Қоронғи режим
Image
Logo

Имоннинг шартлари хусусидаги қарашлар

Имоннинг шартлари хусусидаги қарашлар

«Имон» масаласи калом илмининг энг нозик ва асосий мавзуларидан бири ҳисобланади. Чунки имонга берилган орқали банданинг хатти-ҳаракатига ҳукм чиқарилган.

Имом Аъзам Абу Ҳанифа ва мотуридия уламоларининг таърифига кўра: «ал-Имон – ал-иқрор бил лисон ват тасдиқ бил қалб бимо жоа биҳи мин индиллоҳи Муҳаммадур расулуллоҳи саллаллоҳу алайҳи васаллам», яъни «Имон – Муҳаммад, унга Аллоҳнинг раҳмат ва саломлари бўлсин, Аллоҳнинг ҳузуридан келтирган нарсаларни тил билан иқрор қилиб, қалбан ишониш, тасдиқлаш»дан иборат. Бу таърифга кўра, асосан, қалб билан тасдиқлаш имоннинг ажралмас қисми ҳисобланган.

Юқорида имонга таъриф орасида ҳанафий мазҳаби уламоларининг қарашлари мўътадил ҳисобланган. Мотуридия уламолари карромийларнинг фикрларини қоралаб бир қатор нақлий ва мантиқий далил-ларни келтирадилар. Жумладан, мотуридия таълимоти вакили Абул Муин Насафий «Баҳр ал-калом» асарида имоннинг фақат тил билан қарор топишини инкор этиб, Қуръоннинг «Моида» сураси, 41-оятни далил келтиради: Эй, Расул! Оғизлари билан: «Имон келтирдик» дейдиган, (лекин) диллари имон келтирмаганлардан (бир қисми) куфр сари интилаётганлари Сизни хафа қилмасин! Муаллиф ўз асарида далил қилиб келтирган мазкур оятда тил ва дилнинг икки хил бўлиши, яъни тилда имон келтириб, дилда имон келтирмаслик имонлилик эмас, балки имонсизликка интилиш экани зикр этилган.

Насафийнинг фикрича, агар имон фақат тил билан калимани айтишдан иборат бўлса, мунофиқ билан мўмин ўртасида фарқ қолмайди, яъни бундай ҳолатни мунофиқлик белгиси, деб ҳисоблайди. Унинг таъкидлашича, агар имон қалб билан бўлмаса, ундан ҳеч қандай фойда йўқ. Ҳанафийлар имоннинг қалбда бўлишига яна «Ҳужурот» сураси, 17-оятни далил келтирадилар:  Улар Сизга исломга кирганларини миннат қилмоқдалар. Айтинг: «Сизлар менга исломингизни миннат қилмангиз, балки агар (имонингизда) содиқ бўлсангизлар, билингизки, Аллоҳ сизларни имонга ҳидоят қилганини миннат қилур.

Шунингдек, ҳанафия- уламолари Имом Шофиий, муътазилийлардан фарқли равишда амалларнинг имондан алоҳида эканини эътироф этганлар. Абул Муин Насафийнинг таъкидлашича, Абу Мансур Мотуридий наздида имон – фақат қалб билан тасдиқлашдан иборат бўлган. Мотуридия уламолари ушбу фикрларига Қуръондан қуйидаги оятларни далил келтирганлар:

Эй, имон келтирганлар! Намоз (ўқиш)га турар экансиз.(«Моида» сураси, 6-оят).

Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз («Бақара» сураси, 183-оят).

Насафийнинг таъкидлашича, юқоридаги оятларда Аллоҳ намоз ўқишларидан ва рўза тутишларидан аввал, яъни мазкур амалларни бажармаган бўлсаларда, бандаларига «мўминлар» дея хитоб қилмоқда. Мазкур оятлар ҳам имон амаллардан алоҳида эканига далил бўлади. Шунингдек, Насафий асҳоби каҳф ва фиръавн сеҳргарлари амалларни бажармаган бўлсаларда, уларнинг имонлари Аллоҳ ҳузурида қабул қилинганини таъкидлайди.

Абу Ҳанифа наздида, мўминни амалларни мутлақ инкор этмасдан уни бажармаслиги имондан чиқармайди. Балки у осий, яъни гуноҳкор мўмин бўлади. Шунингдек, мўмин гарчи катта гуноҳ содир қилган бўлса ва уни  ҳалол ҳисобламаса, у ҳам имондан чиқмайди, балки фосиқ мўмин бўлади.

 

Одилхон Абдурахманов,
Наманган шаҳри “Абдулқодир қори” жоме
масжиди имом-ноиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг