Қоронғи режим
Image
Logo

ҲАЛОЛ РИЗҚ ЙЎЛИДА

ҲАЛОЛ РИЗҚ ЙЎЛИДА

Ризқ камимас, банда очидан ўлмас, деган ажойиб мақол бор. Дархақиқат, Аллоҳ таоло бандаларининг ризқини тақсимлаб қўйган. Ҳеч-ким ёзиғидан ошиғига ҳам, камига ҳам эгалик қилолмайди. Халқимизда эса азал-азалдан ҳалол ризқ топиш, ҳалол яшаб, ҳалол еб-ичишга алоҳида эътибор қаратиб келинган. Муқаддас динимизда ҳам дангасалик, танбаллик ва боқимандаликни қораланиб, инсонларни ҳалол иш билан шуғулланишга, бу орқали оиласи ва жамиятга фойда келтиришга чорланади.

Жумладан, Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар: Бирортангиз арқонини олиб тоққа бориши, у ердан бир боғ ўтинни орқалаб келиб, (одамларга) сотиши ва Аллоҳ шу (касб) сабабли уни тиланчиликдан асраши, унинг одамлардан тиланиши улар ё бериб, ё бермасликларидан яхшироқдир(Имом Бухорий ривояти).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уша даврдаги энг ҳақир саналган касбни, яъни ўтин сотишни,  кўчада тиланчилик қилишдан кўра яхши санадилар. Ушбу ҳадиси шарифдаги ҳолатни бугунги кундаги воқеликка қиёслаймиз. Айрим биродарларимизнинг ўлчовига кўра, фаррош, кўчаларни тозалайдиган, кунлик ишчи, яъни халқ тили билан айтганда "мардикор" ва шу каби касб эгаларига ҳаминқадар муомала қилиш ёки паст назар билан қараш ҳолатлари бор. Ваҳоланки, Аллоҳнинг ҳузурида мана шундай ҳалол касб қилиб, борига қаноат қиладиган, оиласини ҳалолдан едириб, ризқини териб юрган мўминнинг мартабаси, одамларнинг эътиборида бўлган, аммо ҳаромни ўзига дастмоя қилиб олган мансаб эгасидан кўра яхшидир. Шуни унутмаган ҳолда барчамиз инсонлар билан бўладиган муомалотларда самимий бўлишимиз керак. Чунки Аллоҳ таоло бизларни ҳисоб-китоб кунида айтган ҳар-бир сўзимиз ва қилган амалимиз учун сўроққа тутиши аниқ. Шундай экан қайси касб билан шуғулланмайлик, мезонимиз ҳалоллик бўлар экан, ютуғимиз ҳам шунда бўлади.

 

Қодиржон Умурзаков
Поп тумани "Муҳаммаджон қори"жоме
масжидининг имом-хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг