Қоронғи режим
Image
Logo
МУСТАҚИЛЛИК-БУЮК НЕЪМАТ

МУСТАҚИЛЛИК-БУЮК НЕЪМАТ

Аллоҳ таолонинг улуғ неъматларидан бўлмиш истиқлол шарофати туфайли эл юртимиз узра хуррият ва файзу барокат таралди. Халқимиз ўз хаётини буюк аждодларимизга муносиб тарзда ўтказиш имкониятига эга бўлди. Муқаддас динимиз ботил мафкуралар ва дахрийлик тазйиқидан халос топди. Диний ва миллий қадриятларимиз қайтадан равнақ топа бошлади. Табиийки, инсон қаерда дунёга келган бўлса, ўша ер унинг учун азиз ватан хисобланади. Киндик қони тўкилган жой инсон учун хеч нарсага алмаштириб бўлмайдиган хамма нарсадан ҳам қимматли даргохдир.

 Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хазрати Абу Бакр р.а билан мадина шаҳрига хижрат қилиб шаҳардан чиқиб кетаётганларида орқаларига ўгирилиб Макка шаҳрига қараб:”Эй менинг азиз ватаним Макка агар сенинг қавминг мени сени тарк этишга мажбур этишмаганида эди мен хеч қачон ўз ихтиёрим билан сени тарк этмаган бўлар эдим”-деганлар. Демак ватанни севиш уни соғиниб яшаш инсоният табиатида мавжуд бўлган хис туйғудир.

Мустақиллик мустабид тузум даврида топталган диний қадриятларимизнинг ривожланиши учун кенг йўл очиб берди. Хусусан буюк аждодларимизнинг бебахо асарлари ўрганилиб, уларни она тилимизга таржима қилишдек имкониятларга эга бўлдик. Ўтган йиллар давомида хадис, тафсир, фиқҳ, ислом тарихи ва маданияти хамда фалсафага оид ўнлаб йирик тадқиқотлар амалга оширилди. Турли мавзудаги диний адабиётлар, юртимизда яшаб ижод қилган буюк алломаларимизнинг илмий мерослари нашр этилиб, кенг оммага тақдим қилинди. Қуръони карим ва хадис тўпламларининг таржимаси ва шархлари бу сохадаги энг мухим ютуқларимиздан бўлди.

Халқимиз барча сохада эмин эркин саъй харакат қилиш имкониятига эга бўлгани каби динимиз кўрсатмаларини хотиржамлик ила адо этиш бахтига муяссар бўлдилар. Минглаб масжидлар очилиб, мўмин мусулмонлар ихтиёрига топширилди, ўнлаб диний таълим муассасалари барпо қилиниб, у ерда ёшлар диний ва дунёвий фанлардан тахсил олмоқдалар.

Авваллари хашар йўли билан қурилган масжидлар бугунги кунда янада мустахкам холда қайтадан ва янги жойларга қурилмоқда.

Мустақиллик шарофати билан бир қанча зиёратгохлар таъмирланиб Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфига топширилди.

Агар биз мана шу ато этилган Аллоҳнинг неъматларига шукр қилиб, зиммамиздаги бурч ва вазифаларимизни адо этиб борсак, хақ субханаҳу ва таоло ўз неъматларини янада зиёда этиши муқаррардир. Бу тўғрида Аллоҳ таоло ўз каломида “Агар берган неъматларимга шукр қилсаларингиз, неъматларимни янада зиёда қилиб бераман....” деб хаба беради.

Шу кунларда ўттиз йиллиги нишонланаётган хур, озод ва обод она ватанимиз мустақиллигининг қадрига етиб ва бу улуғ неъматлари учун аллоҳ таолога шукроналар айтиб яшамоғимиз лозим бўлади. Барчамизнинг азиз ватанимиз саналмиш хур ўзбекистон диёри равнақига хисса қўшиб ва ватан олдидаги фуқаролик бурчларини яхши англаган холда хайрли ва савобли ишларни амалга оширишга харакат қилиб боришлик, халқимизни шукроналик кайфиятида яшашга, ёшларимизни миллий қадриятларимиз вам тарихимизни чуқур англаб уни қадрлашга, тарихда ўтган буюк аждодларимиз билан фахрланишлик билан бир қаторда уларга муносиб ворис бўлишга харакат қилиш хамда хар хил ножўя хатти харакатлардан сақланиш ва доимо огох бўлишга интилиш хар биримизнинг фуқаролик бурчимиз бўлиши билан бирга муқаддас динимиз кўрсатмаларига амал қилиш хамдир.

Жонажон ватанимизнинг равнақи йўлида хар биримиз муносиб улуш қўшишга харакат қилиб борсак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бизларга қолдирган васиятларига амал қилиган умматларидан бўлар эканмиз. Бу борада пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам хадисларининг бирида тинчлик хотиржамлик энг катта неъмат эканлигини таъкидлаб шундай деганлар: “Икки неъмат борки кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар, у-хотиржамлик ва сихат саломатликдир”.

Аллоҳ таоло юртимиз мустақиллигини мустахкам қилиб, халқимиз хаётини янада фаровон бўлишини насиб айласин. Ватанимиз тинчлигини, осмонимиз мусаффолигини бардавом қилсин!

Камолиддин Хамроқулов,
 Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Норин тумани вакили

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг