Қоронғи режим
Image
Logo

ЙЎЛ ҲАРАКАТИ ОДОБЛАРИГА РИОЯ ҚИЛИШ

ЙЎЛ ҲАРАКАТИ ОДОБЛАРИГА РИОЯ ҚИЛИШ

Аллоҳ таоло биз бандаларига берган неъматлари сонсиз-саноқсиздир. Банда бу неъматларни санаб саноғига ета олмайди. Бу борада Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Наҳл сурасининг 18-оятида қуйидагича марҳамат қилади:

яъни“Агар Аллоҳнинг (неъмат)ларини санасангиз, саноғига ета олмайсиз, Ҳақиқатан, Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир”

 Инсон зотига турли хил уловларнинг бўйсундирилиши, ҳаракатланиши учун қулай йўллар қилингани, кейинги асрларда янги-янги транспорт воситаларининг кашф этилиши Аллоҳ таоло томонидан ато этилган улуғ неъматлардир. Ушбу Аллоҳ таоло берган неъматлар инсон ҳаётини фаровон бўлишида, ҳаёт кечиришида ҳамда турли муносабатларни амалга оширишида беминнат хизмат қилади. Барча берилган неъматларнинг шукри ушбу берилган неъматдан  оқилона фойдаланиш орқали бўлади. Жумладан ҳозирги кунимизда бизларни узоғимизни яқин, оғиримизни енгил қилаётган автоуловлар ҳисобланади.  

Инсон автоулов бошқаришда биринчи навбатда ниятини тўғрилаши лозим. Ушбу улов банда учун неъмат эканлигини унда бошқа инсонларнинг ҳам ҳақлари бор бўлишлигини унутмаслиги лозимдир.

Шунингдек автоулов бошқаришда кибр ва манмансирашликга йўл қўймаслик лозимдир. Зеро Аллоҳ таоло Луқмон сурасининг 18-оятида қуйидагича марҳамат қилади:

яъни “Одамларга (кибрланиб) юзингни буриштирмагин ва ерда керилиб юрмагин! Чунки, Аллоҳ барча кибрли, мақтанчоқ кимсаларни суймас” ушбу оятга мувофиқ инсон ер юзида ҳоҳ пиёда бўлсин ҳоҳ уловда бўлсин кибрланиш ва мақтанчоқликдан ўзини эҳтиёт қилиши лозимдир.

Инсонуловда юрганида қўлидан келганича ўзи ва ўзгаларни хатарга қўймаслиги, пиёдалар, йўловчилар ва бошқа ҳайдовчилар ҳаётига хавф солмаслиги керак. Бунинг учун эса йўл ҳаракати қоидаларига, светофор чироқлари ишораларига риоя қилиши лозим бўлади. Қизил чироқда ўтиш – бошқа бир йўл ҳаракати иштирокчиси ҳаққини поймол қилиш ҳисобланади. Ислом Фиқҳи Академияси ва Саудия Арабистони подшоҳлигининг илмий баҳслар ва фатво бериш бўйича доимий қўмитаси каби фатво ташкилотлари ва жумҳур уламолар йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш вожиб эканини таъкидлашади. 

Маълумки, динимизда кўчадан ўтиш ёки унда тўхтаб туриш ҳаққи – умумий. Ундан пиёда ҳам, автомашинада ҳам фойдаланиши мумкин. Бунда саломатлик, яъни ўзига ҳам, ўзгага ҳам зарар бермаслик шарт қилинади. Чунки Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг қуйидаги сўзлари Исломнинг асос қоидаларидан биридир:

яъни: Зарар кўриш ҳам зарар бериш ҳам йўқ” (Имом Ибн Можа ривояти).

Юқоридаги шаръий қоидага кўра ҳайдовчи ўзгаларнинг жони, молига етказган зарари учун жавобгар бўлади. Ҳайдовчига боғлиқ бўлмаган, унинг айби йўқ ҳолатлар – бундан мустасно.

Сўнги вақтларда ҳайдовчи ва йўловчилар орасида автоулов ёки жамоат транспортида юрганда автоулов ойнасидан турли хил чиқинди ва шунга ўхшаш нарсаларни улоқтириб кетиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Динимизда бундай ишларни бажаришдан  қатъий қайтарилган бўлиб бу борада Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг қуйидаги ҳадислари яққол далил бўла олади. Жумладан:

яъни: “...Йўлнинг ҳаққи – кўзни тийиш, азият бермаслик, саломга алик олиш, яхшилика буюриш ва ёмонликдан қайтариш (Муттафақун алайҳ).

Ҳадиси шарифдаги “азият” кўп нарсаларни ичига олади. Жумладан йўлга азият берувчи нарсалар улоқтириш, ўзаро ҳурматсизлик, йўл талашишлик ва шунга ўхшаш ёмон иллатларни ўз ичига олади.

            Хулоса ўрнида шуни таъкидлаймизки инсон хоҳ йўловчи бўлсин хоҳ пиёда бўлсин бир нарсани унутмаслиги керакки ҳаммамиз ҳазрати Инсонмиз. Инсон эса Аллоҳ таоло ер юзидаги яратган нарсаларининг энг карамли ва шарафлисидир.   

 

Нурулло Маҳкамов,
Чуст туман “Саид Насимхон тўра”
жоме масжиди имом-хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг