"Имоннинг қадри".

Борлиқни яратган Аллоҳ таоло, бутун оламлар ичра энг улуғ жон эгаси этиб, инсонни яратди.
Инсон зоти ер юзида яшар экан, уни икки дунё саодатига эришиши учун, Аллоҳ таоло пайғамбарлар юборди, улар орқали инсониятга энг тўғри йўлни кўрсатиб берди.
Энди инсон, Пайғамбар алайҳиссаломга эргашиб, итоат этиб, имон келтириб, шу йўлдан юра билса, бу дунёси ва охирати ҳам обод, ҳамда бахту саодатга тўлади.
Биламизки, Аллоҳ таоло қуръони карим оятларида ҳам, ўз бандаларига кўпинча мурожаат қилганда, уларни қалбларидаги имонлари орқали мурожаат қилади, маълум бўладики имоннинг қадри Аллоҳни ҳузурида ҳам баланддир.
Яна маълум бўладики икки дунё саодатига олиб борувчи асосий восита ҳам имондир.
Алҳамдулиллаҳ, бугун биз барчамиз имонли инсонлармиз, беадад шукурлар бўлсин. Лекин бу имонимиз бугун бизни бахтли қиляптими?!
Биз имонли инсонлар хақиқий саодат узра яшаяпмизми?!
Ҳа, деган жавобни айтишга шошилманг, аслида ҳақиқий имон ҳаловатини топиб, у сабабли асл бахтни топганлар ҳам йўқ эмас албатта.
Лекин кўпларимиз бу борада мулоҳаза юритишга мажбурмиз.
Чунки бир қарашда ер юзини аксар қисмида бугун мусулмонларнинг аҳволи мақтовга сазовор эмаслигини сиз ҳам яхши биласиз.
Сабаб нима?
Нима учун бундай?
Ваҳоланки ҳақиқий имон эгаси бўлган саҳобайи киромлар, доимо Аллоҳ таолони нусратида бўлишган, Аллоҳ уларга ёрдам қилган, уларни улуғлаган, уларни муҳофаза этган, улар ер юзида ҳақиқий саодат узра яшаганлар.
Чунки улар ҳақиқий имон эгаси бўлганлар. Уларни қалбларидаги имон, улар учун энг улуғ, энг олий, энг қадрли ва энг эътиборли бўлган.
Улар ҳар қандай ҳолатда имон тақозоси ила ҳаёт кечирганлар.
Улар имонлари учун бор будларини ҳатто молу жонларинида фидо қилишган!
Бугун бизчи?
Биз ҳам имон тақозоси ила яшаяпмизми?
Бизнинг ҳам имонимиз шу даражада қадрлими?
Биз имонимиз учун бор будимизни фидо қиламизми?
Албатта минг афсуски йўқ!
Бугун биз учун имонимизни қадри, Устоз Ёрқинжон домла раҳимаҳуллоҳ айтганларидек бир кило гўштни қадричалик эмас!
Гўштни оламизу тезда музлатгичга соламиз, ҳидланмасин, эскирмасин, айниб қолмасин деб.
Аммо имонимизни қандай эҳтиётлаш, қандай асраш, унга футур етказмаслик хаёлимизни бир четига ҳам келмайди.
Хатто ҳолат шу даражага етди айтишадики, фалон юртда имон бору инсоф йўқ!......
Хиёнат, туҳмат, ёлғон, ваъдага вафо қилмаслик, зулм зўравонлик, бировни ҳақи, обрўси, молу жонинини ҳалол санаш, бу каби гуноҳи кабиралар биз учун оддий амал гўёки!
Ўзингиз айтинг, шунча гуноҳи кабираларга ботиб кетган имон, ўз соҳиби учун қадрли ҳисобланадими?!
Шундай имон эгасини, Роббисини наздида қадри қоладими?!
Шундай ҳолатдаги бандага Роббисини ёрдами, эътибори, муҳаббати, нусрати бўладими?!
Бир инсон, уйида арзимас нарсалар солинган сандиқни эътибор қилмасдан бир четга жойлайди.
Қимматбаҳо буюмлар, эътиборли, керакли нарсалар солган сандиғини уйини тўрига эҳтиётлаб ўрнатади ва доим унга эътибор қаратиб туради ва албатта уни ўғридану душмандан муҳофаза қилади, асрайди, авайлайди.
Ҳудди шу каби, бизни ҳам қадримиз имонимизга бўлган эътиборимиз билан ўлчанади.
Бугун бизни имонимизни тақозоси молни фидоси эмас!
Жонни фидоси эмас!
Мусулмон бўлиб яшаш холос!
Ўзимиз билган, ўзимиз ҳоҳлаган, ўзимизга ёқадиган мусулмон эмас!
Аллоҳ буюрганидек мусулмон!
Ўзингизга савол беринг: шу ишим мусулмонни ишими?
Шу гапим, шу ҳолатим, шу юришим, шу кийинишим ва ҳоказо......
Имонимиз қадри қанчалар улуғ эканини билдингизми азиз имондош дўстим.
Худовондо мени фазлинг ила бир аҳли имон қил.
Олиб келдинг бу оламга иноят ила меҳмон қил.
Эрурман даргоҳингда бир гадою,
Орзум шул.
Мени шоҳ этма, хожа этма, шайх этма,
"Мусулмон" қил.
Аллоҳ таоло барчамизни ҳақиқий мусулмонлардан қилсин.
Абдураҳим Турсунов,
Уйчи туман “Машҳад мозор” жоме
масжиди имом хатиби.
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022