ЁШЛАРНИ ИЛМГА ЙЎНАЛТИРИШ ДИНИМИЗ ТАЛАБИДИР.

Қадимдан юртимизда таълим ва тарбия масаласи энг олдинги ўринда турган. Фарзандларини илмли қилиб тарбиялаш ҳар бир ота-онанинг энг олий орзуси бўлган. Ислом дини ҳам бизларни айнан шунга буюради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам илм олишни фарз (яъни лозим) эканини айтганларида, эркакка ҳам, аёлга ҳам алоҳида баробар таъкидлаб: «Илм талаб қилиш ҳар бир муслим ва муслимага фарздир» дедилар (Бухорий ривояти).
Демак, қиздир, ўғилдир – фарзандимизнинг илм олиши, билим пиллапояларидан илгарилиб бориши фарз экан. Ҳадисда бу илмнинг диний ёки дунёвий бўлиши ажратилмаган. Чунки ҳар қандай билим инсоният тараққиёти учун хизмат қилади.
Фарзандларимизнинг илм олишга бўлган қизиқишларини янада орттириш учун, уларга ўқитувчилари қўйган «5» баҳодан ташқари яна қанчалаб манфаатлар борлигини эслатиб ўтиш ҳам фойдадан холи эмас.
Илм ақл нуридир. У инсонларни борлиқни ҳис этиш, воқеликни идрок этиш, маънавий ва моддий оламни англашга, тафаккурини шакллантиришга ундайди. Илм яшаш чироғидир. У инсонларга бахт келтиради, ёруғликка чорлайди, жаҳолатдан йироқлаштиради. Зиёли инсонлар жамиятнинг етакчилари ҳисобланади.
Билим тўғрисида халқимизнинг ҳам жуда кўп мақол ва иборалари мавжуд. Билим олишнинг эрта-кечи бўлмайди, дейди доно халқимиз. “Илм олиш игна билан қудуқ қазиш”, деб бекорга таъкидламайди. Илм чексиз олам, тубсиз қудуқдир. У чек-чегарасиз, уни тўлиқ эгаллашга умрлар етмайди, керагини ўқиш илм соҳибининг маҳоратига, тажрибасига, сабр-тоқатига ва албатта устозу муаллимлар кўрсатмаларига боғлиқдир.
Маърифатга эга бўлмай туриб мақтаниш бу жаҳолатдир. Шунинг учун донолар айтадики, илм эгарланган отдир, билганга дўст, билмаганга душмандир.
Муборак ҳадисларнинг бирида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзи илмни ўрганган ва ўзгаларга ҳам ўргатган кишини – ўзига сувни сингдириб, сўнгра кўплаб ўт-ўланларни ўстирган ерга ўхшатганлар. Илмга эътибор бермаган кишини эса – мўл ёмғир ёғса-да, на сув тўпламайдиган, на экин ўстирмайдиган текисликка қиёслаганлар. Дарҳақиқат, илм ўрганувчи барчага керакли инсон бўлиб, ундан атрофдагиларга ҳамиша манфаат етади. Аммо, илмга қизиқмайдиган, беэътибор кишининг на ўзига ва на бошқаларга фойдаси бўлади.
Хулоса ўрнида бу ҳикматни бугунги кунимизга таққосласак, мазмун янада ойдинлашади. Айни пайтда, илм ва фан тезлик билан ривожланаётган асрда билимсизлик бу – тараққиётдан орқада қолиш ҳам демакдир. Шу боис замон билан ҳамнафас яшаш учун, билимлар оламидан четда қолиб кетмаслик учун, қолоқликка мубтало бўлмаслик учун ҳам илм эгаллашга жидду жаҳд қилиш зарурдир.
Юртимизда биз учун яратилаётган шарт-шароитларнинг қадрига етиб, келажакда шу эл корига ярайдиган, халқ манфаатларини ўйлайдиган баркамол инсон бўлиб етишишимиз энг асосий бурчимиз ҳисобланади. Маърифатли бўлиб, жаҳолатга қарши курашишимиз эртанги кунимиз учун ҳам муҳим аҳамиятга эгадир.
Муҳаммад Аюб Фахриддинов ,
Тўрақўрғон тумани "Абдулваҳҳоб қори" жоме
масжиди имом хатиби.
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022