Қоронғи режим
Image
Logo

"ИЙДИ ҚУРБОН МУБОРАК!"

 

بسم الله الرحمن الرحيم

اَلْحَمْدُ لله وَ الصَّلاَةُ وَ السَّلاَمُ عَلَى رَسُولِالله  أَمَّا بَعْدُ...

Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ

Муҳтарам мухлислар!

Сиз азизларни кириб келаётган муборак айём – Қурбон ҳайити билан табрик этамиз. Муборак Қурбон ҳайити байрами улуғ байрам, буюк тантана, беҳад сурур, катта шодиёна ва улуғ саодатдир.

Зеро, дунёдаги аҳли мусулмонлар учун муқаддас ва муборак айём – Қурбон ҳайитининг халқимиз ҳаётидаги беқиёс ўрни, жамиятимизда ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, саховат ва шукроналик каби олижаноб имон-эътиқодларини қарор топтиришда улкан аҳамиятлар манбаи бўлмиш Қурбон ҳайити барчамиз учун муборакбод этишга сазовор улуғ кун деб, динимизда белгиланган.

Қурбон ҳайитида хайру саховат, меҳр-оқибат каби инсонпарварлик туйғуларимизни бир-биримизга янада кенгроқ намоён этувчи буюк одамийлик рамзидир.

Шу боис, мўмин-мусулмонлар бу байрамни асрлар давомида эзгулик, ўзаро ҳурмат, ҳамда ибодат куни деб, қадрлайдилар. Айни пайтда муборак Қурбон ҳайитини катта шоду хуррамлик ва шукроналик билан нишонлаб, эзгу амалларни адо этадилар. Қурбонликлар қиладилар.

Зеро, эзгу амалларни адо этишга чорловчи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Яхшилик – ҳусни хулқ, ёмонлик – юрагингни ғаш қиладиган ва одамлар кўриб қолишини ёқтирмаган нарсанг”, деганлар. (ибн Санъон Ансорий розияллоҳу анҳудан Имом Бухорий ривоятлари).

Хайру саховатнинг барча кўринишлари, хоҳ у ихтиёрий бўлсин хоҳ фарз бўлсин, барча хато-камчиликларнинг ўчирилишига сабабчи бўлишига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “…Сув оловни ўчирганидек, садақа гуноҳларни ўчиради”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Бугун биз бахтлимиз, барча хайрият имкониятларга эга бўлмоқдамиз. Бугунги кунда исломий қадриятларимиздан бўлмиш масжид, мадрасалар, зиёратгоҳлар, нодир тарихий манбалар, осори-атиқалар мусулмонларга қайтариб берилди. Хусусан, буюк аждодларимизнинг бебаҳо асарлари ўрганилиб, улар она тилимизга таржима қилишдек имкониятларга эгалигимиз билан дунёга юз тутмоқдамиз.

Ўтган йиллар давомида Қуръон, ҳадис, тафсир, фиқҳ, ислом тарихи маданияти ва фалсафасига оид ўнлаб йирик тадқиқотлар амалга оширилди.

Турли мавзудаги диний адабиётлар, юртимизда яшаб, ижод қилган буюк алломаларимизнинг илмий меърослари нашр этилиб, кенг оммага тақдим қилинди.

Халқимиз барча соҳада эмин-эркин саъй-ҳаракат қилиш имкониятига эга бўлгани каби динимиз кўрсатмаларини хотиржамлик билан адо этиш бахтига муяссар бўлдилар.

Буларнинг барчаси, албатта, юртимиздаги эмин-эркинликнинг шарофатидандир. Агар биз ато қилинган Аллоҳнинг мана шу неъматларига шукр қилиб, зиммамиздаги бурчу вазифаларимизни адо этиб борар эканмиз, Ҳақ субҳанаҳу ва таоло ояти каримада: “... агар шукр қилсангиз, албатта, зиёда қилурман...”,– дебтаъкидлаганидек, ўз неъматларини янада зиёда этиши муқаррар.

Инсон ўзига берилган неъматлар қадрини мулоҳаза қилиб, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд бўляптими ёки бу неъматга ета олмадими?, деб ўйлаб, уларни қиёслаб юриши ҳам имон нуридандир. Бу эса шукр келтиришга чорлайди. Яна кўпроқ Аллоҳга хуш келади. Натижада неъматнинг зиёда бўлишига сабаб бўлади, инсонни бахт-саодатга эга қилади.

Қаранг, биз қанчалик бахт-саодатга эришмоқдамиз. Тинчлик-омонликка эгамиз. Ҳаётимизнинг равнақидан беҳад хурсандмиз. Юртимиздаги байрамларимизни тинч-омон ва осуда нишонламоқдамиз.

Аллоҳнинг раҳмати ва баракоти ёғилиб турган ушбу дамларда, халқимизни ва жонажон Ватанимизни кулфатлардан, балою офатлардан Ўзи сақлашини сўраб дуолар қиламиз.

Аллоҳ таоло бутун халқимизга муборак Қурбон ҳайити байрамини муборак айласин, юртимизга тинчлик-хотиржамлик ато этсин, халқимиз фаровонлигини янада зиёда  қилсин!

Барчаларимизни Ўзининг розилиги йўлида холис ниятлар билан қилаётган қурбонликларимизни, ибодатларимизни даргоҳида ҳусни мақбул айласин!

Яна бир бор элимизни, дунёдаги барча мўмин-мусулмонларни муборак Қурбон ҳайити байрами билан табриклаймиз, тинчлик-осойишталик, оилавий бахт-саодат, қут-барака  тилаймиз!

 

Абдулҳай ТУРСУНОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Наманган вилоят вакили

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг