Қоронғи режим
Image
Logo

АЖДОДЛАРИМИЗНИНГ ТАНЛАГАН ЙЎЛИ.

АЖДОДЛАРИМИЗНИНГ ТАНЛАГАН ЙЎЛИ.

Маълумки бу заминдан қанчадан қанча олиму-фузалолар, шоҳу-саркардалар, кураги ерга тегмаган паҳлавонлар ўтишган. Биз Ўзбек миллати ана шундай аждодларнинг меросхўрларимиз. Ўтмиш бобакалонларимизнинг тарихдаги ўрни уларнинг эгаллаган илму-маърифатлари бутун дунё аҳлини ҳайратда қолдирган. Темурийлар салтанатининг сўнгги шоҳларидан бўлмиш Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам аждодларимиз каби шоҳ бўлиб қолмай етук илму-ирфон соҳиби бўлган. Айниқса унинг нафақат давлат балки дин ва мусулмон олами учун қилган ҳизмати катта. Заҳириддин Муҳаммад Бобур давлатни бошқариш билан бирга қалбларни забт этувчи шоир эканини яхши биламиз. Аммо унинг дин ва мусулмонлар учун қолдирган меросини мукаммал билмаймиз. Заҳириддин Муҳаммад Бобур шоҳ, саркарда ва шоир бўлибгина қолмай, исломий дин фиқҳига доир асар соҳибидир. Унинг “Мубаййин” асари сўзимизнинг исботидир. Заҳириддин Муҳаммад Бобур ушбу асар орқали ўрта асрларда мўмин мусулмонлар орасидаги фитна ва қарама-қаршиликларни олдини олиш учун Соф исломий ақида ва Ҳанафий мазҳаби асосидаги ислом арконларини туркий забон, маснавий ва насрий шаклида ифодалаб беради. Мубаййин асарида соф ақида Мотуридий ақидаси билан, исломнинг беш арконини Ҳанафий мазҳаби асосида мукаммал баён қилинади. Заҳириддин Муҳаммад Бобур ушбу асар орқали Марказий Осиёда Аҳли суннат вал жамоанинг Ҳанафий мазҳаби кенг тарқалгани ва мусулмонларнинг асоси амалда ушбу мазҳабга мувофиқ ибодат ва ақидада амал қилиб келганликларини ифодалаб берган. Бу  тўғрисида кўплаб замонамиз олимлари тадқиқот ва илмий ишлар олиб борганлар.

Қиёслаб кўрилса, «Мубаййин» ҳукмлари асосан ҳанафий фиқҳининг мўътабар китоблари – «Ҳидоя»и шариф ва «Мухтасари виқоя»га мувофиқ экани маълум бўлади. Бугунги ҳаётимизда ҳам мусулмонлар орасида турли тортишувлар, фитналар ва турли оқимлар пайдо бўлмоқдаки, биз Ўзбек ҳалқи ва мусулмонлари ўтмиш аждодларимиздан қолган меросларни ўрганишимиз, тадқиқ қилишимиз ва амалда бардавом бўлишимиз лозим. Зеро аждодларимизнинг ҳаётида бугун бизлар йўлиқаётган диний масалалардаги ихтилофларнинг ечимлари мавжуд. Айниқса Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Мубаййин” асарида келтирилган ислом дини устуни бўлмиш беш фарз ақидавий ва фиқҳий амалда Аҳли суннат вал жамоат йўналишининг Ҳанафий мазҳабига мослиги, бу эса ўз навбатида тўғри танланган йўл экани баён этилган. Қуйида Мубаййин асаридан иқтибос келтириб ўтамиз:

«Ишорат тўрт имомғаким, муқтадойи дину пешвойи аҳли таъйинлар» деган бобда Бобур аҳли суннат вал жамоат фиқҳининг тўрт имоми барҳақ, эргашиладиган зотлар эканини таъкидлайди:

Билки, бу тўрт имом барҳақдурур,

Ким алардин бу динга равнақдурур.

Бу имомеки, шаръ адосидурур,

Дин ила шаръ муқтадосидурур.

Сўнг имомлар номини санаб: «Бириси Абу Ҳанифаи Нўъмон (ибн Собит)дур, яна бири Шофиъиййи пурдондур, яна бири (Имом) Молику яна (Имом) Аҳмад (ибн Ҳанбал), қилдилар жаҳд шаръ аро беҳад», деб уларнинг фазилатини билдиради. Буларнинг ҳар бирига эргашиб, изидан борган киши яхши даражалар ва нажот топишини таъкидлайди ва Мовароуннаҳр диёрларида тарқаган мазҳаб Ҳанафий эканини таъкидлайди.

Тенгридин бизга латифадурур,

Муқтадомиз Абу Ҳанифадурур.

Албатта бугунги баъзи тоифалар “Бемазҳаблар” иддаоларига бу раддия ҳамдир.

Қодирхон Ибрагимов,
Уйчи туман “Ахси” жоме
масжид имом-хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг