МЕҲР-У ОҚИБАТ КЎТАРИЛМАСИН

Шариатимизнинг нозик масалаларидан бири–талоқдир. Ҳеч кимга сир эмас, баъзи ёшларимиз бу масалага енгил қарамоқдалар. Билиб-билмай, тушуниб-тушунмай арзимаган оилавий можаролар сабабли бу иборани ишлатиб қўйиб, ўз жуфти ҳалолларини ўзларидан бегона қилиб қўймоқдалар. Жаҳлдан тушиб, эс-ҳушлари жойига келгач, афсус-надомадлар чекиб, имом-хатиблар, уламолар ҳузурига нажот излаб бормоқдалар.
Бу лафз тилга олинганда, Аллоҳнинг арши ларзага келиб, шаръий никоҳ фосид бўлади. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадиси шарифларида айтганларки:
"Ҳалол ва рухсат қилинган нарсалар ичида Тангрига хуш келмайдигани- талоқдир".
Алҳамдулиллаҳ, муқаддас Ислом динимиз ўзининг ҳар томонлама мукаммаллиги ва тўкислиги билан ажралиб туради. Унинг кўрсатмалари инсонга хизмат қилишни ўз олдига вазифа қилиб қўйган. Жумладан, никоҳ шариатимизда мўътабар ва улуғ муомалалардан бири ҳисобланади. Бу ҳақида кўплаб оятлар, жаноби Пайғамбаримизнинг ҳадиси шарифлари бор. Улар оилани мустаҳкамлаш, унинг ҳар бир аъзосига соғлом, маънавий етук, дунё ва охирати учун фойдали ҳаётий йўл соҳиби бўлишини тавсия этади.
Исломда никоҳ қаторида талоқ масалалари ҳам эътиборга олинган. Талоқ калимаси ҳеч қандай чора қолмагач, икки томоннинг ҳам яхшилик билан ажрашишлари учун охирги йўлдир.
Шариатга кўра, талоқ – ўзаро муросалари келишмаган эр ва хотиннинг қариндош - уруғлар, қўни- қўшнилар олдида бир-бирига ҳурмат билан ажрашишларини таъминлаш йўлидир. Аммо шуни унутмаслик керакки, бу ҳолат, эр ва хотиннинг табиати бир – бирига тамоман зид келиб, ҳеч қандай панд- насиҳатлар кор қилмай қолгандагина рухсат этилган. Арзимас, енгил-елпи камчилик ва хатолар туфайли бундай қарорга келиш ўта нодонликдир.
Талоқ қилгунча, Аллоҳ оила бошлиғи– эр гарданига хотиннинг тарбиясини бажаришни тўрт йўл билан буюрган. "Нисо" сурасининг 32-оятида аввал хотинга Қуръон ва ҳадис, ҳикматли сўзлар билан панд-насиҳатни, қулоғига олмаса, ётар жойини алоҳида қилишни, бу тадбир ҳам кор қилмаса, унда уришни буюрди. Буни улуғ муфассирлардан Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: "Гап билан шундай уринки, аёл бу гапни эшитгандан калтак еганим яхшироқ эди", десин деб маъно берганлар.
Яна бир тадбир: аёлга гапи ўтадиган ота-онаси, ёши улуғлардан ўртага тушиб, уларни ислоҳ қилишга тарғиб қилинади. Мазкур тадбирлар наф берса, эркак кишига бу аёл билан бўлиб ўтган ишларни юзига солмасдан, аҳил, ширин турмуш кечиришни буюрилади. Акс ҳолда, охирги чора–талоқдир.
Бизнинг ҳанафий мазҳабимизда барча талоқлар эътиборлидир. Фақат уйқу билан ғўлдираб айтилган талоқ, тушдаги ва ҳеч ким эшитмайдиган паст овозда айтилган талоқ эътиборга олинмайди. Шунинг учун талоқ масаласида ёшларимиз жуда эҳтиёт бўлишлари талаб қилинади.
Аллоҳ таоло янги турмуш қураётган келин-куёвлар аҳил-иноқ, меҳру оқибатда ҳаёт кечиришларини, оилалари мустаҳкам бўлишини насиб қилсин.
Иброҳим Қосимхўжаев,
Наманган шахар “Ғойибберди Махдум” жоме
масжиди имом-хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022