Қоронғи режим
Image
Logo

ИСЛОМДА ЎЗИНИ ЎЗИ ЎЛДИРИШ ҚАТТИҚ ҚОРАЛАНАДИ

ИСЛОМДА ЎЗИНИ ЎЗИ ЎЛДИРИШ ҚАТТИҚ ҚОРАЛАНАДИ

          Минг афсуслар бўлсинким, гоҳида динимиз таълимотларини билмаслик ва уларга амал қилмаслик оқибатида мўмин-мусулмонлар ичида ўта кўнгилсиз ҳодисалар ҳам бўлиб туради.

             Шу билан бирга ўзини ўзи ўлдириш бизнинг динимизга мутлақо зид эканини, мўмин-мусулмон шахс ҳеч қачон ўзини ўзи ўлдирмаслиги лозим. Ўзини ўзи ўлдириш Исломда қаттиқ қораланади. Бу иш мўмин-мусулмон одамга мутлақо тўқри келмайдиган иш. Ўзини ўзи ўлдириш Аллоҳнинг қазои қадарига норози бўлиш, Аллоҳ берган ҳаёт неъматига нонкўрлик қилиш, осийлик ва иродасизликдир. Ўзини-ўзи ўлдириш мусулмонларга хос бўлмаган қўрқоқлик ва номардликдир. Зеро,  ҳадиси шарифларда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзини ўзи ўлдирган одамга жаноза намози ўқимаганлари айтилади.

            Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган машҳур ҳадисда: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларки: «Ким тоғдан ташлаб ўзини ўзи ўлдирса, у жаҳаннам оташида абадул абад ўзини тоғдан ташлаб туради. Ким заҳар ичиб ўзини ўзи ўлдирган бўлса, у заҳарини қўлида тутган ҳолида, жаҳаннам оташинда абадул абад заҳар ичиб туради. Ким ўзини ўзи темир нарса билан ўлдирган бўлса, у темирни қўлида тутган ҳолида жаҳаннам оташинда абадул абад ўша темирни қорнига санчиб туради».

Ушбу ҳадисни Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

            Ушбу ҳадиси шарифдан нафақат бошқа бировни, балки ўзини ўзи ўлдириш ҳам мумкин эмаслиги келиб чиқади. Исломда инсон жони алоҳида қадр қийматга эга. У жон қандай жон бўлишининг фарқи йўқ. Ҳар бир инсон яшаш ҳаққига эга. Инсонни бу ҳақдан ҳеч ким маҳрум эта олмайди.

             Шу сабабдан, инсон ўзини ўзи ўлдириши ҳам мумкин эмас. Чунки, инсон бировга жон ато қила олмаганидек, ўзига ўзи ҳам жон ато қила олмайди. Унга жонни фақат Аллоҳ таологина беради. Шунинг учун ундан жонни фақат Аллоҳ таологина олади. Бу табиий ҳолда ёки Аллоҳнинг шариатида кўрсатилган ҳукмга биноангина бўлиши мумкин.

            Мусулмон инсон бошидан ҳар қанча қийинчилик ўтса ҳам, худди бировни ўлдириши мумкин бўлмаганидек, ўзини ўзи ўлдириши ҳам мумкин эмас. Бу ношукурлик ва Аллоҳга нисбатан одобсизлик бўлади. Шунинг учун ҳам бу дунёда ўзини ўзи ўлдирган одам у дунёда алоҳида қаттиқ азобларга дучор бўлади.

            Ушбу ҳадиси шарифда ўша вақтдаги ўзини ўзи ўлдиришнинг уч тури ва уларнинг қиёматдаги азоби васф қилинган.

  1. Ўзини ўзи тоғдан ташлаб ўлдириш.

Ўзини баланд жойдан ташлаб ўлдириш доимо содир бўлиб келган. Ушбу номаъқул ишни қилган одам, у дунёда қилганига яраша алоҳида азобга дучор қилинар экан. Аввало, ўзини ўзи ўлдиргани учун дўзахга тушар экан. Қолаверса, бу дунёда ўзини тоғдан ташлаб ўлдиргани сабабидан у дунёда, дўзах қаърида ҳам ўзини доимий равишда тоғдан ташлаб қийналиб турар экан. Ҳар сафар ташлаганда қийналиб ўлиш азобини янгитдан чекиб турар экан. Бу ғоятда оғир азобдир.

  1. Ўзини заҳар ичиб ўлдириш.

Бу ҳам ўзини ўзи ўлдиришнинг турларидан бири. Бу ишни қилган одам ҳам охиратда жаҳаннамда доимий равишда заҳар ичиб ўлиб, яна қайта тирилиб, яна қайта қийналиб турар экан. Бу ҳам ўзига хос азобдир.

  1. Ўзини темир нарса билан ўлдириш.

Бунга ўзини ўзи пичоқлаш, бошқа темир асбоблар билан ўлдиришлар киради. Ушбу ишни қилган одам ҳам қиёматда икки хил азоб; дўзах азоби ва дўзахда доимий равишда ўзини ўзи, худди бу дунёдаги каби қайта-қайта ўлдириб туриши билан азобланади. Аллоҳ Ўзи сақласин.

    Энди биргина ўзини ўзи ўлдирган одамнинг оқибати шу бўлса, юзлаб  балки минглаб бегуноҳ  одамларнинг ҳаётига зомин бўлишнинг оқибати қандай бўларкин.

    Ушбу ҳадиси шарифни ҳаётимизга татбиқ қилмоғимиз, кишиларга унинг маъноларини етказмоғимиз лозим. Токи, мусулмонлардан ҳеч ким нафақат ўзини ўзи балки бошқа бировни ҳам ўлдирмасин. Акс ҳолда абадул абад дўзахнинг тубида қолишликдан кўра бахтсизлик йўқдир.

 

Назиржон Қўчқаров,
Наманган туман "У
марбой хожи" жоме
масжид имом хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг