ИСЛОМДА ВАТАН ҲИМОЯСИ МУҚАДДАС БУРЧДИР

Дарҳақиқат, юрт тинчлиги, бирдамлиги ва соғлом муҳитни қарор топтириш учун одамларда энг аввало, дахлдорлик ҳиссинн кучайтириш даркор. Дахлдорлик бу шахснинг ён-атрофида бирор нохушликни кўрганида бепарво бўлмаслиги, бу кўнгилсизлик бугун унга зарар келтирмаётган бўлса, балки эртага ўзининг ҳам бошига тушиши мумкин эканини ҳис қилган ҳолда яшаш демакдир. Шундай экан, огоҳ ва ҳушёр бўлиш давр талаби бўлиб қолаётганини алоҳида таъкидлаш зарур. Азалдан турмушнинг ободлиги, оиланинг мустаҳкамлиги ва тинч-осуда ҳаёт кечириш ўзбек халқининг орзуси бўлиб келган.
Инсон ўз юрти учун ҳар ишга тайёр туриши, унинг равнақи, тинчлиги учун курашиш ҳаётининг асосий мезони бўлиши керак. Зеро, Ватанга хизмат қилиш энг олий бурчдир. Юртимиз истиқлолга эришган илк даврдан январь ойининг 14-санаси мамлакатимиз тарихига зарҳал ҳарфлари билан ёзилган эди. Чунки ўша куни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига асос солинди.
Ифтихор билан айтишимиз мумкинки, Республикамиз Қуролли Кучлари тарихан қисқа даврда мураккаб шаклланиш йўлини босиб ўтди. Бугунги кунга келиб замонавий, ихчам ва хар томонлама яхши куролланган, жисмоний ва интелектуал билимга эга, юртимиз сарҳадларини ҳар қандай ташки хавфдан ҳимоя килиш, тайёргарлигига эга бўлган армия сифатида ўзини намоён этди.Аллоҳ таоло айтади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اصْبِرُوا وَصَابِرُوا وَرَابِطُوا وَاتَّقُوا اللَّهَ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ
- Эй иймон келтирганлар! Сабр қилинг. Сабр ила ғолиб келинг. Курашга бел боғлаб туринг. Аллоҳга тақво қилинг. Шоядки ютуққа эришсангиз. (Сабр ила ғолиб келиш муҳим нарса, чунки қарши тараф ҳам ўзига яраша сабрлидир. Демак, икки томоннинг сабрлари курашида мўминларнинг сабри ғолиб келиши керак. Буни шаръий истилоҳда «мусобара» дейилади. Биз «курашга бел боғлаб туринг» деб таржима қилган ибора эса, «муробата» дейилиб, ибодат жойида ёки мусулмонларни душмандан ҳимоя қилиш жойида бардавом бўлиш маъносини беради.).
(Оли Имрон 200-оят).
Тинчлик - бебаҳо неъмат, осуда яшаш саодат. Ҳозирда эришилган улкан ўзгаришлар ва келажакдаги буюк тараққиётлар омили ҳам тинчлик ва осудалик туфайли юзага келади. Юртининг ҳимояси йўлида қалблари садокату жасоратга тўла , оғир, аммо ўта шарафли бу касб эгаларига ажр савоблари ваъда килинган. Расулуллох (соллаллоҳу алайхи вассаллам)“Аллоҳ йўлида бир кеча қўриқчилик қилиш, минг кун рўза тутиш ва минг кеча қоим туришдан яхшидир”, дея марҳамат қилганлар (имом Аҳмад ва имом Табароний ривоятидан) .
Ватан химоячиси бўлишдек шарафли касбга хиёнат этиш кечириб бўлмас гуноҳи азим эканлиги ҳақида ҳам динимизда таъкидланган. Жумладан, Абу Ҳурайpa (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда ҳам бундай дейил ган: “Расулуллох соллаллоҳу алайҳи вассаллам ҳалокатга элтувчи етти амалдан сақланинглар!” деганларида, саҳобалар:“Ё Расулуллоҳ, улар нима?” дейишди. Шунда Пайғамбаримиз, “Аллоҳ таолога ширк келтириш, сеҳр-жоду қилиш, нохак бировни ўлдириш, судхўрлик, етимнинг ҳаққини ейиш, Ватан ҳимоясидан қочиш, иффатли мўъмина аёлга тўҳмат қилишдир”, дедилар. (Имом Бухорий)
Ватан химоячилари Аллоҳнинг амрини адо этаётган, нақадар шарафли, ҳавас қилишга, фахрланишга арзигулик инсонлардир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи вассаллам) “Икки кўз соҳибига дўзах олови тегмайди. Бири тунда Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган кўз, иккинчиси Аллоҳ йўлида қўриқчилик қилган кўз ” (Имом Термизий ривояти).
Шайх Муҳаммад Ғаззолий Ватан ҳақида бундай деганлар:“Инсон ўз ерини, ундаги нарсалар билан, гарчи у жой одам яшамайдиган саҳро бўлса ҳам севади. Ватанни севмоклик, қалбдаги асл, туғма табиатдир. Туғма табиат инсонни ватанида яшаб турганида хотиржам, ундан йироқда бўлганида соғинадиган, унга ҳужум килинганида ҳимоя қиладиган, унга ҳурматсизлик қилинганида ғазабланадиган қилиб куяди”.
14- январь Ватан ҳимоячилари куни. Ватанимиз осудалиги, халқимиз тинчлиги, аждодлардан мерос бўлиб қолган моддий-маънавий бойликларимизнинг ҳимоячилари Ватан посбонларининг касб байрамингиз муборак бўлсин!
Жаъфархон Суфиев,
Тўрақўрғон туман "Исҳоқхон тўра" жоме
масжиди имом хатиби.
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022