Қоронғи режим
Image
Logo

Давлат байроғига ҳурмат – эл-юртга ҳурмат

Давлат байроғига ҳурмат – эл-юртга ҳурмат

18 ноябрь – Ўзбекистон Республикасининг “Давлат

байроғи  тўғрисида”ги   қонуни  қабул қилинган  кун

Тарихда ҳар бир давлатнинг ўз байроқлари мавжуд бўлиб, давлатнинг асосий белгиларидан ҳисобланади. Давлат рамзлари ҳар бир мамлакатнинг мустақиллигини ифодаловчи муқаддас белгидир. Республикамиз давлат рамзлари халқимизнинг шон- шарафи, тарихий хотираси ва интилишларини ўзида мужассам этиб, тинч ва осойишта, озод ва эркин ҳаётимиз, ёруғ келажагимизга бўлган ишончимиз ифодасидир.  Республикамиз давлат байроғидаги рамзлар Ўзбекистон сарҳадида қадимда мавжуд бўлган давлатлар билан тарихан боғлиқликни ҳамда юртимиз ҳудудида яшовчи миллат ва элатларнинг анъаналарини ўзида мужассамлаштирган. Соҳибқирон Амир Темур ҳам давлат рамзларига, хусусан, байроққа юксак сиёсий аҳамият берган. Амир Темур байроғи дастаси узунлиги тўрт беш метрдан кам бўлмаган ва мовий рангда бўлган. Байроқ қўшин олдида олиб юрилган. Соҳибқирон: “Жанг майдонида бир лашкар омон қолса ҳам байроқни баланд тутсин!”, деб фармон берган ва байроқни эгилишини мағлубият деб қабул қилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳайбар куни Муҳаммад ибн Масламага: “Эртага байроқни шундай бир одамга тутқазаманки, у Аллоҳ ва Расулини жон-дилдан севади. Бундай одамни Аллоҳ ва Расули  ҳам яхши кўради”, дедилар. Муҳожирлар билан ансорлар ўша суюкли киши ўзлари бўлиб чиқишини орзу қила-қила уйқуга кетдилар. “Ўша кечаси байроқдорлик лавозимига эришишни орзу қилдим”, дея эслайди Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу. Тонг отганда Расулуллоҳ Али ибн Абу Толибни йўқладилар. Одамлар унинг кўзи оғриб ётганини айтишганда, барибир олиб келишни буюрдилар ва Али розияллоҳу анҳунинг кўзига дам уриб, туфлаб қўйдилар, беморнинг кўзи шу заҳоти дарддан фориғ бўлиб, чарақлаб очилиб кетди. Пайғамбар алайҳиссалом Али розияллоҳу анҳуга байроқни тутқазиб, қўшинни жангга бошладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам байроқдорликка энг ишончли ва шижоатли саҳобаларни қўярдилар ва улар ҳам У зотни ишончларини оқлардилар. Байроқдорлик энг шарафли вазифа эди, чунки қўшинни тақдири шунга боғлиқ эди.

 Байроқдаги мовий ранг – унинг остида барча миллатлар турли хил хавф-хатарлардан холи, эмин-эркин ҳолда аҳил-иноқ яшаб келаётган мусаффо осмонимиз ҳамда оби ҳаёт рамзидир.

Байроқдаги оқ ранг – давлатимиз фуқароларининг ўзаро ҳамжиҳатликда, бир-бирини ҳурмат қилиб, диний бағрикенглик тамойиллари асосида тинч-тотув яшаётганининг тимсоли. Яшил ранг эса табиатнинг янгиланиши ҳамда юртимизнинг жаннатмонанд эканлиги рамзидир. Бу ранг кўпгина халқларда навқиронлик, умид ва шодумонлик тимсоли ҳисобланади.

Қизил чизиқлар давлатимиз фаровонлиги, жамият тараққиёти йўлида ўзаро ҳамжиҳатлик билан ҳормай-толмай меҳнат қилаётган юрт фарзандларининг вужудида оқаётган ҳаётий қудрат ирмоқларидир.

Мустақил давлатимиз байроғи тинч ва осойишта, озод ҳамда эркин ҳаётимиз, ёруғ келажагимизга бўлган ишончимиз тимсолидир. Давлат рамзларининг муқаддаслигини, улар бизга юрт манфаати ҳар недан устунлигини англатиб, эслатиб туришини ҳар биримиз ёдда тутишимиз шарт.

Байроғимизнинг баландлиги юртимизнинг обрў-нуфузи юксаклигидан далолатдир. Шундай экан, сарбаланд қаддимиз ва қадримиз тимсолини ҳамиша эъзозлайлик ва бошимиз узра баланд кўтарайлик!

 

 

Билол Инамов,
Чуст тумани "Мавлоно Лутфуллоҳ" жоме
масжиди имом ноиби  

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг