бир улуғ зотнинг хузурига келиб: “Ҳазрат, менинг бир ўғлим ва бир қизим бор. Улардан ҳар иккисини ўқитишга қурбим етмайди, фақатгина биттасини ўқитишга имконим бор, қайси бирини ўқитай?” деб сўрабди. Шунда у зот: “қизингни ўқит, чунки у келажакда фарзанд тарбия қилади. Агар ўғлингни ўқитсанг, бир кишини ўқитган бўласан, аммо қизингни ўқитсанг, бутун бир жамиятни ўқитган бўласан”, деб жавоб берган экан. Қанчадан-қанча алломаларни оналари тарбиялагани хеч биримизга сир эмас.
Бугунги кунда ёшларимиз учун яна бир муҳим вазифа чет тиллари хамда замон талаб этаётган илмларни яхши ўзлаштиришдир. Чунки дунё гўёки бир шаҳарга айланди. Борган сари чет давлатлар билан алоқалар кенгайиб бормоқда. Улар билан муомала килиш учун, ўзаро алоқаларда ютуққа эришиш учун албатга, тил билиш қўл келади. Пайғамбаримиз алайхиссаломга турли давлатлардан хатлар келган. Жумладан иброний тилда ёзилган хатлар ҳам келар эди. Шунда У Зот Зайд ибн Собит разияллоҳу анҳуга иброний тилни ўрганишни буюрдилар. Машхур сахоба бу тилни бир ойга қолмай ўрганиб олдилар ва келган хатларни таржима қилиб берар эдилар.
Дарҳақиқат, агар биз хақиқий тараққиётга эришмокчи бўлсак, дунёнинг пешқадам халқлари сафига қўшилмокчи бўлсак, илмга бўлган бугунги муносабатимизни Ислом таълимотлари асосида тамоман ўзлаштиришимиз лозим.
Аллоҳ таоло ёшларимизни камолотга эришишини, аждодларига муносиб авлод бўлишини насиб қилсин!
Мансурхон Тўхтахожаев,
Косонсой тумани “Мулла Отавой Охун” жоме
масжиди имом хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022