Қоронғи режим
Image
Logo
ФОЙДАЛИ ИЛМ ИККИ ДУНЁ САОДАТИДУР

ФОЙДАЛИ ИЛМ ИККИ ДУНЁ САОДАТИДУР

Ҳар бир инсоннинг олаётган билим ва кўникмалар яхши ёки ёмон, фойдали ё зарарли бўлиши мумкин. Динимиз бизни ўзимизга ва жамиятга, дунё ва охиратга фойдаси тегадиган илм олишга тарғиб қилади.

Илм – моддий ёки маънавий нарсаларни воқеъликда қандай бўлса шундайлигича идрок этишдир. У – нафсларнинг ҳаёти ва озуқаси, ақлнинг нуридир. Илм олишга тарғиб маъноси бир қанча ояти карима ва ҳадиси шарифларда ўз аксини топган. Илм соҳиблари – имон келтирганлар ичида хос бир мақом ва даражаларга кўтарилиши ҳақида Қуръони каримда хабар берилади:  “...Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир” (Мужодала сураси, 11-оят). Ояти каримада зикр қилинган “даражалар” ҳақида муфассирлар икки хил сўз айтганлар. Биринчиси – дунёдаги мартаба ва шараф. Иккинчи сўз – бу даражалар охиратда бўлади. Оят ҳақида ҳар икки сўзни жамланса, янада гўзал маъно бўлади. Зеро, илм икки дунё саодатига етаклайди.
Қуйидаги оятларда эса Аллоҳ таоло адолат билан гувоҳлик беришда илм эгаларини ўзи ва фаришталар қаторида зикр қилади. Бу – илм аҳлига берилган катта баҳодир:
“Аллоҳ адолатда (барқарор) туриб,  шундай гувоҳлик берди: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир”, фаришталар ва илм эгалари ҳам. (Албатта), Ундан ўзга илоҳ йўқ. У Азиз (қудратли) ва Ҳаким (ҳикматли)дир” (Оли Имрон сураси, 18-оят).

Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз алайҳиссаломга илмдан бошқа бирор нарсани зиёда бўлишини сўранг, демади. Фақат илм ҳақида шундай дейилган. Мана шундан ҳам илмнинг бошқа неъматлардан устунлигини англаб олиш мумкин:  “Ҳаққоний Подшоҳ бўлмиш Аллоҳ олий зотдир. (Эй, Муҳаммад!) Сизга (Қуръон) ваҳийси тугамай туриб, қироат қилишга шошманг ва айтинг: “Эй, Раббим! Менга илмни зиёда эт!” (Тоҳа сураси, 114-оят).

Ҳақиқий маънода Аллоҳ таолодан қўрқиш сифати пайдо бўлиши учун кишида илм-маърифат бўлиши лозимдир.

Инсон Аллоҳ таолонинг зоти ва сифатлари, қудрати ва ҳикматларини қанча кўп билса, шунча кўп  Ундан қўрқади. Олим зотлар Аллоҳ таолони сифатлари билан танийдилар ва уни улуғлайдилар. Кимнинг Аллоҳ таоло ҳақида билими бўлмаса, унинг азобидан хотиржам бўлиб қолади. Аллоҳнинг азобидан хотиржам бўлиш эса бандани куфрга олиб боради.
Аллоҳ таолонинг хоҳиш иродаси билан Қуръони каримнинг биринчи ваҳий бўлган ояти ҳам “Ўқинг!”, деб бошланди:  “Ўқинг (эй, Муҳаммад! Бутун борлиқни) яратган зот бўлмиш Раббингиз исми билан! (У) инсонни лахта қондан яратди. Ўқинг! Раббингиз эса карамлидир. У инсонга қалам билан (ёзишни ҳам) ўргатди. У инсонга билмаган нарсаларини билдирди” (Алақ сураси, 1-5 оятлари).
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам олимларнинг пешвоси эдилар. Зеро У Зотга  Қуръон ва яна Қуръон мислича илм берилди. Қуръони карим ва ҳадиси шариф – барча илмларнинг мустаҳкам асосидир! Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини турли услубларда билим-маърифатга чорлайдилар, қизиқтирадилар.
 “Кимга Аллоҳ яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди” (Муттафақун алайҳ).
Албатта, инсонларни тўғри йўлга йўллаш илм билан амалга ошади. Илмсизлик билан динга тарғиб қилмоқчи бўлганлар эса тўғри йўлда юрганларни адаштиради ва турли ихтилофлар келтириб чиқаради.
Инсон вафотидан кейин ҳам унинг амал дафтарига худди тириклигидек савоблар ёзилиб туришига сабаб бўладиган учта амал бор. Шулардан бири киши ўзидан кейин қолдирган фойдали илмдир.
Пайғамбаримиз марҳамат қиладилар: “Банда вафот этса, унинг амаллари кесилади (яъни, тўхтайди). Лекин уч нарсадан (савоб келиб туради); юриб турувчи садақа, фойдали илм ёки унинг ҳаққига дуо қилиб турувчи фарзанд” (Имом Бухорий ривояти).

  Демак илм ўрганиш, уни бошқаларга ўргатиш, халққа фойдаси тегадиган китоблар ёзиш инсон вафотидан кейин ҳам худди тириклар каби савоб олишига сабаб бўлади.


Муҳаммадшокир Бобохўжаев,
Норин тумани “Умархўжа Эшон” жоме
масжиди имом хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг