Қоронғи режим
Image
Logo

ЗАМЗАМ СУВИНИ НИЯТ ҚИЛИБ ИЧИНГ!

ЗАМЗАМ СУВИНИ НИЯТ ҚИЛИБ ИЧИНГ!

    Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг: مَاءُ زَمْسَمْ لِمَا شُرِبَ لَه – “Замзам суви нима учун ичилса, шунинг учундир”, деганларини кўпчилик эшитган ва унга амал қилиб келади. Яъни, замзам сувини ният қилиб ичишнинг хосияти, шарофати ва баракоти бор экани, шак-шубҳасиздир. Дунё таниган олимлар ҳам уни ният қилиб ичган эканлар:

1) Улуғ саҳоба Абдуллоҳ ибн Аббос (ваф. 68 ҳ./687 м.) разияллоҳу анҳудан бир киши: “Замзам сувини қандай ичаман?”, деб сўрабди. У зот бундай дебдилар: “Замзам сувини ичишни хоҳласанг, челакда булоқдан сув тортиб олгинда, қиблага юзланиб тур. Кейин “Бисмиллоҳ” деб, уч марта замзам сувидан сипқориб ич ҳамда “Аллоҳумма, инний асъалука илман нофеъан, ва ризқон восеъан, ва шифоан мин кулли доъин!” (“Эй Аллоҳ! Мен сендан фойдали илм, кенг ризқ ва ҳар дарддан шифо сўрайман!”), деб дуо қил!”.

2) Ислом тарихида илк бор ҳадис китоби ёзган буюк муҳаддис Ибн Шиҳоб аз-Зуҳрий (58-124 ҳ./678-742 м.) раҳимаҳуллоҳ айтади: “Мен тушимда замзам сувини ичаётганимни кўрдим. Дарҳол туриб, яхшилаб таҳорат қилдим. Кейин тўрт ракъат нафл намоз ўқидим. Сўнг туриб, зеҳним ва хотирам кучли бўлишини ният қилиб замзам сувини ичдим. Шундан кейин, ёдлаган нарсам ҳеч қачон унутилмайдиган даражада бўлди”.

3) Буюк мужтаҳидлар имоми, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа (80-150 ҳ./699-767 м.) раҳматуллоҳи алайҳи: “Замзам сувини уламоларнинг энг олими бўлишни ният қилиб ичдим”, деганлар. Ҳақиқатдан ҳам, ўз даврининг ва, айтиш мумкинки, кейинги даврларнинг ҳам энг улуғ мужтаҳиди бўлдилар.

4) Буюк муҳаддис Суфён ибн Уйайна (107-198 ҳ./725-814 м.) раҳимаҳуллоҳдан шогирдларидан бири: “Замзам сувини нимага ичилса, шу бўлиши ҳақидаги ҳадис саҳиҳми?” деб сўради. У зот: “Ҳа!” дедилар. Шунда шогирд чиқиб кетди ва бир оздан кейин қайтиб келиб, “Мен сизнинг бу гапингизни исботини кўриш учун, бориб бир идиш тўла оби замзам ичдим ва менга 100 та ҳадисни айтиб беришингизни ният қилиб келдим”, деди. Суфён ибн Уйайна раҳимаҳуллоҳ: “Ўтира қол, ёзиб ол!” дедилар ва бир ўтиришда ёддан роппа-роса 100 та ҳадисни айтиб бердилар.

5) Буюк олим Абдуллоҳ ибн ал-Муборак (118-181 ҳ./736-797 м.) раҳимаҳуллоҳ замзам булоғи олдига тушиб, ўз қўллари ила челакда сув тортиб, ҳаммага эшиттирган кўйи: “Қиѐмат кунги чанқоқлигим қониши ва йўқолиши учун ният қилдим”, деб замзам сувидан сипқорган эканлар.

 

Козимхон Акрамов,
Наманган тумани “Мирзабой ва Холўрабой” жоме
масжиди имом-хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг