
МУСТАҚИЛЛИК ОЛИЙ НЕЪМАТ..
Мустақиллик – ҳар бир юртдошимиз учун энг улуғ ва энг азиз саналган бебаҳо буюк неъмат, улуғ байрам. Унинг қадр-қимматини теран идрок этиш ва асраб-авайлаш, янада мустаҳкамлаш учун чин юракдан хизмат қилиш, озод ва обод юрт фарзандлари бўлган ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз, инсонийлик вазифамиздир.
Мустақил юртнинг бахтиёр фуқароси ва самарали ислоҳотлар жараёнинг иштирокчиси сифатида, истиқлол йиллари, айниқса охирги уч йиллик таҳлилига назар солар эканман, ҳар қадамда бунёдкор халқимиз билан бамаслахат олиб борилаётган улкан яратувчанлик ишларининг гувоҳи бўлиб, қалбим чексиз фахр-ифтихор ва илҳомга тўлади.
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллиги – бугун меҳри дарё, қалби уммон, меҳнаткаш ва меҳмондўст, тинчликсевар халқимизнинг эзгулик ва тараққиёт йўлидаги интилиш ва изланишлари самараси, юксак маънавий ютуғи хисобланади
Мустақиллик чин маънодаги эркинлик ва тинчлик, озод ва обод Ватанда фаровон ҳаёт кечириш бахту - саодати. Демак шундай экан Ватан бу юксакликлар сари етаклайдиган илоҳий куч-қудрат манбаи. Муқаддас бойлик бўлмиш тинчлик, юксак фазилатлардан бағрикенглик, жаҳон ибрат олгуси буюк тарих, пок иймон-эътиқот, илмга таяниб иш тутиш ва улуғ келажакни яратиш каби маънавий юксалиш ғоялари жаннатмакон юртимиз чин маънодаги саодат маскани эканлигидан далолатдир.
Бишр Хофий шукр ҳақида: «Аъзоларидан фақат тили билан шукр қилган кишининг шукри ноқис бўлади. Чунки кўзнинг шукри бирор яхшилик кўрганда унга қараш, ёмонликни кўрганда, юмиш. Қулоқнинг шукри яхшиликни эшитганда ёдлаб олиш, ёмонликни эса унутиш. Қўлларнинг шукри улар билан ҳаққи бўлган нарсалардан бошқа нарсани ушламаслик. Меъда (қорин)нинг шукри ҳалол нарсалар билан озиқланиш. Ақл ва қалбнинг шукри илм ва ҳилм билан зийнатланиш. Оёқларнинг шукри эса яхшиликдан бошқа йўлда юрмаслик. Ким мана шуларни бажарса, ҳақиқий шукр қилувчилардан бўлади», дейди. Энди бироз тафаккур қилиб кўрайлик, биз бу кўзлар билан илоҳий қудратни томоша қилиб, қанчалик шукр қила олдик? Шаҳвоний ва нафсоний манзараларни томоша қилиб, қанчалик гуноҳкор бўлдик? Қулоқларимиз ваҳий, суннат, ҳақ ва яхшиликка қулоқ солдими? Ёки беҳуда, маъносиз нарсаларни эшитиб, бу неъматни зое қилдикми? Танамизнинг қувватини қаерга ёки нимага ишлатдик? Уни яхшиликлар учун сарф қилдикми ёки у билан ҳаром ва макруҳларга мубтало бўлдикми? Шу саволлар охиратда дунё ҳаётидаги қилган амалларимиз билан юзма-юз келишимизни унутмасликни тақозо этади.
Диннинг ярми... Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Иймон икки қисмдир: ярми сабрда, ярми эса шукрда», деб марҳамат қилганлар (Байҳақий ривояти).
“Шукр” сўзи аслида миннатдор бўлиш, раҳмат айтиш маъноларида бўлиб, неъматларни ёлғиз Аллоҳ таолодан деб билиш ва У рози бўладиган тарзда сарфлашни англатади. Барча неъматлар Аллоҳ таоло томонидан берилиши ва уни саноғини бандалар ҳисоблай олмаслигини марҳамат қилган. “…Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангиз, саноғига ета олмайсизлар…” (Иброҳим -34 оят).
Қуръони каримдаги “Роббингизнинг (бу сўзлар)ни эсланг: “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир” (Иброҳим -7 оят).
Илоҳим бу мустақиллигимизга кўз тегмасин. Фарзандларимиз бу улуғ неъматни қадрига етиб бутун дунёда ватанимиз шанини кўкларга кўтаришларини Аллоҳ насиб этсин.
Акмалхон Саппанов,
ЎМИнинг Янгиқўрғон тумани вакили
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022