Қоронғи режим
Image
Logo

"ФАРЗАНД ТАРБИЯСИ"

Фарзанд тарбиясига катта эътибор қаратиш энг муҳим вазифадир. Зеро, ёшликда ўрганган одоб билан бола ўсиб-улғаяди.

Фарзандни илм ва ибодатга рағбатли қилиб тарбиялаш керак. Ана шунда бола катта бўлганда вақтининг кўп қисмини илм олиш, касб-ҳунар ўрганиш ҳамда ибодат билан машғул бўлишга ажратади. Албатта, ёшлигидан буларнинг барчасига одатланган бола катта бўлганида ҳаётда қийналмайди.

Кўп кишилар фарзандларини ўз ҳолларига ташлаб қўядилар, одоб-тарбия бермайдилар, уларнинг хоҳиш-истакларини амалга оширишга ҳаракат қиладилар. Бу ёрдамлари билан баъзида боланинг бахтига зомин бўладилар. Ҳолбуки, улар болани эъзозлаяпмиз, деб, аслида эса келажакда хор бўлишига сабабчи бўладилар, унга раҳм-шафқат қиляпмиз, деб, аслида унга зулм қилган ҳамда яхшиликдан маҳрум этган бўладилар.

Боланинг қобилияти ва қизиқишига қараб иш тутиш, уни қайси ишга қобилияти бор, қандай ишларни уддалай олишини назарда тутиш зарур. Ота-она фарзандларини фаҳм-фаросатли, хотираси кучли, тезда илғаб оладиган ва билимга рағбатли деб билишса, бу унинг илмни қабул қилишга тайёр экани аломатидир. Модомики, қалб лавҳаси бўм-бўш экан, унга илмни нақш қилишсин ва бу билан илм унинг қалбига муҳрланиб, ривожланиб борсин. Агар болада баҳодирлик ва шунга ўхшаш спорт турларига қобилияти сезилса, уни ўзи ёқтирган спорт тури билан мунтазам шуғиллантириш мақсадга мувофиқ бўлади.

Ота-она зиммасида нақадар оғир масъулият турганини ҳис қиляпсизми? Бу ишда йўл қўйилган биргина хато қанчалар ёмон оқибатларга олиб келишини унутмаслик керак. Тарбиянинг яхши-ёмонлиги, назоратингиз қатъий ёки сустлиги, фарзандингизнинг имони, ақли, илмий салоҳияти, хулқ савияси жамиятдаги ўрнига нечоғли ижобий ёки салбий таъсир кўрсатишини олдиндан кўра билиш ота-онанинг салоҳиятига боғлиқ.

Агар ота-она фарзанд бўш вақтида у билан бирга шуғулланишга вақт  ажрата олсалар, нур устига нур. Бу вазият фарзандга доимо бир хил эмас, балки турли машғулотларни бажариш имконини беради. Натижада, фарзанд солиҳ, доно ва фозил бўлиб, фақат ўзини эмас, балки кўпчилик манфаатини ҳам кўзлайдиган, халқпарвар инсон бўлиб етишади.

Ота-она фарзандига тўғри тарбия бериши ҳақида Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам айтадиларки:

ما نحل والد ولدا من نحل أفضل من أدب حسن  )رواه الترمذي(

“Ота фарзандига гўзал одобдан яхшироқ нарса беролмайди” (Имом Термизий ривояти).

Аллох таоло барчамизни бу масъулиятли ва шарафли ишларда собитқадам айласин!

 

Авазбек Тўраев,
 Норин тумани “Қурбон ота” жоме
 масжиди имом хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг