ИСРОФ ҚИЛИШДАН ТЎХТАЙЛИК.

Ҳаётимизнинг ҳеч бир жабҳасида исрофгарчиликка йўл қўймасликка амр қилинганмиз.
"Исроф" сўзи араб тилида "ҳаддан ошиш" маъносини билдиради.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган: "Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки У исроф қилувчиларни севмас" (Аъроф сураси, 31-оят).
Демак, еб-ичишда ҳам исроф қилиш мумкин эмас экан. Бошқа ҳар бир ишда ҳам исрофга йўл қўймаслик лозим бўлади. Биз еб-ичишда исроф қилмаслик деганда нимани тушунамиз? Кўпчилигимиз еб-ичиб, тўйгандан кейин ортиб қолган нарсани ташлаб юборишни исроф деб тушунамиз.
Аслида бундай эмас. Шариатга кўра, керагидан ортиқ ейиш ҳам исроф бўлади. Расули акрам алайҳиссолату вассалом ейишда, ичишда инсон қорнининг учдан бири озуқа учун, учдан бири суюқлик, сув учун ва учдан бири ҳаво учун бўлиши кераклигини буюрганлар. Бундан ортиғи исроф бўлади. Бу ишни қилганлар Аллоҳ суймаган ишни қилганлари учун У Зотнинг муҳаббатидан мосуво бўладилар.
Ҳозирги кунда ичимлик суви муаммоси бутун жаҳон миқёсида энг биринчи даражали ташвишлардан бўлиб турибди. Сифатли ичимлик суви етишмаслиги оқибатида дунёда йилига ўн миллион киши касалланиб, нобуд бўлаётир.
Ҳар биримиз бу борадаги исрофгарчиликка барҳам беришга ҳаракат қилишимиз лозим. Ҳатто таҳоратимизда ҳам сувни исроф қилмасликка эътибор беришимиз зарур.
"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат қилаётган буюк саҳобалардан бири Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг сувни кўпроқ ишлатаётганини кўрдилар ва унга: "Ҳой Саъд! Бу қандай исрофгарчилик?!" дедилар. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу: "Эй Аллоҳнинг расули! Таҳоратда ҳам исроф бўладими?" деди. У Аллоҳнинг ибодати учун таҳорат қилаётганда сувни сал кўпроқ ишлатиш исроф саналмаса керак, деб ўйлаган экан. Шунда у зот алайҳиссалом: "Ҳа, ҳатто оқиб турган дарёнинг ёқасида бўлсанг ҳам", дедилар".
Бир ўйлаб кўрайлик. Бир киши оқиб турган дарёнинг, сойнинг бўйида ўтириб, қўлини сувга солиб, таҳорат қиляпти. Қилган таҳоратидан тушган сув яна оқар сувга тушиб, қўшилиб оқиб кетяпти. Лекин шунда ҳам исроф қилмаслик керак экан.
Бугунги кунимизга назар соладиган бўлсак, ушбу ҳадисга мутлақо амал қилинмаётганини кўрамиз. Таҳоратхонада таҳорат қилаётган биродаримизнинг бир оёғини ювиб бўлиб, кейингисига ўтгунига сувни беркитиб қўймаётганига, ҳатто бундан ҳам оғирроқ ҳолатларга гувоҳ бўламиз. Афсуски нафақат таҳоратда, балки бошқа ишларда ҳам шундай ҳолатларни кузатиш мумкинки, исрофгарчиликнинг чеки тобора кўринмай бормоқда.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло барчамизни исрофчи бўлишдан асрасин, доимо тежамкор бўлишимизни насиб қилсин, бу борада Ўзининг таълимотига амал қилганимиз учун хайр-барака ато этиб, ажру савобни кўпайтириб берсин.
Иброҳим Қосимхўжаев,
Наманган шахар
"Ғойибберди махдум" жоме
масжиди имом-хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022