
ИЙД ҚУРБОН МУБОРАК!
Аллоҳ таолога беадад шукрлар бўлсинки, яна бизни шундай улуғ кунларга Қурбон хайити байрамтга тинчлик-осойишталикда, соғ-саломатликда етказди! Бу кунда ҳамма, бою камбағал баробар хурсанд бўладиган кундир. Бу кунда Аллоҳ таолонинг кўплаб хайру баракаси ер юзидаги бандалари устига ёғилади. Зеро, мусулмонларнинг энг мўътабар байрамларидан бири Қурбон ҳайити нишонланмоқда.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларига мувофиқ байрам кунларида ўзаро меҳр-оқибатни, мурувватни, ҳамкорлик ва биродарликни яна ҳам кучайтиришимиз айни муддаодир. Шунингдек, бу муборак кунларда ота-оналаримизни, устозларимизни, қариндош-уруғлар, ёр-биродарларни, бемор ва муҳтожларни зиёрат қилиш, ҳол-аҳвол сўраш, уларга ҳадялар бериб, ширин сўзларимиз билан хушнуд этиш байрам кайфиятига янада қувонч бағишлайди.
Чунки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:
Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинди, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Бу кунларда қилинган яхши ишлар бошқа кунлардагидан Аллоҳ таолога суюклироқдир” (Имом Бухорий ривояти).
Шундай экан, айрим сабаблар билан ўзаро аразлашган гина-қудратли кишилар ҳам бир-бирларини муборак байрам кунида кечириб, ўзаро узрлар айтиб, бир-бирларига қучоқ очишлари лозим бўлади. Бу кун барчага қувонч улашиладиган кундир.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бу кунда янада меҳрибонроқ, шафқатлироқ бўлар, етим-есирлар бошини силар, қариялар, касалмандлар, кам таъминланганлардан хабар олар, уларнинг кўнгилларига ҳам байрам шукуҳини олиб кирар эдилар. Ҳадисда шундай марҳамат қилинади: Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади Русулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ўзи тўқ бўлатуриб, ён қўшниси оч бўлган киши комил мўмин эмас” (Имом Аҳмад ривояти).
Демак, атрофимиздаги қурбонлик қилишга қодир бўлмаган қўни-қўшниларимизни аҳволларидан хабар олиб, уларга қурбонлик гўштларидан ҳам улашишимиз имонимизни янада мукаммал қилувчи омил экан.
Мана жонажон юртимизга Қурбон ҳайити ҳам хотиржамлик ва осойишталикда кириб келди. Юртимиз бўйлаб бу байрамни жуда кўтаринки кайфиятда кутиб олинишга алоҳида эътибор берилмоқда. Бу ҳам бўлса, юртимиздаги тинчлик ва барқарорлик туфайлидир. Зеро, дунёвий ишларнинг ҳам бир маромда кетиши, охират ишларининг ҳам мукаммал ва ҳаловат билан адо этилишида тинчлик ва хотиржамлик неъматининг ўрни беқиёсдир.
Бугунги кунда баъзи мусулмон мамлакатларнинг фуқаролари турли фитналар оқибатида хузур-ҳаловатини йўқотган. Аллоҳнинг Ўзи бизнинг юртни бундай балолардан сақлаб келмоқда. Шаҳару қишлоқларимиз кун сайин кўркам ва обод бўлиб бормоқда. Ҳаётимизга беқиёс маъно ва мазмун олиб кирган “тинчлик” дея аталмиш бу бебаҳо илоҳий неъматни қадрига етиш, унинг шукрини қилиш, асраб-авайлаш –барчамизнинг бурчимиздир. Зеро, Аллоҳ таоло марҳамат қилиб бундай дейди:
“Ким шукр қилса, бас, албатта у фақат ўзи учун шукр қилур. Ким ношукурлик қилса, бас, албатта, Раббим (ҳамма нарсадан) беҳожат ва карамлидир”. (Намл сураси, 40-оят).
Ватан тинч бўлса, келажак авлод осойишта яшайди, юрт обод бўлади, ўзи ва оиласи бахтли-саодатли ҳаёт кечиради ва тоат-ибодатлари ўз вақтида адо этилади. Демакки, ҳар бир инсон бутун жамият аъзолари учун муҳим бўлган тинчликни сақлаш йўлида ҳамкорлик қилиши – энг зарурий бурч ва вожиб амалдир. Тинчликни мустаҳкамлаш йўлида ҳар бир киши ўз бурчини сидқидилдан, ихлос ва эътиқод ила бажармоғи лозим. “Тинчликни асраш” деганда фақат қурол билангина эмас, балки керак бўлса сўз билан, улғайиб келаётган ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ватанга тош отувчилар ва иғвогарларга қарши ғоявий курашиш, огоҳлик ва ҳушёрликни оширишга даъват қилиш йўллари билан инсон ўз юртини, миллатини, халқини ҳимоя қилиши зарур! Бу ҳам имоний бурчга, мусулмон кишининг масъулиятига киради.
Дарҳақиқат, инсон учун берилган неъматларнинг ичида энг улуғи – тинчлик ва хотиржамлик эканлиги Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўплаб ҳадисларида баён қилинган. Салама ибн Убайдуллоҳ разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Сизлардан кимки ўз уйида хотиржамликда тонг оттирса, тан-жони соғ бўлса, ўша кундаги егувлиги бўлса, гўёки унда бутун дунё неъматлари жамланибди” (Имом Термизий “Сунан”ида ривоят қилган).
Яна бир бора барчаларимизга бу Ийди Қурбон байрами муборак бўлсин! Шундай фазилатли айёмда дуога қўл очиб, она Ватанимиз ва бутун дунёни тинчлик ва осудалик, халқимизни фаровон айлаб, кейинги йил Қурбон ҳайити кунларига соғу-саломатлик билан етиб боришни барчамизга насиб этишини сўраймиз! Аллоҳ таоло юртимизни бундан ҳам обод қилиб, халқимизнинг моддий ва маънавий бойлигини бунданда зиёда бўлиб боришини муяссар айласин!
Жобирхон Ҳалимхон ўғли,
Мингбулоқ тумани “Мулла Тожи Ахмад” жоме
масжиди имом хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022