ТАСАВВУФ ҲАҚИДА ТАСАВВУР

Тасаввуф, суфийлик Исломнинг суннийлик йўналишида VIII-IX асрларда вужудга келган ва Х-ХII асрларда мустақил таълимот сифатида шаклланган йўналиш ҳисобланади.
Тасаввуфнинг шаклланишига туртки бўлган зоҳидлик, таркидунёлик ғоялари исломнинг илк давридан вужудга келган. Айрим мутахассислар VII аср иккинчи ярмида яшаб ўтган саҳобалар Абу Зарр ал-Ғифорий, Ҳузайфа ибн ал-Ямон, Салмон ал-Фори-сий, Ҳасан ал-Басрийни дастлабки тасаввуф намояндалари ҳисоблайдилар. Дастлабки суфийлар ҳадис тўпловчилар, дарвишлар, қорилар, тақводор ҳунарманд ва савдогарлар бўлган.
ХI-ХII аср ўрталарига келиб Хуросондаги суфийлар тўпланадиган жой - қаландархоналарда "устоз (шайк, муршид, пир) - шогирд (мурид)" институти шакллана бошлаган. Тасаввуф таълимотига биноан, суфийлик инсоннинг қалбини ёмон иллатлардан тозалаш ва яхши хулқни сингдириш йўли саналиб, ушбу йўл тариқа - ҳақиқатни илоҳий англаш усули ҳисобланади.
Тасаввуфга кўра, суфий руҳий камолотга тўртта босқични босиб ўтиш орқали эришади: шариат (Ислом таълимотига тўлиқ амал қилиш), тариқат (муриднинг ўз шайхига итоатда бўлиб, руҳий тарбияланиши), маърифат (Аллоҳни юрак билан англаш], ҳақиқат (ҳақиқатга тўла етишиш).
XII аср охирида тасаввуфда устоздан етук шогирдга ўтиб келувчи диний-маънавий бардавомлик институти - силсила шаклланган. Муршидлар силсиласи Абу Бакр Сиддиқ ва Али ибн Абу Толиб орқали Муҳаммад алайҳиссаломга тақалади. Силсила муайян суфий етакчининг "тариқати" - суфий жамоалар вужудга келишига хизмат қилган. ХII-XIV асрларда суфий-ликда қуйидаги 12 та асосий тариқат шаклланган: рифоия, яссавия, шозилия, суҳравардия, чистия, кубровия, бадавия, қодирия, мавлавия, бектошия, хилватия, нақшбандия. Илк суфийларнинг ўзига хос жиҳатлари сифатида қуйидагиларни қайд этиш мумкин: шариат аҳкомлари асосида ҳаёт кечириш, таркидунёчилик, зоҳидлик (зуҳд); зикр (само); руҳий ибодат (тафаккур); Аллоҳнинг иродасига тўлиқ ишониш (таваккул); Қуръонни нақлан талқин қилиш (таъвил).
Марказий Осиёда тасаввуфнинг нақшбандия, яссавия, қодирия ва кубровия тариқатлари кенг тарқалган. Нақшбандия, яссавия ва кубровия тариқатлари етакчилари дастлабки ривожланиш босқичларида Жунайд Бағдодий ғояларига амал қилганлар ва кейинчалик уни ривожлантирганлар.
Нақшбандия тариқатига Баҳоуддин Нақшбанд (1318 - 1389) асос солган. У тасаввуф таълимотини Муҳаммад Бобойи Самосий, Саййид Мир Кулол, Мавлоно Ориф, Халил ота, Қусам Шайх каби суфий уламолардан олган. Таълимотини яратишда Юсуф Ҳамадоний [1048 - 1141) ва Абдулхолиқ Ғиждувоний (1103 -1179)ғояларига асосланган.
Баҳоуддин Нақшбанд деярли бутун умр Бухоро ва унинг ён-атрофидаги қишлоқларда фаолият юритган. Ушбу тариқат таълимотида илм фарзлиги, ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланиш зарурлиги, оилани унутмаслик ва Ислом аҳкомларини мутаассибона талқин қилмаслик талаб қилинган. Зикри хуфя (дилда, овоз чиқармай) айтилади. Баҳоуддин Нақшбанднинг "Кўнглинг Аллоҳда бўлсин, кўлинг меҳнатда" деган шиори суфийларда ижтимоий ҳаётдан узилмасликка ва меҳнатга ижобий муносабатни шакллантирган. Баҳоуддин Нақшбанднинг бадавлат муридлари бўлишига қарамай, у аввал деҳқончилик, кейинчалик кимхобга нақш (гул) солиш ҳисобига кун кечирган. Нақшбандия Марказий Осиёдан ташқари деярли барча мусулмон мамлакатларида, жумладан, Кичик Осиё (Анатолия), Кавказ, Туркия, Эрон, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон каби мамлакатларда тарқалган.
Абдуллохон Лутфуллаев,
Наманган шаҳри “Боқи Мирзо” жоме
масжиди имом хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022