Қоронғи режим
Image
Logo
САҲОБАЛАР ҲАЁТИДАН ЧИЗГИЛАР: ХУЗАЙМА ИБН СОБИТ РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУ

САҲОБАЛАР ҲАЁТИДАН ЧИЗГИЛАР: ХУЗАЙМА ИБН СОБИТ РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУ

Саҳобаларнинг ичида Хузайма ибн Собит исмли киши бўлган. Бу кишининг лақаби "Зушшаҳодатайн" бўлган. Яъни, икки гувоҳлик одам, дегани. Унга бу лақабни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам берганлар. Бунинг эса албатта сабаби ва мўмин-мусулмонлар учун келажакда улкан фойдани келтирган ҳикмати, мўъжизаси ҳам бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни бозорга чиқиб, бир аъробийдан от сотиб олдилар. Сотиб олган чоғлари аъробий талаб қилган қиймат ёнларида йўқлиги учун у билан келишиб, отни бир жойга боғлаб қўйиб, келишилган маблағни олиб келиш учун уйларига кетдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам манзил сари юриб кетаётган эдилар, аъробийнинг олдига бир одам келиб, отни сотасанми, деб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам берган қийматдан кўра, кўпроқ нархни беришини айтди. Аъробий эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга қараб: "Ўзи бу отни сотиб оласанми, ё бошқасига сотаверайми", деб нидо қилди. Ваҳоланки, савдо пишиб бўлган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кетиб турган жойларидан қайтдилар ва: "Ахир мен сендан сотиб олмаганмидим?!", дедилар. Аъробий эса: "Аллоҳга қасамки, мен сенга сотмаганман", деди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эса: "Йўқ, мен сендан буни сотиб олганман", дедилар. Аъробий эса энди ғирромликка ўтди. "Айтган гапинга гувоҳинг борми", деди. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шу отни савдосини қилганларида ҳақиқаттан ҳам биронта гувоҳ йўқ эди. Шу жойда Хузайма ибн Собит розияллоҳу анҳу аъробийнинг гапини эшитиб қолди. "Мен сени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан келишиб, савдо қилганингга шоҳидман", деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса Хузайма ибн Собит розияллоҳу анҳунинг олдига келиб, "Нима учун гувоҳлик беряпсан?", дедилар. У киши эса: "Ё Расулуллоҳ! Сиз келтирган шунча нарсани тасдиқлайману, шу арзимаган нарсага сизни инкор қилайми", деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хузайма розияллоҳу анҳунинг истинботидан, яъни, ижтиҳодидан шодландилар. Жуда ҳам хурсанд бўлдилар ва: "Кимга Хузайма гувоҳлик берса, етарли бўлади", дедилар. Яъни, одатда, никоҳ ва бошқа шартномаларда иккита эркакнинг гувоҳлиги лозим бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқоридаги сўзлари билан Хузайманинг бир ўзининг гувоҳлиги икки киши учун кифоя қиладиган бўлди. Уша вақтдан бошлаб, бу кишининг кунялари "Зушшаҳодатайн" бўлди.

Хузайма розияллоҳу анҳу мазкур лақаб билан лақабланишида ҳам илоҳий ҳикмат бўлган. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида Қуръони карим оятлари варақлар, кийик терилари, дарахт пўстлоқларига кўчириб бориларди. Орадан йиллар ўтди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу дунёни тарк этдилар. Ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳу Қуръони карим варақларини бир ерга тўплаб, ягона мусҳаф этиб тўплашга бел боғлади. Бу шарафли ҳамда масъулиятли ишни амалга ошириш учун Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу каби саҳобалар сафарбар этилди. Ҳар бир Қуръон ояти айнан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида кўчирилганига икки киши гувоҳ бўлиши шарт қилинди.

Бўлиб ўтган воқеани Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу бундай ривоят қилади: «Мусҳафи шарифни кўчираётган вақтимизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган: «Мўминлар орасида Аллоҳга берган аҳдига содиқ кишилар бордир. Бас, улардан ўз наз­рига вафо қилгани (шаҳид бўлгани) ва улардан (шаҳид бўлишни) кутаётгани бордир. Улар (аҳду паймонларини) ўзгартирганлари йўқ» (Аҳзоб, 23) ояти кўчирилган терини йўқотиб қўйдик. Уни Хузайма ибн Собит розияллоҳу анҳудан топдик. Пайғамбаримиз алайҳиссалом рухсат берганлари учун гувоҳлигини икки кишининг гувоҳлиги ўрнида қабул этдик». Бошқа бир ривоятда эса Тавба сурасининг сўнгги икки (128 ва 129) ояти, деб зикр қилинган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга чексиз салавоту-саломларимиз бўлсин! Аллоҳ таоло барчаларимизни саҳобалар каби иймон, ихлос, эътиқод ва тақволаридан ўрнак олишимизни насиб этсин!

 

Манбалар асосида тайёрланди

Қодиржон Умурзаков

Поп тумани "Муҳаммаджон қори"

жоме масжидининг имом-хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг