
ФАРЗАНДГА БЕРИЛАДИГАН ИЛК САБОҚЛАР
Юртимизнинг таниқли уламоларидан бири, марҳум Салоҳиддин Муҳиддин фарзанд тарбияси борасида қуйидаги маслаҳатларни берганлар: “Ёш фарзандларни овқатдан олдин ва кейин қўл ювишга, овқатланишни “бисмиллаҳ” билан бошлашга, ўнг қўл билан ейишга, таом еб бўлгандан кейин Яратганга шукр айтишга одатлантириш лозим.
Шунингдек, кийим кийганда ўнгидан бошлаш, уйга ўнг оёқ билан кириш, ҳар бир ишни "бисмиллаҳ” билан бошлаш ўргатилади.
Болаларга Тозаликка риоя қилиш, тирноқларни олиш, кийимларни тоза сақлаш, таҳоратхонага кириш-чиқиш тартиблари таълим берилади.
Фарзандларга холи ҳолда, бошқалар олдида уялтирмай насиҳат қилинади. Баъзан шўхлик қилиб, гапингизга қулоқ солишмаса ёки бирон ишда хато қилишса, уларни урмай-сўкмай тушунтирилади. Жуда иложи бўлмай қолганида, икки-уч кун гаплашмай қўйсангиз, кифоя.
Имкони бўлса, болаларнинг ҳар бирига алоҳида ўрин солиб бериш, қизлар билан ўғил болалар хонасини бўлак қилиш лозим. Бу, болалар тарбиясига ижобий таъсир кўрсатади.
Ўғил-қизларга кўчага кир ҳолда чиқмаслик, одамларга азият берадиган ахлатларни, ифлос нарсаларни ҳовли ташқарисига, кўчага ташламаслик ўргатилади.
Ёмон, ахлоқсиз болалар билан ҳамсуҳбат бўлишга, улар билан ўйнашга, болаларни кўчада сабабсиз, бемақсад туриш ёки юришга, сиздан сўрамай узоқ жойларга кетишларига рухсат берманг.
Фарзандларни уйда, кўчада таниш-нотаниш одамларга “Ассалому алайкум”, деб салом беришга, қўни-қўшниларга яхшилик қилишга, уларга азият етказмасликка, уйингизга келган меҳмонни ҳурматлашга одатлантирилади.
Ўғил-қизларни куфр сўзлардан, бировларни ҳақорат қилишдан, беҳаё, шалоқ гаплар гапиришдан қайтаринг. Буларнинг жуда ёмонлигини, бундай сўзлар туфайли одам қаттиқ гуноҳкор бўлишини мулойимлик билан тушунтиринг. Ўзингиз ҳам бу борада уларга намуна бўлинг, чиройли ахлоқ соҳиби эканингизни исботланг.
Фарзандларни қиморнинг турли кўринишларидан, карта, ошиқ, ўртага пул қўйиб ўйналадиган барча ўйинлардан қайтаринг. Қимор бўлмаса ҳам, қимматли вақтни беҳуда совурадиган, дарс тайёрлашдан, фойдали машғулотлардан чалғитадиган барча ўйинларни чеклаш лозим.
Уларнинг ахлоқсиз, беҳаё, фаҳш суратли газета-журналлар, китоблар ўқишларига, жинсий муносабатларни, шафқатсизлик, ахлоқсизлик, ёвузликни тарғиб қиладиган томошалар кўришларига йўл қўйманг.
Фарзандларингизни тамаки чекишдан, ароқ ичишдан қайтариб, бу иккиси инсон соғлиғи, иқтисоди учун нақадар зарар келтиришини эринмай тушунтиринг. Унинг ўрнига мева-сабзавотлар, ширинликлар истеъмол қилишга чақиринг.
Ўғил-қизларингизни ҳар қандай ҳолатда рост сўзлашга, ҳатто ҳазил тариқасида ҳам ёлғон гапирмасликка, ваъдага вафо қилишга ўргатинг. Ўзингиз уларга бирон нарса ваъда қилсангиз, олиб беринг.
Фарзандларни ҳалол топган молингиздан едириб-ичиринг, судхўрлик, порахўрлик, ўғрилик, алдамчилик, зулм билан топилган нарсалардан эҳтиёт қилинг. Зеро, нопок йўллар орқали топилган маблағ билан озиқланган бола бадбахт, итоатсиз, қўпол, ёвуз бўлиб улғаяди”.
Олимхон Исақов,
Уйчи туман бош имом хатиби
манбаалар асосида тайёрлади
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022