
“ФАРЗАНД ТАРБИЯСИДА КИЙИНИШ ВА КИЙИНТИРИШ ОДОБИ”
Фарзанд тарбияси ниҳоятда муҳим ва нозик жараён бўлиб, унда эътибор берилиши лозим бўлган мухим жиҳатлардан бири кийиниш маданияти ва одобидир.
Кийиниш маданияти– инсоннинг ташқи кўриниши, маънавий дунёси, эстетикаси, ахлоқий сифатлари ва салоҳиятини очиб беради.
Фарзанд ўстираётган ҳар-бир Ота-она ва уларга таълим-тарбия бераётган тарбиячи Устозларимиз болаларимизга ёшликларидан ўзбекона маданиятимиз ва менталитетимизга, мусулмончилигимизга хос кийиниш одобини ҳам ўргатиб боришлари керак.
Баъзилар кийиниш масаласига бунчалик катта эътибор беришнинг боиси нима, ахир бу арзимаган нарсаку, дейишлари мумкин. Аввало, кийиниш арзимаган нарса эмас. Қолаверса, Исломда инсон ҳаётининг арзимайдиган томонлари йўқ, балки динимизда инсон ҳаётининг барча соҳалари баравар эътиборга сазовордир.
Инсоннинг кийиниши унинг ички-маънавий дунёсининг сиртида акс этишидир, дейишимиз мумкин. Қайси инсонда уят, ҳаё, ор-номус каби тушунчалар бўлса, ўша инсон ўз обрўсини сақлайдиган ҳолатда кийинади ва кийинтиради.
Инсонни бошқа яратилганлардан ҳам ажратиб турадиган аломатлардан бири ҳам бу айнан либос хисобланади.
Эътибор берсак инсондан бошқа бирорта махлуқотларга бу неъмат берилмаган. Инсон либоси билан ҳам азиз ва мукаррамдир.
Либос бу – Аллоҳнинг Ўз бандаларига ато этган тенгсиз неъматларидан бири десак муболаға қилмаган бўламиз. У инсонни иссиқ-совуқдан сақлайди, авратларини беркитади ва кишига зийнат кўрк бўлиб хизмат қилади.
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади “Эй Одам болалари, дарҳақиқат, Биз сизларга авратларингизни беркитадиган либосни ҳам, ясан-тусан либосини ҳам нозил қилдик. (Ҳаммасидан) яхшироқ либос тақво либосидир” (Аъроф сураси: 26-оят).
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло инсонларга авратларини беркитадиган ҳамда уларга зийнат бўладиган ҳар турли либосларни яратиб бергани, уларга бу нарсаларни бичиш, тикиш ва тайёрлаш учун имкон берганини “нозил қилдик” деган сўз билан эслатар экан, авратларни мазкур либослар ила тўсишга амр этмоқда.
Бунинг устига, кийим-бош инсоннинг доимий ҳамроҳи бўлгани учун, унга таъсир қилиши турган гап. Мисол келтирадиган бўлсак, аскарларга ўзига хос кийим кийдириш ҳамма халқларда қадимдан одат бўлиб келган. Бу аввало, аскарларга ўз вазифасини адо этишда қулайлик туғдирса, иккинчидан, махсус кийим уларга таъсир қилиб, аскарлик руҳини тутиб туришда, кучайтиришда иш беради. Ҳатто оддий одам аскар кийимини кийиб олса, аскарларга ўхшаб шахдам юришга интилиб қолиши ҳам шундан.
Мана шу ва шунга ўхшаш бошқа кўпгина мулоҳазаларга кўра, Исломда фарзанд тарбиясида унинг кийинишига ёшлигидан алоҳида эътибор қаратилган.
Китобларимизда шундай дейилади:
–Фарзандларингизнинг авратларини ёшликдан ёпишга қизиқтиринг, токи балоғатга етгунларича одат бўлиб қолсин. Калта, тор ва юпқа либослар кийишларига йўл қўйманг. Ўғил бола ва қиз боланинг ўзига хос кийими бўлишини тушунтиринг.
–Уйларга ва хоналарга кириш олдидан рухсат сўрашга одатлантиринг. Ухлаш пайтида ҳар бирларига ўзлари учун тўшак қилиб беринг. Ўғил ва қиз болаларга алоҳида хона ажратинг.
Демак аввало ота она ўз фарзандини кийинишига ва кийинтиришга алохида эътибор бериши, доимий назорат қилиши зарур. Шундагина қизларимиз келажакда ибо ҳаёда барчага намуна бўлиб, йигитларимиз эса ҳақиқий ўзбек ўғлони сифатида тарбия топиб вояга етишади.
Муродилла Аҳмедов,
Наманган тумани “Отавалихон” жоме
масжиди имом-хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022