Қоронғи режим
Image
Logo
КЕКСАЛАРНИ ЭЪЗОЗЛАШ САОДАТГА САБАБДИР

КЕКСАЛАРНИ ЭЪЗОЗЛАШ САОДАТГА САБАБДИР

Жамиятнинг маданий даражаси ёши улуғларга бўлган эътибори ва ғамхўрлигига қараб белгиланади. Бу борада бизга кўплар ҳавас қилиши бор гап. Чунки нуроний отахон ва онахонларни, аввало бой ҳаётий тажрибага эга, турмушнинг аччиқ-чучугини кўрган инсонлар сифатида улуғлаймиз.

Дуогўйларимиз бўлган кексаларимизга эҳтиром кўрсатиш, уларни эъзозлаш бурчимиз ва динимиз буйруғидир.

Аждодларимиз "Қариси бор уйнинг париси бор" деб бежиз айтишмаган. Қайси бир хонадон- да ота-она ёки улардан бирлари ҳаёт бўлса, ўша оила бағри бутун ҳисобланади. Бу улкан бахт. Улар бор уйда барака бўлади, тинч- лик-осойишталик ҳукм суради.

Фарзанд ота-онанинг тарбиясини олиб камолга етади. У вояга етганда ота-она ёрдамга эҳтиёж сезадиган бўлиб қолади. Шунинг учун динимиз Ислом ота-онани эъзозлашга алоҳида эътибор берган. Уларга яхшилик қилиш ҳақида кўплаб оят ва ҳадислар бор.

Демак, фарзанд ота-онасига яхши муомалада бўлиши, уларнинг хизматида доим тайёр туриши лозим. Фарзанд бу ишларни ота-онанинг розиликлари учун бажаришлари зарур. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: "Отанинг ризолиги Аллоҳ ризолигидир, отанинг ғазаби Аллоҳнинг ғазабидир" (Имом Термизий ривояти).

Фарзанд ота-онанинг розилиги учун жумладан, қуйидаги амалларни бажариши зарур:

Барча ишларда ота-онадан маслаҳат олишлари, яхши нарсаларни энг аввал ота-онага тақдим этиши, уларнинг маслаҳат ва насиҳатларини жону дил билан қабул қилиши, ота-онанинг рухсатисиз уларнинг хонасига кирмаслик, уларнинг олдида баланд овозда гапирмаслик, "уф" демаслик, ота-она ухлаётганда безовта қилмаслик, улардан олдин таомга қўл узатмаслик, ота-она олдида оёқларни чўзмаслик, юқорида ўтирмаслик, ота-онанинг озиқ-овқати, кийим-кечаги ва соғлиғидан ўз вақтида хабар олиб туриш шарт.

Юқорида санаганимиз фарзанднинг ота-она олдидаги бурчларнинг айримларигина, холос. Аслидаку, фарзанд дунёга келишига сабабчи бўлган инсонлар олдидаги бурчларини то улар рози бўлмагунча адо этмоғи душвор.

Муқаддас динимиз кичикларни иззат, катталарни ҳурмат қилишга буюрганидек, қонунчилигимизда фарзанд таъминоти ва тарбияси учун ота-она масъул бўлгани каби фарзанд ҳам ўз ота-онасига ғамхўрлик қилишни мажбурият сифатида белгилайди. Яъни, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 64-моддасида: "Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар", дейилган бўлса, 66-моддасига кўра: "Вояга етган меҳнатга лаёқатли фарзандлар ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар".

Демак, кексаларни эъзозлаш, уларга ҳурмат кўрсатиш фарзандлик бурч, фуқаровий мажбурият экан. Зиммадаги бурчни бажармаслик улкан гуноҳ бўлса, фуқаролик мажбуриятидан бўйин товлаш жиноят ҳисобланади. Яъни, бири у дунёда, бири бу дунёда жавобгарликка сабаб бўлади. Зиммадаги бурчларни адо этмоқлик эса икки дунё саодатига сабаб бўлгусидир. Яратган ҳаммамизга шундай саодатни насиб этсин.

Нурулло Маҳкамов,
Чуст туман “Саид Насимхон тўра” жоме
масжиди имом-хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг