Қоронғи режим
Image
Logo

ИЛМ-ҲУНАР ЭГАЛЛАШ ФАРЗ

ИЛМ-ҲУНАР ЭГАЛЛАШ ФАРЗ

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ҳар бир мусулмонга илм –ҳунар эгаллаш фарздир", деб марҳамат қилганлар. Бу ҳадис ҳикматини теран англаган ота-боболаримиз ҳунармандлик, деҳқончилик, савдо-сотиқ каби ҳалол касблар билан шуғулланиб, рўзғор тебратишган. Фарзандлари ҳам илму –ҳунар ўрганиб, тадбирли бўлишларига алоҳида эътибор беришган.

Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг:  " Азми қатъий, тадбиркор, ҳушёр, мард ва шижоатли бир киши мингта тадбирсиз ва лоқайд кишидан афзалдир", деган сўзлари ҳам юртимизда тадбиркорнинг мавқеи азалдан юқори бўлганини билдиради.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

"Кечани (барча нарсани яшириб турадиган) либос қилдик. Кундузини эса, тирикчилик вақти қилдик"

(Набаъ сураси, 10-11).

Имом Байҳақий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бундай дейдилар: "Ким тиланчилик қилишдан сақланиб, оиласини боқиш ва қўни-қўшниларига мурувват кўрсатиш мақсадида ҳалол йўлда ризқ топишга интилса,  қиёмат куни Аллоҳ таолога юзи тўлин ойдек ёруғ бўлиб йўлиқади". Демак, кишининг ҳалол ризқ учун ҳаракат қилиши ҳам ибодат хисобланар экан.

Ҳар қандай касбни пухта билиш, моҳир уста бўлиш учун ўша касбга меҳр бериш, сирларини мукаммал эгаллаш керак. Ҳунарига муҳаббати бор инсон чарчамайди, меҳнати натижасидан қувонади. Касби туфайли атрофдагиларига ёрдами тегса, дили қувонади.

Инсон ўзига берилган ақл-фаросати, зеҳн-идрокини ишга солиб,  яхши ниятлар билан касб -ҳунар, тадбиркорлик, деҳқончилик қилиб, оиласини боқиши, эл-юртига фойда келтириши зарур. Зеро, ҳалол меҳнат билан киши улуғ даражаларга етади.

 

Назиржон Қўчқаров,
Наманган тумани “Умарбой хожи” жоме
масжиди имом-хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг