Қоронғи режим
Image
Logo

РАСУЛУЛЛОҲНИНГ УММАТЛАРИГА ТАЪЛИМ БЕРИШЛАРИ

РАСУЛУЛЛОҲНИНГ УММАТЛАРИГА ТАЪЛИМ БЕРИШЛАРИ

Таълим-пайғамбарлар ва улуғларга эргашиш солиҳ инсонларнинг муҳим вазифаларидан бири саналади. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: "Аллоҳ таоло мени қийинлаштирувчи ва тўсқинлик қилувчи қилиб юбормаган".

Ибн Умар розияллоҳу анҳу куфаликларга шундай мактуб ёзди: "Мен Аммор розияллоҳу анҳуни Амир қилиб, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуни эса муаллим ва вазир қилиб юбордим".

Таълим бериш улуғ ва шарафли вазифа бўлиб, у ўз соҳибини улуғ даражаларга кўтаради, ажру савобини янада зиёдалаштиради, яхшилигини оширади ва умумийлаштиради ҳамда номини абадийлаштиради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам буни амалга ғоятда гўзал тарзда татбиқ этиб, саҳобаларига сўзда-амалда таълим берганлар. Муовия ибн ал-Ҳакам розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таълим бериш усулларини мақтаб, шундай деган: "У зотга ота-онам фидо бўлсинки, мен олдин ҳам, кейин ҳам У зотдек гўзал таълим берадиган муаллим кўрмадим. Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга қовоқларини солмаганлар, мени асло утмаганлар ва сўкмаганлар..."

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таълим берганларига ортиқча далил келтиришнинг ҳожати йўқ. Чунки у зотнинг рисолати ва олиб келган динининг асосини таълим -тарбия ташкил этади. Шундай бўлсада, Рамазонда баъзи таълимларини саҳобаларга ўргатар эдилар. Чунки Рамазон ойи ҳам таълим беришлари учун қулай фурсат эди. Шунинг учун олимлар бу ойнинг баракотидан унумли фойдаланиб, бор кучларини таълим бериш, диний аҳкомларни тушунтириш, Ислом дини ва имон ҳақиқатини етказиш, солиҳ ва яхши амалларга тарғиб қилиб, ёмон ва гуноҳ ишлардан қайтаришга ҳаракат қилганлар.

Ҳозирда кўплаб аҳли ботил ва нияти қинғир кимсалар чет эл радио, телевидение ва интернет орқали гуноҳ ва фитнага чорлаш билан машғул бўлаётганларига гувоҳ бўлмоқдамиз. Ҳатто баъзи ғаразли кимсалар Рамазон ойида ҳам одамлар орасига фитна, иғво ва тарафкашлик уруғларини сочиш билан шуғулланяпти. Биз мана шундай инсонлардан огоҳ бўлиб, Аллоҳ таолодан бизни фитна ва тубанликдан сақлашини ҳамда биз уммати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни тўғри йўлга ҳидоят қилишини сўраймиз. Зеро, Аллоҳ меҳрибон ва раҳимли зотдир!

Иброҳим Қосимхўжаев,
Наманган шахар "Ғойибберди махдум" жоме
масжиди имом хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг