Қоронғи режим
Image
Logo
ДИНИМИЗДА СОҒЛОМ ТУРМУШ ТАРЗИГА ЭЪТИБОР

ДИНИМИЗДА СОҒЛОМ ТУРМУШ ТАРЗИГА ЭЪТИБОР

Ислом дини инсонни азиз ва мукаррам зот сифатида улуғлагани ҳамда инсон ҳаётининг руҳий ва маънавий жиҳатдан комилликка етишишига катта эътибор бергани ҳаммамизга маълум. Кўпчилигимиз динимизда асосан мана шу жиҳатга аҳамият қаратилган деб ўйлаб, ҳаётнинг жисмоний ва моддий томонига эътиборсизлик қиламиз.

Агар биз динимиз таълимотларини чуқурроқ ва теранроқ ўрганадиган бўлсак, унда инсон ҳаётининг бу қиррасига ҳам аввалгисидан кам эътибор қаратилмаганини кўришимиз мумкин. Зеро, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: яъни, “Кучли мўмин киши Аллоҳ ҳузурида кучсиз мўминдан яхшироқ ва маҳбуброқдир”, – деганлар (Имом Муслим ривоятлари).

Ушбу ҳадиси шарифдаги куч-қувватни Имом Нававий ва айрим уламолар тақводаги, ибодатдаги куч-қудрат деган бўлсалар ҳам, бошқа уламолар жисм ва тананинг бақувват бўлиши деб шарҳлашган.

Мусулмоннинг кийимлари, бадани ва жойлари доимо озода ва пок бўлишига шариатимиз буюрган. Қуръони каримда Аллоҳ таоло: яъни: “Кийимларингни покла” (Муддассир сураси 4-оят) деб, марҳамат қилган бўлса, Пайғамбаримиз алайссалом ўзларининг бир ҳадиси шарифларида: яъни: “Албатта Аллоҳ покдир, покликни яхши кўради; тозадир, тозаликни яхши кўради; олийжанобдир, олийжанобликни яхши кўради; сахийдир, саховатни яхши кўради. Бас, ҳовлиларингизни тоза тутинглар!”, дедилар (Имом Термизий ривоятлари).

Мазкур ва бошқа оят карима ҳамда ҳадиси шарифлардан маълум бўладики, Ислом дини инсон саломатлигининг энг биринчи омилларидан бўлган покликка жуда катта эътибор қаратган. Шу ўринда мазкур ҳадиси шарифдан олинаётган яна бир ибратга диққатларингизни қаратмоқчимиз. У ҳам бўлса – Исломда теварак-атроф покизалигида бошқаларга ўрнак бўлишга чақирилганидир. Афсуски, бугунги кунимизда биз бу масалада намуна бўла олмаётгандекмиз. Бизнинг динимизда тарғиб қилинган поклик, тозалик, озодалик, гигиена ва бошқа жиҳатларга бошқалар бизни чақираётгандек, кўринади.

Келажак авлодни ҳар томонлама баркамол ва соғлом қилиб тарбиялашнинг асосий омилларидан бири – бу тўғри овқатланишдир. Ғарб тиббиёти намоёндаларининг эътирофларига кўра, инсоният Муҳаммад алайҳиссаломнинг қуйидаги биргина ўгитларига амал қилиб яшаганида дунёдаги мавжуд касалхоналарнинг аксарига эҳтиёж қолмаган бўлар эди. У Зот  алайҳиссалом бундай деганлар: яъни: Одам боласига тўлдириш учун қорнидан кўра ёмон идиш йўқ. Инсонга қаддини кўтарадиган луқмалар кифоя. Агар иложи бўлмаса, қориннинг учдан бири таоми, учдан бири ичимлиги ва учдан бири нафаси учундир (Имом Термизий ривоятлари).

Ушбу ҳадиси шарифда айтилгани каби кам овқатланиш ва тез-тез нафл рўзалар тутиш орқали баданга роҳат беришнинг инсон саломатлигига фойдаси бугунги кунимизга келиб, барчага маълум бўлиб улгурган айни ҳақиқатдир. Ушбу ҳақиқатни тасдиқловчи ояти каримада Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган: яъни: “Еб-ичинглар ва лекин исроф қилманглар” (Аъроф сураси 31-оят). Исроф қилиш бу – меъёридан ортиқча ейишдир.

Соғлом турмуш тарзининг ажралмас томонларидан бири – бу жисмоний фаолликдир. Бошқача айтганда, танани чиниқтирадиган жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишдир. Ислом динида бу ишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Суюкли Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу борада умматларига таълим беришлари билан бирга, ўзлари уларга ўрнак бўлганлар.

Муқаддас динимиз таълимотларида инсон саломатлигига сабаб бўлувчи нарсаларга буюрилган ва ўз навбатида саломатликка зарар етказувчи ҳар қандай ишлардан қайтарилгандир. Хусусан, маст қилувчи ичимликлар ичиш, гиёҳванд моддалар қабул қилиш ояти карима билан очиқдан-очиқ ҳаром қилинган. Зарарли одатлар ривожланишига ҳеч қандай эшик қолдирилмаган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ва У Зотнинг саҳобалари бу борада умматга чиройли ўрнак бўлишган.

Дарҳақиқат, халқимиз “Соғлом танда – соғ ақл” деб бежиз айтмаган. Албатта, инсоннинг тани соғлом булса, бор куч-қувватини, вақтини ва молини илм ўрганишга ва ўргатишга сарф қилади.

Фарзандларимизни ёшлигидан соғлом турмуш тарзига ўргатиб, шунга мувофиқ тарзда ҳаёт кечиришга одатлантириш – биз ота-оналарнинг бурчимиздир.

 

Анвархон АКРАМОВ,
Наманган шаҳар “Мулла Бозор Охунд” жоме
масжиди имом-ноиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг