ЙЎЛ ҚОИДАСИ УМР ФОЙДАСИ

Мусулмон кишини йўл ҳаракати қоидалари, одоб ва маданиятларига амал қилиши кузатув камералари ёки йўл ҳаракати ҳавфсизлиги бўлинмалари ходимлари назорат қилаётгани учун эмас, балки амалдаги йўл ҳаракати қонун-қоидаларига амал қилиш – Ислом шариатининг талаби деб эътиқод қилган ҳолда бажариши керак. Шунда йўлда юриш ҳам ибодатга айланади.
Муборак динимиз кўрсатмалари инсон ҳаётининг ҳамма жиҳатини ўз ичига қамраб олади ва унинг шахсий, оилавий ва ижтимоий ҳаётидаги ўрнини белгилаб беради. Ислом шариати инсоннинг ҳаёти ва мол-мулкини муҳофаза қилиш мақсадида одам боласини азиз ва мукаррам деб эълон қилган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деб марҳамат қилади:
“Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик” (Исро сураси 70-оят).
Инсон зотига турли хил уловларнинг бўйсундирилиши, ҳаракатланиши учун қулай имкониятлар қилингани, кейинги асрларда янги-янги транспорт воситаларининг кашф этилиши – Аллоҳ таоло томонидан бандасига ато этилган улуғ неъматлардир.
Ислом шариати йўл ҳаракати қоидаларига – ижтимоий қоидалар сифатида қарайди ва унга риоя қилишга буюради.
Транспорт воситасини бошқаришда мусулмонлар риоя этишлари лозим бўлган кўплаб суннатлар ва одоблар мавжуд
Энг муҳим вазифа – инсон уловда юрганида ўзи ва ўзгаларни хатарга қўймаслиги, пиёдалар, йўловчилар ва бошқа ҳайдовчилар ҳаётига хавф солмаслиги керак. Бунинг учун эса йўл ҳаракати иштирокчиларининг барчаси йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя қилишлари лозим бўлади. Қоидани бузиш – бошқа бир йўл ҳаракати иштирокчиси ҳаққини поймол қилиш ва унга зулм қилиш ҳисобланади.
Хадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар:
“Исломда зарар кўриш ҳам зарар бериш ҳам йўқ” (Имом Байҳақий, 133-ҳадис).
Ушбу шаръий қоидага кўра, ҳайдовчи ўзгаларнинг жони, молига етказган зарари учун жавобгар бўлади.
Ҳар бир мусулмон ҳайдовчи ўзининг бепарволиги, масъулиятсизлиги, автотранспортга хизмат кўрсатиш ва йўл ҳаракати тартиб-қоидаларига риоя этмаслиги оқибатида бахтсиз ҳодисалар кўпайиб бормоқда.
Инсоннинг ҳаёти ва соғлиғи Аллоҳ таоло томонидан вақтинча берилган. Ўз соғлиғига зарар етказган одам ушбу қилмиши учун Яратган олдида жавоб беради. Ҳайдовчи ва пиёдалар транспорт йўлларида йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмаслиги, аввало ўз ҳаётларини, қолаверса бошқа инсонларни ҳам хавф остига қўяди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда инсонларни ўз жонларини таҳликага солишдан қайтарган. Ҳайдовчининг бу чекловни бузиши ўзининг ва бошқаларнинг ҳаётини хатарга қўйиш бўлади.
Аллох-таоло барчаларимизи йўлларимизи бехатар қилсин.
Кенжабек Солиев
Чуст туман “Ғойиб Эронлар” жоме
масжиди имом-хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022