Ақидада адашмайлик

Ҳозирда халқимиз орасида Ислом дини ҳақида билимларини ошириш мақсадида ўқиб-ўрганаётган, хусусан интернет тармоғидан фойдаланаётган юртдошларимиз, айниқса ёшларнинг сони ортиб бораётгани маълум. Бу қувонарли ҳолат, албатта. Аммо ана шу сайтларнинг барчасида ҳам ақидавий масалаларда Аҳли сунна вал жамоа ақидасига мувофиқ фикрлар берилмайди.
Аксинча минг йилдан бери мусулмонларни бирлаштирган соф ақида асослари борасида оддий инсонларни шубҳага солиш ва ўзининг бузуқ ақидасини тиқиштиришга уринадиганлар талайгина.
Ҳозирда пайдо бўлган баъзи тоифалар Пайғамбаримиз алайҳиссалом мақтаган аввалги уч асрда яшаб, таълим олиб, умматга пешқадамлик қилган Имом Абу Мансур Мотуридий ва Имом Ашъарий каби уламоларимиздан хато излаш пайида бўлмоқдалар. Ваҳоланки, неча асрлардан буён мусулмон олами бир овоздан имом Абулҳасан Ашъарий ва Имом Абу Мансур Мотуридийни Аҳли сунна вал жамоанинг ақида бўйича имомлари деб тан олганлар.
Имом Муҳаммад Зоҳид Кавсарий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:
“Имом Ашъарий ва Имом Мотуридий — машриқу мағрибда Аҳли сунна вал жамоа имомларидир. Уларнинг кўп сонли китоблари бор. Улар ўртасидаги фарқли масалалар асосан лафзийдир”.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бизга турли фирқалар кўпайган пайтда мусулмонларнинг катта жамоасини лозим тутишни таъкидлаб, шундай деганлар:
“Агар ихтилофни кўрсангиз, катта жамоани лозим тутинг” (Имом Ибн Можа ривоятлари).
Демак, ҳозирги кунгача ҳам ва ҳозирги кунда ҳам катта жамоат – Имом Мотуридий ва Имом Ашъарийларнинг ақидада тутган йўллари ҳамда фиқҳда тўрт мўътабар мазҳаб – ҳанафий, моликий, шофеъий ва ҳанбалийларга мувофиқ келади. Мана шулар Аҳли сунна вал жамоани ташкил этади. Аҳли сунна вал жамоа ичида булардан бошқа эътиқодий ва фиқҳий мазҳаблар мавжуд эмас.
Афсуски, ҳозирги вақтда дунё мусулмонларини ташвишга солиб турган, низоли юртларда содир этилаётган қонли воқеаларга сабаблардан бири ҳам ақидавий масалаларни тўғри англамасликдир. Масалан, амални имоннинг шартлари қаторига киритиш билан Ислом шариатида буюрилган амалларни бажармаётган ёки динда қайтарилган ишларни қилаётган кишиларни куфрда айблаб, уларнинг қонини тўкиш ва молларини талон-тарож қилишни ҳалол дейиш авж олмоқда. Бунинг оқибатида ислом оламида қанчадан-қанча ҳунрезликлар, мусулмонларнинг, хатто ёш гўдакларнинг халок бўлиши билан боғлиқ аянчли воқеалар содир этилмоқда.
Албатта, бу фитналарнинг асосий сабаблардан бири – жаҳолат, ислом ақидасини тўғри англамасликдир!
Ақида – динни асосидир. Инсонларнинг солиҳ амалларини қабул бўлиши ширк ва куфрдан ҳоли бўлган соғлом ақидага боғлиқдир. Aгар кишининг ақидаси тўғри бўлмаса, қилган амаллари бекор бўлади.
Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзи рози бўлган ҳақ йўлида бўлишимизга муваффақ этиб, ақидада адашишдан, турли фирқаларга бўлинишдан паноҳида асрасин!
Мирзохид Умурзоқов,
Мингбулоқ туман «Топтиқ Азиз» жоме
масжиди имом-хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022