Қоронғи режим
Image
Logo

ЗИНОГА ЯҚИНЛАШМАНГ…

ЗИНОГА ЯҚИНЛАШМАНГ…

Зино луғатда “фужур”, яъни фожир, жирканч иш маъносида келади. Уламолар зинога турли ҳил таърифларни берганлар. Таърифларнинг барчасини кўриб чиқилганда зинонинг умумий таърифи қуйидагича эканлиги мулоҳаза қилинади: “Ораларида никоҳ бўлмаган ва никоҳ бор деб гумон қилмаган ҳолда, эркак ва аёлнинг бир–бирларига жинсий қўшилишлари зинодир”.

Зино ҳаромдир. У Аллоҳга ширк келтириш, ноҳақ одам ўлдириш каби энг катта гуноҳи кабиралардан ҳисобланади.  Аллоҳ таоло нинг барча шариатларида зино ҳаром иш бўлиб, унга қарши турилган, унга қарши курашилган. Самовий шариатларнинг энг охиргиси шариатимизда ҳам зинодан қайтаришда, ундан огоҳ этишда қаттиқ турилган. Зеро, зино сабабли насаблар тартибсиз аралашиб кетади, наслга зарар етади, оилалар бузилади, алоқалар узилади, касалликлар тарқалади, шаҳватларга берилиб тубанликка кетилади, гўзал ахлоқлар завол топади.

Аллоҳ қуйидагича марҳамат қилган:

“Ва зинога яқинлашманглар. Албатта, у фоҳиша иш ва ёмон йўлдир” (Исро сураси, 32-оят).  Ояти каримада “зино қилманглар” дейилмаган, балки “зинога яқинлашманглар” дейилмоқда. Бу дегани, “зино қилманглар”, дегандан кўра қаттиқроқдир. Мўмин, мусулмон одам зино қилиш тугул, унинг яқинига ҳам йўламаслиги, зинога олиб борувчи нарсалардан ҳам узоқда бўлиши лозим. Маълумки Ислом бирор нарсани ҳаром қилса, унга етказувчи йўлни ҳам тўсади ва уни тақозо этувчи барча воситаларни ҳаром деб эълон қилади. Демак зино ва унга боғлиқ бўлган фаҳшнинг ҳар қандай кўриниши мутлақо ҳаромдир! Зинонинг ҳаромлигини Аллоҳ зинодан узоқда бўлувчиларни мадҳ қилганидан ҳам билиб олиш мумкин.

Муоз ибн Жабалнинг шундай сўзлари бор: “Очлик ва қийинчилик фитнаси билан имтиҳон қилиндингиз, сабр этдингиз. Мўл-кўлчилик фитнаси билан ҳам синаласизлар. Мен сизларнинг аёллар фитнасига учрашингиздан кўпроқ хавотирдаман”, деганлар.

Улуғ шоир Саъдий Шерозий, “Боланинг ёши ўнга яқинлашганида номаҳрам аёллар ёнида ўтириши мумкин эмаслигини англатинг”, деб ёзганлар. “Дили бузуқ, ўзгаларнинг покдомон ва иффатли қиз-жувонларига кўз олайтирувчи нопок кишилар ҳақиқий разил ва ифлос кишилардир” деган экан донишмандлардан бири Муҳаммад Жавҳар Заминдор. Бу огоҳлантиришлар бугунги кунимизда айниқса долзарб бўлиб қоляпти.

                                                                                                  Соҳибжон Камалов,   
Мингбулоқ туман
Мулла Тожи Аҳмад” жоме
масжиди имом ноиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг