Қоронғи режим
Image
Logo

ИСЛОМ ҚАДРИЯТЛАРИМИЗДА УСТОЗЛАРГА ЭҲТИРОМ.

ИСЛОМ  ҚАДРИЯТЛАРИМИЗДА УСТОЗЛАРГА ЭҲТИРОМ.


“Ҳақиқатан ҳам, ҳар бир мурғак болани ўз фарзандидек ардоқлаб, ёш авлод тарбияси учун кўз нури, қалб қўри, бутун борлиғини бахш этадиган ўқитувчи ва мураббийлар том маънода фидоий касб эгаларидир.”

Шавкат Мирзиёев

Устоз-мураббийлар жамият эртанги кунининг бунёдкорларидир. Эл-юртнинг равнақида, мамлакат тараққиётида устозларнинг меҳнати беқиёсдир.

Динимизда устоз-муаллимларнинг ўрни юқори баҳоланади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда қуйидагича марҳамат қиладилар:

“Ердаги ва осмондаги барча нарсалар, ҳатто денгиздаги балиқлар ҳам инсонларга яхшиликни ўргатувчи муаллим ҳаққига истиғфор айтади”.

Ҳаттоки Ердаги жонзотлар ва осмонлардаги фаришталар муаллимлар ҳаққига мағфират сўрайди.

Аллоҳ таоло каломи шарифида устозга қандай муомала қилиш кераклигини Мусо алайҳиссалом тилидан таълим бериб бундай дейди:

Мусо унга: “Сизга билдирилган билимдан менга ҳам тўғри йўлни таълим беришингиз учун сизга эргашсам майлими?”  деди.

Мусо алайҳиссалом ўзига берилган пайғамбарликка, алоҳида шариат илми соҳиби, алоҳида даражага эга бўлишига қарамасдан илми ладуний ато этилган Хизр алайҳиссаломга тавозе ила айтган сўзларига, устозга қилаётган муомаласига эътибор қилинг. Ушбу оятга мувофиқ биз ҳам устозларга анна шундай тавозе ила муомалада бўлишимиз, уларни қадрлашимиз лозим.

Шунингдек, халқимизда “Устоз – отангдек улуғ” деган нақл бор. Зеро, фарзанднинг комил инсон бўлиб вояга етишида ота-онасининг тарбияси нечоғлик аҳамиятли бўлган бўлса, Унга таълим бериб, ҳаётда ўз ўрнини топишида устозларнинг хизматлари ҳам шунчалик беқиёсдир.

Устозлар ота-оналаримиз каби бизнинг ўсиб камолга етишимиз учун бутун умрини, бор билим ва тафаккурини бахшида этишади.

Алишер Навоий устознинг мақоми ва мартабаси ҳақида бундай дейди:

Агар шогирд шайхул ислом,

Агар қозидур,

Агар устоз андин розидур,

Тангри розидур!

Демак ўқувчи эгаллаши мумкин бўлган даража ва мансабларнинг энг олийсига етса ҳам, агар устоз ундан рози бўлмаса, Аллоҳ ҳам рози бўлмаслиги айтиляпти. Устозни норизо қилиб, унинг назаридан қолган шогирд ҳаётда ўз ўрнини топиши жуда мушкулдир.

Ривоятларда келтирилишича, бир куни ҳалифа Маъмун ўғлини бир устозга шогирдликка берибди. Ҳалифа ўғлини таълим олишидан хабар олгани борса, тахтининг вориси, куни келиб бутун мамлакатини бошқарадиган шаҳзода таҳорат олаётган устозининг оёғига сув қуйиб турганини кўрибди. Бундан жаҳли чиқиб устозга: “Эй Устоз! Биз ўғлимизни сизга шунинг учун берганмидик!? Бундан сўнг ўғлимизга айтингизки,  сиз таҳорат қилаётганингизда бир қўлида сув қуйиб, иккинчи қўли билан оёғингизни ювсин!” деган экан. Дарҳақиқат, бизнинг урф-одатларимизга кўра, одатда фарзандни устозга нафақат илм олиш, балки шу билан бир қаторда одоб ўрганиш учун ҳам берилган ва шу тариқа устоз-мураббий мавқеи улуғ даражага кўтарилган.

Шундай экан, устоз ва мураббийларни  доим ҳурмат қилиш, уларни эҳтиромда тутиш, кўрганда салом бериб ҳол сўраш, хизмати бўлса бажариб дуоларини олиш ва ҳақларига дуо қилиш, ҳузурларида доим одоб ва тавозе билан туришлик биз ўқувчиларни асосий бурчимиздир.

Мамлакатимизда ҳам ҳар йили 1-октябрь санаси “Ўқитувчи ва мураббийлар куни ” сифатида умум халқ байрами тарзида ўтиши азиз устоз ва мураббийларимизга халқимизнинг азалий ҳурмат-эҳтиромининг яққол намунасидир.

Фурсатдан фойдаланиб барча устоз муаллимларимизга илм-маърифат ёйиш ва зиё тарқатиш йўлида олиб бораётган шарафли ишларида юксак муваффақиятлар тилаб қоламиз.

Яратган жаннат макон юртимизни тинч-омон айласин.

 

Кенжабек Солиев,
Чуст туман "ҒойибЭронлар" жоме 
масжиди имом-хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг