Қоронғи режим
Image
Logo

Мўъминлар хулқи қандай бўлади?

Мўъминлар хулқи қандай бўлади?

«Ахлоқ» «хулқ» сўзининг кўплиги бўлиб, инсонда шаклланадиган хулқ-атворни билдиради.
Баъзи уламолар ахлоқни «ироданинг одати» деб таърифлаганлар. Яъни ирода ўзига бир нарсани одат қилиб олса, мана шу одат ахлоққа айланган бўлади. Мисол учун, кишининг иродаси хайр-эҳсон қилишга азму қарорли бўлиб, бу унинг одатига айланса, мана шу «карамли хулқ» дейилади.
Исломда ахлоқий тарбия диний тарбиянинг ажралмас қисмидир, десак, муболаға қилмаймиз. Зеро, дин яхши деб ҳисоблаган ва даъват этган нарсалар эзгулик, ёмон деб ҳисоблаган ва ман этган нарсалар ёвузликдир. Шунингдек, дин буюрган, ҳаётда ва муомалада касб этишга тарғиб этган ахлоқ ва фазилатлар Ислом жамиятида қадрият, чиройли хулқ ва маънавий фазилатлар ҳисобланади.
Ахлоқий дунё ўз табиатига кўра динийдир. Ахлоқи ва муомаласи гўзал бўлмаган мусулмоннинг дини ҳам мукаммал ҳисобланмайди.
Қадимдан ахлоқ илми уламолари «Одамдаги ахлоқлар унинг яратилишида қўшиб яратилган бўладими ёки киши ахлоқни кейин ўрганадими?» деган саволга жавоб беришда ихтилоф қилишган.
Улардан баъзилари: «Яхши ва ёмон ахлоқ инсон яратилган чоғида қўшиб яратилади, ахлоқни кейин касб қилиб бўлмайди», деганлар.
Бошқа бир гуруҳ уламолар: «Инсон туғилганида ҳеч қандай фазилат ёки разилатсиз туғилади, унда қандай хислат бўлса, туғилганидан кейин пайдо бўлади», деганлар.
Ахлоқ илми уламолари эса: «Ота-онасида мавжуд бўлган баъзи ахлоқлар хамиртуруши инсонга онасининг қорнидалик пайтидаёқ ўтади. Аллоҳ бандани халқ қилиш чоғида ахлоқ қобилиятини ҳам қўшиб яратади. Инсон ўсиши жараёнида тарбия, муҳит ва одатланиш оқибатида у ёки бу ахлоқни ўзида ривожлантиради ёки йўқотиб юборади», дейдилар.
Шунинг учун ҳам Исломда хулқни сайқаллашга алоҳида эътибор берилади. Бу иш ҳар бир мусулмон учун лозим ва лобуд ишлардан бири даражасига кўтарилади.
Аллоҳ таоло Қалам сурасида марҳамат қилади:
«Ва албатта, сен буюк хулқдасан» (4-оят).
Бу ояти карима Пайғамбар алайҳиссалом учун катта ва олий баҳодир. Аллоҳ таоло у зотга хитоб қилиб, хулқларини «буюк», дея сифатламоқда.
Язийд ибн Бобанусдан ривоят қилинади:
«Оишанинг олдига кириб: «Эй мўминларнинг онаси! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари қандай бўлган эди?» дедик. У киши:
«Хулқлари Қуръон эди. Муъминун сурасини қироат қиласизларми? «Қод афлаҳал муъминун»ни ўқи!» деди».


Язийд айтади:
بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَٰنِ الرَّحِيمِ قَدْ أَفْلَحَ الْمُؤْمِنُونَ
1. Батаҳқиқ, мўминлар нажот топдилар..
الَّذِينَ هُمْ فِي صَلَاتِهِمْ خَاشِعُونَ
2. Улар намозларида хушуъ қилувчилардир..
وَالَّذِينَ هُمْ عَنِ اللَّغْوِ مُعْرِضُونَ
3. Улар беҳуда нарсалардан юз ўгиргувчилардир..
وَالَّذِينَ هُمْ لِلزَّكَاةِ فَاعِلُونَ
4. Улар закотни адо қилгувчилардир..
وَالَّذِينَ هُمْ لِفُرُوجِهِمْ حَافِظُونَ
5. Улар фаржларини сақловчилардир..
إِلَّا عَلَىٰ أَزْوَاجِهِمْ أَوْ مَا مَلَكَتْ أَيْمَانُهُمْ فَإِنَّهُمْ غَيْرُ مَلُومِينَ
6. Магар ўз жуфти ҳалоллари ва қўлларида мулк бўлганлардан (сақламасалар), албатта, улар маломат қилинувчи эмаслардир..
فَمَنِ ابْتَغَىٰ وَرَاءَ ذَٰلِكَ فَأُولَٰئِكَ هُمُ الْعَادُونَ
7. Ким ана шундан бошқани талаб қилса, бас, ана ўшалар тажовузкорлардир..
وَالَّذِينَ هُمْ لِأَمَانَاتِهِمْ وَعَهْدِهِمْ رَاعُونَ
8. Улар омонатларига ва аҳдларига риоя қилгувчилардир..
وَالَّذِينَ هُمْ عَلَىٰ صَلَوَاتِهِمْ يُحَافِظُونَ
9. Улар намозларини муҳофаза қилувчилардир..


«Мен «Қод афлаҳал муъминун»ни то «ли фуружиҳим ҳофизун»гача ўқидим.
«(Бу) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари эди», деди Оиша».
Бухорий «Ал-Адаб ал-Муфрад»да ва Насоий «Кубро»да ривоят қилган.
Яъни Муҳаммад алайҳиссалом Қуръондаги олий хулқлар билан хулқланиб, барча яхши одоб-ахлоқни ўзларига сингдирганлар.
Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қиёмат куни мўминнинг мезонида чиройли хулқдан кўра оғирроқ нарса бўлмас. Албатта, Аллоҳ фаҳш ва чиркин сўз айтувчини ёмон кўрур», дедилар».
Термизий ривояти.

Суфиев Жаъфархон,
Тўрақўрғон туман "Исҳоқхон тўра" жоме
масжиди имом хатиби.

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг