Қоронғи режим
Image
Logo

ОИЛАДА ЭР ВА ХОТИН МУРОСА ҚИЛМОҚ КЕРАК

ОИЛАДА ЭР ВА ХОТИН МУРОСА ҚИЛМОҚ КЕРАК

Кўпинча янги турмуш қураётган келин-куёвларни кўрган ёши улуғлар беихтиёр: “Илоҳо, янги турмуш қураётган келин-куёв бахтли бўлишсин, оиласида тотувлик, аҳиллик ошён қурсин”, деб дуога қўл очишади. Афсус, келин-куёвларнинг ҳаммаси ҳам умрлари давомида оила номли ошёнларини авайлаб асрай олишмайди. Бўлар-бўлмас гап-сўзлар, арзимас баҳоналар билан ширин турмушларини оғуга айлантиришади. Бир-бирларини тушунмасликдан, муроса илмини билмасликдан бир оилада яшаётган икки киши душман-ғанимга айланади. Қанча оилалар бузилиб, кишилар азият чекади, болалар етим бўлади, асаблар қақшайди. Ажрашишмаган тақдирда ҳам, бутун умрлари ғурбат, ғам ва изтиробда ўтади.

Янги оила қурган куёвнинг ота-оналари биринчи кунларданоқ кўнгилчанлик қилиб келинни талтайтириб юбормай, турмуш синоатларига тайёрлаб борса, ҳаёт фақат ўйин-кулги ва кўнгилхушликлардан иборат эмаслигини унга тушунтира олса, хотиннинг энг асосий бурчи эрга итоат эканини етказа олса, орада уруш-жанжаллар келиб чиқмайди, икки ёшнинг бахти завол топмайди.

Келин одобли бўлиб, эрининг яқинларини ҳурмат қилса, улар билан муроса қилиш йўлларини ахтарса, ёши улуғ қайнонасини эъзозлаб, хизматини аямаса, оила инқирозга учрамайди.

Айниқса,қайноналар сал бағрикенгроқ, сабрлироқ, адолатлироқ бўлишса, қайноталар тажрибалари ва мавқеларидан келиб чиқиб, ёшларга насиҳат қилишса, оиланинг бошқа аъзолари келин-куёвнинг турмушига аралашишмаса, ишлар чаппасига кетмайди.

Аллоҳ таоло марҳамат қиладики:«Агар улар (эр-хотин)нинг оралари бузилиб кетишидан қўрқсангиз, эр оиласидан бир ҳакам, хотин оиласидан бир ҳакам юборингиз. Агар (эр-хотин) ислоҳни хоҳласалар, Аллоҳ ўрталарини мувофиқлаштиргай. Албатта, Аллоҳ билимдон ва хабардор зотдир» (Нисо, 35).

Али ибн Абу Толибдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Одамларнинг аразлашганларини яраштириб қўйиш бир нафл намоз ўқишдан ва нафл рўза тутишдан кўра савоблироқдир”, деганлар” (Имом Табароний ривояти).

Халқимизда бир гап бор. “Оила қуриш игна билан қаср қуришга тенг”. Дарҳақиқат, оиланинг, турмушнинг, рўзғорнинг минг бир машаққати, синови бор. Кўпинча оилавий муносабатлар ҳақида сўз борар экан, уни бузилишга олиб борувчи  омил ва сабабларни ҳар ким ўзича ҳар хил шарҳлайди. Кимдир оиладан тинчлик ва хотиржамликнинг кетишида бутун айбни эрнинг лапашанглигига, хотинига сўзини ўтказолмаётганига тўнкайди. Кимдир хотиннинг ўткирлиги, маккорлиги, итоатсизлигини ҳамма ихтилоф ва келишмовчиликлар сабабчиси деб ҳисоблайди.

Ҳозир оилавий уруш-жанжаллар, қўйди-чиқдиларга сабаб бўлаётган нарсалар жуда арзимасдир. Бирида овқатнинг шўрлигидан, бошқасида келиннинг қайнонага салом бермаганидан, яна бирида ҳайит йўқловида тоғоранинг битта кам қилинганидан, бошқасида куёвнинг ишдан кеч келишидан бошланган беҳуда гаплар бора-бора оиланинг бузилишига сабаб бўлади.

Кейинги пайтда янги турмуш қурганлар ўртасида бўлар-бўлмас, майда нарсалар сабабидан хотинини талоқ қилиш ёки келинларнинг эрларидан талоғини сўраши каби кўнгилсиз ҳолатлар кўпайиб боряпти. Наҳотки, талоқ ниҳоятда жиддий нарса эканини, бу сўздан Аллоҳнинг Арши ларзага келишини тушунишмаса?

Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва салам)«Аёлларнинг яхшиси – назар солсанг, хурсанд қиладиган, амр қилсанг, итоатда бўладиган, йўқлигингда ўз номусини ва сенинг молингни муҳофаза қиладиганидир»деганлар (Имом Табарий ва Ибн Абу Ҳотим ривоятлари).

 Динимиз талабига кўра, эр оиланинг раҳбари, унинг ҳамма томонига масъул ҳисобланади. Эр хотинига ўзи еганини едиради, ўзи кийганини кийдиради, рўзғорнинг керакли жиҳозларини харид қилади. Хотинига яхши муомалада бўлади. Унинг белгилаб қўйилган ҳақларини тўла адо этади. Агар аёл қайсарроқ бўлса, уни панд-насиҳат, танбеҳ билан аста-секин йўлга солади. 

Эрларнинг яна бир вазифаси – хотинлари хато ёки камчиликка йўл қўйса, кечиримли бўлиш, қусурини тузатиш, айбини беркитиш, хотини ва оиланинг бошқа аъзолари ўртасида ихтилоф чиқса, буни ислоҳ қилиш ва муросага келтиришдир.

 Эр-хотин биргалашиб, муаммоларга қарши курашсагина уларни енгиш осон кечади, оила хотиржамлиги барқарор бўлади. Агар бундай қийин пайтларда муроса бузилса, ўзаро самимият чекинса, бирининг ташвишига иккинчиси томошабин бўлиб турса, бу оилада тотувлик ошён қуриши амри­маҳол. Аллоҳ таоло барчамизни оила тотувлиги ҳақида жон куйдирадиган, бир-биримизга меҳр-мурувватли солиҳ бандаларидан этиб, икки дунё саодатига мушарраф айласин. Оилаларимизда тинчлик-хотиржамлик, ўзаро аҳиллик, муроса ва садоқат барқарор бўлишини насиб этсин.

 

 Авазбек Тўраев,
 Норин тумани “Қурбон ота” жоме
  масжиди имом хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг