ҲАЙИТ – ХУРСАНДЧИЛИК АЙЁМИ!

Азиз ватандошлар, сизларни улуғ айём – муборак Рамазон ҳайити муносабати билан чин қалбдан, самимий муборакбод этаман.
Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсинки, Рамазони шариф рўзасини адо этишни насиб қилди. Мўмин-мусулмонлар субҳидамда саҳарлик дастурхони атрофида ибодатга киришдилар, файзли оқшомларда эса ифторликлар қилдилар.
Имом Бухорий ҳазратлари ривоят қилган ҳадиси шарифда Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Рамазон рўзасини фарзлигига ишониб, савоб умид қилиб тутса, ўтган гуноҳлари кечирилади. Ким Рамазон кечаларида иймон билан, савоб умидида ибодат ила бедор бўлса, ўтган гуноҳлари кечирилади”, деб марҳамат қилганлар.
Якунига етаётган Рамазони шариф бу муборак ойнинг улуғлиги сабаб бир-биримизни кечириб, бировларни ҳам кечиришимиз, аҳил ва иноқ яшашлигимиз инсонийлик фазилатларининг энг олийси ҳисобланади.
Маълумки, инсондаги улуғ сифат ва фазилатлардан бири – бу кечиримли бўлишдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир қанча ояти карималарида бандаларини бир-бирларининг хато, камчиликлари ва айб-нуқсонларини кечиришга буюрган. Жумладан: “Агар сизлар афв этсангиз, койимасангиз ва кечирсангиз, у ҳолда, албатта, Аллоҳ (ҳам сизларга нисбатан) мағфиратли ва раҳмлидир” (Тағобун сураси, 14-оят).
Демак, киши биродарини кечириши билан Аллоҳ таоло ҳам унинг гуноҳини кечирар экан. Бошқа ояти каримада Аллоҳ таоло жаннатий бандаларини сифатларини баён қилиб шундай деган: “(Улар) ғазабларини ютадиган, одамларни (хато ва камчиликларини) афв этадиганлардир. Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар” (Оли Имрон сураси, 134-оят).
Барча яхши хулқ ва сифатларни ўзларида мужассам қилган Зот – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам кечиримли бўлиш фазилатида ҳам энг гўзал намуна эдилар.
Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан Пайғамбаримизнинг хулқлари ҳақида сўралганда шундай жавоб берганлар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фаҳш ишларни қилувчи, фаҳш сўзларни сўзловчи ва бозорларда бақир-чақир қилиб юрувчи инсон эмасдилар. Ёмонликка ёмонлик билан жавоб қайтармас эдилар, балки афв этиб, кечириб юборар эдилар” (Имом Термизий ва Имом Аҳмад ривоятлари).
Мўмин банда саховат билан ризқим камайиб қолмайди, балки унга барака киради, деб ишонган ҳолда саховат кўрсатиши шарт. Чунки, Аллоҳ таоло ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ваъдаларига ишонади. Аллоҳ таоло айтади: “Бирор нарсани (муҳтожларга холис) эҳсон қилсангиз, бас, (Аллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур. У ризқлантирувчиларнинг яхшисидир” (Сабаъ сураси, 39 оят).
Хайр-саховат, меҳр-мурувват ойи бўлмиш Рамазони шарифда мўмин-мусулмонларнинг ҳиммати баланд, шижоати юксак бўлди, қариндош-уруғлар, қўни-қўшнилар, кексалар, беморлар, муҳтожлар кўнгли олинди, Аллоҳ таоло фарз қилган закотлар адо этилди. Донишмандлардан бири “Бир ғариб кўнглини қила олсанг шод, яхшидир ер юзин қилгандан обод”, дейдилар.
Ҳайит кунлари оила аъзоларига, болаларга, яқинларга, мўмин-мусулмонларга яхши муомалада бўлиш, уларнинг кўнгилларини олиб, севинтириш керак. Иложи бўлса, ҳадя беришни унутмаслик лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жанобимиз марҳамат этадилар: “Ийд кунлари фақир, мискин, ночор, етимларга садақалар бериб, ҳол сўраганларга Каъбаи Муаззамани минг марта тавоф этганчалик савоб берилади”.
Ҳайит кунларида хафа, мусибатли ва ғамгин кишиларни зиёрат этиб, кўнгилларини қувончга тўлдириш лозим. Имкони бўлса, ҳадялар бериб камбағалларга хурсандчилик бахш этиш зарур.
Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Эй аҳли Ислом, Арафа куни, Қурбонлик ва Ташриқ кунлари бизнинг байрамимиздир. У еб-ичиш кунларидир”.
Бу кунларда рўза тутишдан қайтарилган. Чунки мусулмонлар хурсандчилик қилиб, байрамни нишонлаб турганларида таом ва ичимликдан ўзини тийиш уларга тескари муносабатда бўлиш билан баравар. Зеро, байрам таом, ичимлик билан тўкис нишонланади.
Шунингдек, бу кунда жанжаллашилмайди, гина-кудратлар унутилади. Ҳайит кунлари унутилган яраларни тирнаш саналган азахонлик мусулмонларга хос иш эмас. Чунки бутун дунё мусулмонлари байрам қилиб, яхши кайфиятда бўлиб турганларида, унинг мотам либосини кийиб олиши Исломга, мусулмонларга қарши эканидан дарак беради.
Аслида Ислом дини таълимотларига кўра, аза уч кун. Маййит вафот этганидан уч кун ўтиб ҳам азани давом эттириш жоиз эмас. Уч кундан кейин одатий ишларни давом эттираверади. Фақат эри вафот этган аёл тўрт ой-у ўн кун идда сақлайди. Бошқалар уч кунлик азадан кейин ўз ишлари билан машғул бўлишлари мумкин. Ҳайит кунида азахонлик қилиш, ўтиб кетган маййитни бидъат-хурофотлар аралашган ҳолда эслаш шариатга зиддир. Ҳайит кунида маййитлар эсланса, улар ҳақига дуолар қилинса, истиғфор айтилса, яхши. Аммо бу нарса байрам шукуҳига халал берадиган, хурсандчиликни бузадиган даражада бўлмаслиги керак.
Азиз юртдошлар! Яна бир бор Рамазон ҳайитингиз муборак бўлсин!
Аллоҳнинг раҳмати ва баракоти ёғилиб турган ушбу дамда, қалбимиз юмшаб, ихлосимиз ортиб турган лаҳзаларда Яратгандан ватанимизни офату-кулфатлардан, балою-қазолардан сақлашини сўраб дуо қилайлик!
Авазбек Тўраев,
Норин тумани “Қурбон ота” жоме
масжиди имом-хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022