
КЕЧИРИМЛИЛИК – МЎМИНГА ХОС ФАЗИЛАТ
Динимиз бизни солиҳ амалларга буюриш билан бирга намунали ва гўзал ахлоққа ҳам тарғиб этади. Зотан, дин уч нарсадан иборатдир: тўғри ақида, солиҳ амал ва намунали хулқ. Ана шу мақталган ахлоқлардан бири ҳалимлик ва кечиримлиликдир. Бир сўз билан айтганда кечиримли бўлиш, динимиз таълимотидир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилиб “Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг!” (Аъроф сураси 199-оят) деган.
Мазкур ояти каримада Аллоҳ таоло Ўз набийсига кечиримли бўлиш, инсонларни яхшиликка буюриш ва жоҳил кишиларнинг гап сўзларига эътибор қилмасликка буюрмоқда. Мўмин инсон ушбу сифатлар билан сифатланса, Аллоҳ таоло Ўз каломида мақтаган тақводорлар қаторида бўлади. Зотан, У Зот шундай марҳамат қилади: “Улар (мазкур тақводорлар) фаровонлик ва танглик кунларида ҳам хайр-cадақа қиладиган, ғазабларини ютадиган, одамларни (хато ва камчиликларини) афв этадиганлардир. Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар” (Оли Имрон сураси 134-оят).
Аллоҳ таоло ато қилган раҳмат сабабли Пайғамбаримиз алайҳиссалом саҳобийларга мулойимлик билан муомала қилар эдилар, саҳобийлар ҳам У Зотнинг атрофида жипслашган эдилар.
Қуръони каримнинг бир қанча ояти карималарида бандаларини бир-бирларининг хато камчиликлари ва айб-нуқсонларини кечиришга буюрилган. Демак, кишилар ўзаро бир бирларини кечириши, афв қилишлиги билан жамиятда аҳиллик, бирдамлик ва бир бирини қўллаб-қувватлаш, бунинг натижасида мустаҳкам жамият барпо бўлади.
Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг хулқларида ҳам кечиримлилик ўз аксини топган эди. Оиша онамиздан Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг хулқлари ҳақида сўралганда шундай жавоб берганлар: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам фаҳш ишларни қилувчи, фаҳш сўзларни сўзловчи ва бозорларда бақир-чақир қилиб юрувчи инсон эмасдилар. Ёмонликка ёмонлик билан жавоб қайтармас эдилар, балки афв этиб, кечириб юборар эдилар” (Имом Термизий ва Имом Аҳмад ривоятлари).
Жамият мустаҳкам ва барқарор бўлишида исломий одоб ахлоққа ҳар қачонгиданда муҳтожроқмиз десак муболаға бўлмайди. Жумладан, инсон зотига Аллоҳ таоло томонидан ато этилган улуғ сифат ва фазилатлардан бири – кечиримли бўлишдир. Аллоҳ таоло инсонларнинг ташқи кўринишини гўзал ва ҳушбичим қилиб яратган. Агар инсон сийрати ва ички дунёсини ҳам чиройли қилса, шунда у мукаммаллик даражасига етиши мумкин.
Барча гўзал хулқларни ўзларида жам қилган Зот – Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам кечиримли бўлиш фазилати борасида шундай деганлар: “Кимки қодир бўла туриб, ғазабини ютса, Аллоҳ таоло Қиёмат куни уни чақириб, бутун халойиқ олдида ҳурлардан хоҳлаганича олишга ихтиёр беради” (Имом Термизий ривоятлари).
Аллоҳ таоло барчаларимизни бир-биримизга меҳр-оқибатли бўлишимизни насиб қилсин.
Мусалламов Толибхон
Наманган шаҳар “Абу Ҳанифа” жоме
масжиди имом-ноиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022