Қоронғи режим
Image
Logo

ҚУРБОН ҲАЙИТИНГИЗ МУБОРАК БЎЛСИН!!!

ҚУРБОН ҲАЙИТИНГИЗ МУБОРАК БЎЛСИН!!!

Мусулмонларнинг энг мўътабар байрамларидан бири Қурбон ҳайити Зулҳижжа ойининг ўнинчи куни нишонланади. Бу муборак кунларда Аллоҳ Таолонинг кўплаб хайру баракаси ер юзидаги бандалари узра ёғилади. Қурбон ҳайити ҳаж ибодатлари тамом бўлганлиги муносабати ила ва Аллоҳнинг йўлида қурбонлик қилишга тайёрликни изҳор қилиш учун динимизда жорий этилган байрам ҳисобланади. Қурбон ҳайити намози ўқилгач, бой-ғаний кишилар қурбонлик қилишликлари вожиб амаллардандир.

Бу йилги қурбон хайити хар йилгидан хам кўтаринки кайфиятда кутиб олинмоқда. Хайит байрамлари қадимдан юртимизда ўзгача, халқимизга хос меҳр-мурувват, бағрикенглик ва саховат ифодаси бўлиб келган. Рамазон ва Қурбон ҳайитини кенг миқёсда нишонланиши ва дам олиш куни деб эълон қилиниши ва ҳар йили минглаб юртдошларимизни Муборак ҳаж ва умра зиёратларига бориб келиб турганликлари муқаддас динимизга бўлган чуқур ҳурмат ва эътибор натижасидир

Қуръони Каримда:  “Бас, Роббингиз учун намоз ўқинг ва (туя) сўйиб, қурбонлик қилинг”- дейилади. (Кавсар сураси, 2-оят).

Муборак  Қурбон хайити куни мусулмонлар бир-бирлари қутлаб, сўйилган қурбонликларини ўзаро баҳам кўришликлари меҳр-мурувват ва саховат ҳисларини яна ҳам жилвалантиради.

Қуръони Каримда бундай амр қилинади: “Яхши кўрган нарсаларингиздан эҳсон қилиб бермагунингизгача, сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар. Ҳар қандай нарсани инфоқ қилсангиз, албатта Аллоҳ уни билур”. (Оли Имрон сураси, 92-оят)

Меҳр-мурувват ва саховат ҳақида Пайғамбаримиз Мухаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилганлар: “То мўмин бўлмагунингизгача жаннатга киролмайсизлар, то бир-бирларингизга меҳр-мурувватли бўлмагунингизгача комил мўмин бўла олмайсизлар”. (Имом Муслим ривояти)

Қурбон ҳайити кунларини қилинадиган яна бир вазифамиз меҳрга ташна инсонларга байрам шодлигини ва яхши кайфиятни улашишдир. Шифохоналарда, хонадонларда бемор ётган яқинларимизни йўқлаб, тезроқ соғайишлари сўраб дуолар қилайлик. Баъзи бир жойларда динимиз кўрсатмаларидан бўлмаган, исрофга олиб борувчи турли маросимлар ўтказиш одатга айланиб қолган. Яқинлари вафот этган хондонларда дастурхон тузаб “янги ҳайит”, никоҳ тўйлари бўлиб ўтган хонадонларда “ҳайит йўқлови” каби маросимлар бидъат ва исрофдан бошқа нарса эмас. Бидъат ва исроф динимизда тақиқланган амаллардандир.

Қурбон ҳайити - улуғ байрам. Бу кунларда яна ҳам меҳрибонроқ, шавқатлироқ бўлиб, етим-есирларни бошини силаб, қариялар- касалмандлар, муҳтожлардан хабар олиб, уларни кўнгилларига ҳам байрам шукуҳини олиб кирайлик. Бу кунда гина-кудратларни унитиб, кечиримли бўлиш лозим.     

Аллоҳ таоло қурбо хайитида адо этган барча ибодатларимизни ва қурбонликларимизни қабул айласин, гўзал диёримизни Яратганни Ўзи бало-офатлардан асрасин. Юртимизга тинчлик, халқимизга фаровонлик неъматини давомли айласин.

Баҳодир Шарипов,
Ўзбекитон Мусулмонлари Идорасининг
Чуст тумани вакили

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг