Қоронғи режим
Image
Logo

ОТА-ОНАГА ИТОАТ ҚИЛИШ

ОТА-ОНАГА  ИТОАТ ҚИЛИШ

Ота-онага хизмат ва итоатнинг мукофоти Аллоҳ ва Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам ваъда берганларидек, фақат, Жаннатдир. Аллоҳ таоло солиҳ, Ўзининг розлигини топган бандаларига ҳар бирининг даражасига қараб мукофотларини ваъда қилади. Мўмин учун энг олий мукофот бу Аллоҳнинг жамоли. Аллоҳ жамолини эса жаннатийларга кўрсатади. Бу ҳақда Ўзи хабар беради.

Аллоҳ таоло “Нисо” сурасининг 36-оятида шундай марҳамат қилади:

“Ва Аллоҳга ибодат қилинглар ва Унга ҳеч нарсани ширк келтирманглар. Ота-онага яхшилик қилинглар”. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам она-ота ҳақида сўралганида: “У иккови сенинг жаннатинг ва ё жаҳаннамингдир” (Ибни Можа), деб марҳамат қилганлар. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадиси шарифларида Жаннатни ҳали охиратга кўчмасдан туриб қўлга киритиш мумкинлиги ҳақида хабар бермоқдалар. Кўпчилигимиз ушбу ҳадиси шарифни кўп бора эшитган бўлсак-да, унинг моҳиятини чуқур англаб етмаганмиз. Нима учун?

Абу Ҳурайра ва Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳумо) ривоят қилади: “Кунлардан бир куни Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) минбарга кўтарилдилар-да, “Омин”, дедилар. Кейин иккинчисига кўтарилдилар-да, “Омин”, дедилар. Сўнг тик турдилар-да, “Омин”, дедилар. Бу ҳолатдан таажжубланган саҳобалар: “Нима учун “Омин”, дедингиз, ё Расулуллоҳ?” деб сўрашди”.

Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳозир ҳузуримга Жаброил (алайҳиссалом) келиб, менга: “Эй Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)! Сизнинг исмингиз зикр қилинганда, ким сизга салавот ва салом айтмаса, унинг бурни ерга ишқалансин”, деди, мен “Омин”, дедим.

“Ким ота-онасининг ёки улардан бирининг кексаликларида хизматларини қилмай, жаннатга кирмаса, унинг ҳам бурни ерга ишқалансин”, деди, мен “Омин”, дедим.

“Ким рамазон ойига етса-ю, гуноҳлари мағфират қилинмаса, унинг ҳам бурни ерга ишқалансин”, деб дуо қилди, мен “Омин”, деб жавоб қилдим”, деб айтдилар (Имом Бухорий ва Имом Термизий).

Иёс ибн Муовиянинг онаси вафот этганда, у киши роса йиғлайди. Одамлар ундан: “Сизни нима йиғлатди?” деб сўрашади. Шунда у: “Менинг жаннат сари очилган иккита эшигим бор эди. Улардан бири беркилди” деб жавоб берган экан.

Имоми Ғаззолий ўзининг “Иҳёу улумиддин” асарида “Онага қилинган яхшиликнинг савоби фарзандга икки марта қилиб берилади” дейди.
Манбалар асосида тайёрланди

Азизов Қодирхон,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Косонсой туман бош имом хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг