Қоронғи режим
Image
Logo

Аллоҳ таоло маконга муҳтож эмас

Аллоҳ таоло маконга муҳтож эмас

Маълумки, бандаларнинг ақли Аллоҳ таолонинг зотини идрок қилишдан ожиздир. Шу сабабли У зотнинг Қуръони каримда ўзини танитгани ва ҳадиси шарифларда Пайғамбаримиз алайҳиссалом танитгани каби таниймиз. Ўзимизча гумон билан хаёл билан таний олмаймиз. Шунинг учун уламолари, Аллоҳ таолони ўзингча қандай тасаввур қилсанг, у ундан ўзгачадир дейдилар. Қуръони каримнинг асосини муҳкам оятлар ташкил қилади. Бир қисм муташобиҳ оятлар ҳам борки, уларнинг маъносини тушуниш қийинроқ. Шунинг учун унинг илмини Аллоҳ таолонинг ўзига ҳавола қилинади. Аллоҳ таъоло бу ҳақида шундай дейди:

"У Сизга Китобни (Қуръонни)нозил қилган зотдир. Унда шу Китобнинг "онаси" саналмиш (маъноси) аниқ оятлар ва(шу билан бирга) яна муташобиҳ (маъноси Ўзидан бошқага ноъмалум) оятлар ҳам бор..." (Оли Имрон, 7).

Муташобиҳ оятларнинг таъвилини Аллоҳ таолонинг илмига топширилади. Шу билан бирга эътиқод қилинадики, бу оятларнинг зоҳирий-ҳақиқий маъноси қасд қилинмаган. Ҳамма муташобиҳ оятларнинг ҳукми шундай.

Ҳозирги кундаги баъзи тоифалар бу оятларнинг зоҳирига маҳқам ёпишиб олиб, Аллоҳ таоло Аршга ўтирган, Арш эса осмонда, демак, Аллоҳ ҳам осмонда, деган нотўғри хулосага келишган. Ваҳоланки, муташобеҳ оятларни тасдиқлаш ва улардаги ҳақиқий маъно қасд қилинмаганига эътиқод қилиш салаф уламолар йўли эди. Аҳли сунна уламолари Аллоҳ таолога макон нисбат бермайдилар, улардан ҳеч бири бу гапни айтган эмас. Аксинча, баъзи уламолар Аллоҳ таолога макон нисбат бериш куфр эканини айтишади, чунки бундай эътиқод У Зотни бандаларига ва жисмларга ўхшатишдир.

Аллоҳ таоло осмонда дейиш ёки бирор жойда ўрнашган деб эътиқод қилиш мутлақо жоиз эмас. Чунки Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар:"Аллоҳ таоло бор эди, ундан бошқа хеч нарса бўлмаганди" (Имом Бухорий ривояти).

Барча муташобеҳ оятларни қуйидаги муҳкам оятга биноан тушуниш керак бўлади:

"У Зотга ўхшаш хеч нарса йўқдир. У ўта эшитувчидир, кўриб турувчидир" (Шуро сураси, 11-оят).

Бу оятдан Аллоҳ таолони бандаларига ўхшамаслиги, унинг сифатлари ўзига хослиги тушунилади. Бандаларнинг сифати унинг сифатларига ҳақиқатида ҳам, кайфиятида ҳам ўхшамайди.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, биз Аҳли сунна вал-жамоа Аллоҳ таоло ҳақида шундай эътиқод қиламиз: Аллоҳ таоло бирор тарафда ҳам, бирор маконда ҳам эмас. Унга вақт ҳам, замон ҳам жорий бўлмайди.

Агар кўнглимизга "Аллоҳ қаерда" деган савол келадиган бўлса, иймон ва ихлос билан: "Бирор макон бўлмаган пайтда ҳам У зот бўлган. Кейин маконларни пайдо қилган, замонларни жорий қилган. У зот замонлару маконлар йўқ пайтда қандай бўлса, ҳозир ҳам ўшандайдир", деймиз.

 

Шарифхон ЮСУФXЎЖАЕВ,
Косонсой тумани “Мулла Абдусамад”
жоме масжиди имом-xатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг