Қоронғи режим
Image
Logo

КОСОНСОЙ БАРЧАНИНГ НИГОҲИДА

КОСОНСОЙ БАРЧАНИНГ НИГОҲИДА

Косонсой тумани 1926 йилнинг 26 сентябрида ташкил топган. Туманда боғдорчилик, сабзавотчилик, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва асаларичилик соҳалари ҳам кенг ривожланган. Туман ҳудудида 3 та сув омбори: Косонсой, Ертикан ва Қорасув сув омборлари мавжуд.

Косонсой нафақат бетакрор табиати, балки бир неча минг йиллик тарихи, қадимий ўтроқ деҳқончилик маданиятига хос хусусиятларни ҳамда 15 дан ортиқ миллат вакилларининг кўп асрлик бой миллий қадриятларини ўзида мужассам этган юрт сифатида ном қозонган.

Косонсой тумани ҳудудида кўплаб археологик ёдгорликлар мавжуд бўлиб, улар турли тарихий даврларга тегишли тепаликлар мажмуини ташкил этади.

Косонсой Республикамизнинг энг хушманзара гўшаларидан бўлгани учун ҳар йили давлатимизнинг турли ҳудудларидан минглаб ҳамюртларимиз ҳордиқ чиқариб, дардларига дармон топмокдалар.

Косонсой тумани ўзининг буюк алломалари билан башарият тамаддуни ривожига катта ҳисса қўшган. Хусусан, туманнинг турли ҳудудларида таваллуд топган жуда кўп диний ва дунёвий алломалар, давлат арбоблари ҳамда машҳур кишилар етишиб чиққан.

Абдуллоҳ Абдулҳамид Саъднинг “Ўрта Осиё олимлари” қомуси китобида кўҳна Косондан Х-ХVI асрларда етишиб чиққан ўн битта косоний тахаллусли фиқх донишмандлари, муҳандис ҳамда адабиётшунос олимлар зикр этилган. Жумладан, фиқх алломаси, қурроликда машҳур, ислом дунёсининг етук уламоларидан Абу Бакр ал-Косоний ва бошқа кўплаб косоний олим ва уламолар ўтмиш Шарқ халқлари маънавияти, маърифати ва тарихида жуда муҳим мавқега эга бўлганлар.

Туманда жуда кўплаб тарихий ёдгорликлари ва муқаддас қадамжолари, меъморлик обидалари ва зиёратгоҳлари мавжуд бўлиб, водийдаги энг машҳур ёдгорликлардан бўлган, XVIII асрда бунёд қилинган “Жоме масжиди”, эски Косон шаҳри ўрнидаги Муғ қалъа харобалари яқинидаги "Садпири Комил" қабристони, Шайхон қишлоғидаги XVIII асрга мансуб “Юсуфхон тўра мақбараси”, “Чинорбобо”, “Маҳдуми Аъзам” ҳазратларининг боболари ва падари бузрукворлари мақбараси, “Султон Малик Мербахш” мақбаралари шулар жумласидандир.

Бугунги кунда тумандаги 59 та маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси учун 18 та жоме масжид хизмат қилмоқда. Масжидларда намозхонлар учун қулай шароитлар яратиш мақсадида янги гиламлар тўшалган. Ободонлаштириш-кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилган. Масжидлардаги таҳоратхоналар санитария-гигиена талабалари асосида замонга мос ҳолда қайта жиҳозланиб, иссиқ ва совуқ сув билан таъминланган.

Келинг азиз мухлислар! Ҳафта давомида тумандаги диний соҳа ходимлари фаолиятини кузатиб боришда бизларга ҳамроҳ бўлинг!

Давоми келусида хабарларимизда...

 

Абдулҳай ТУРСУНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Наманган вилоят вакили

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг